Амир Темурнинг бош қўмондони – амирул-умаро Жаҳоншоҳ Баҳодур тарихи

Амир Темурнинг бош қўмондони – амирул-умаро Жаҳоншоҳ Баҳодур тарихи
80 views
31 December 2018 - 7:00

АМИР ТЕМУРНИНГ БОШ ҚЎМОНДОНИ – АМИРУЛ-УМАРО ЖАҲОНШОҲ БАҲОДУР ТАРИХИ

Амир Темурнинг энг машҳур саркардаларидан бири унинг дўсти ва сафдоши бўлган амир Жаку Барлоснинг ўғли Жаҳоншоҳ Баҳодурдир. У жаҳонгирлиги ва жангларда кўрсатган жасоратлари учун қўшин бош қўмондони-амирул-умаро даражасигача кўтарилган.

Жаҳоншоҳ Баҳодур дастлаб Сулаймон Барлос, амир Мусо Барлос, амир Жалолиддин, амир Ҳиндука Барлос , амир Ўлжойту, Шайх Муҳаммад Баён каби кўплаб саркардалар қаторида Амир Ҳусайн томонида туриб унга қарши олиб борилган жангларда иштирок этган.

Муиниддин Натанзий Амир Темур билан Амир Ҳусайн ўртасидаги муҳорабада “Амир Мусо, амир Ўлжойту ва Шайх Муҳаммад Баён бошчилигидаги қорауннас лашкарлари манғлойи қарийб йигирма минг отлиқлардан иборат қисм билан Булунғур сувига келиб тушган. Амир Ҳусайн Малик Баҳодурни Сўзангарон йўлини қўриқлаш учун юборган. Жаҳоншоҳ бир ярим минг отлиқ билан Работи Маликда ўрнашди. Хирман Баҳодурни Жиззах йўлини тўсиб қўйиши учун бир минг отлиқ қўшин билан жўнатди ”,-дея Жаҳоншоҳ Баҳодурнинг номини илк бора эслатиб ўтган. Шу жангда Амир Темур оз сонли қўшини билан ғалабага эришади.

Амир Темур бўлган Жета ҳукмдорлари ва Амир Ҳусайннинг узоқни кўра олмаслиги, мол-дунёга ўчлиги ва адолатсизликлари туфайли уларнинг кўп лашкарбошилари Амир Темур томонга ўтган.

Жаҳоншоҳ барлос Нишопур , Мозандарон, Қандахор, Исфаҳонни забт этишда, Табриздан Султон Аҳмад Жалойирни қувиб чиқаришда катта жасоратлар кўрсатган.

Жаҳоншоҳ Баҳодур Амир Темурнинг шахсан ўзи иштирок этмаган кўпгина юришларни ҳам бошқарган ва йирик ғалабаларни қўлга киритганди. Қандаҳорни олишда Жаҳоншоҳ Баҳодур, Мубашшир ва Искандар Шайхийга алоҳида ишонч билдирилган ва уларга эътибор, иззат-икром кўрсатилган.

Жаҳоншоҳ Баҳодур, Мубашшир Баҳодур, Искандар Шайхийлар Амир Темурнинг амрига мувофиқ ўз қўшинлари билан шаҳарга аввал етиб келиб жанг бошлайдилар. Жаҳоншоҳ Баҳодур Қандаҳорни забт этаркан, доруғасини тутиб, Амир Темур олдига олиб келади. Унга хос бўлган тезкорлик, қўшинни турли томондан ёпириб душмиан устига ташлаш, душманга имкон қолдирмаслик каби хусусиятлар хос бўлган. Шарафиддин Али Яздий Амир Темур “Жаҳоншоҳ Жокуни мақтаб, лутфлар қилди ва уни черик била Калот ҳисорига йибарди ” дея унга кўрсатилган ҳурмат-эътиборни алоҳида кўрсатиб ўтган. Кавказдаги юришлари пайтида Жаҳоншоҳ Баҳодур Лакзлар ерларини ишғол этган . Бу матонатли саркарда туркманлар ерини ҳам шиддат ва матонат билан ишғол этган . Ўша пайтда унинг номи Шарқда машҳур бўлган ва душманлари унинг номини эшитганда титрар даражада жанг усулига эга бўлган стратег саркарда бўлган.

Алинжақ қальасини қўлга киритиш пайтида Амир Темурдан “Жаҳоншоҳбек Аланчуқ қальасининг ишини Султон Санжар ва Ҳожи Сайфуддинбекка ва Мирзо Мироншоҳларнинг мулозимларига топшуруб, ўзи амирзода Муҳаммад Султоннинг кейинида Форс вилоятига борсун!”деб амри фармон берган.

Мўғулистон хони Қамариддинга қарши қақшатқич зарба беришда жонбозлик кўрсатган. Шарафиддин Али Яздий Жаҳоншоҳга Амир Темурнинг ишонгани ва унга энг мураккаб вазифалар топширилганини алоҳида таъкидлаб ўтган . У агар бу беклар ҳақида гапирсам узундан-узун ҳикоя бўлади, деб уларнинг қилган ишлари кўп эканлигини айтиб ўтганди.

Амир Темур кўпгина ерларни забт этишда шахсан ўзи иштирок этмаган, ўзи ишонган лашкарбошилари орқали юришларни бир неча нуқталарда олиб бораверган. Шу лашкарбошиларнинг энг олдинги қаторларида Жаҳоншоҳ Баҳодур турган.

Баъзан Жаҳоншоҳ Баҳодур мушкул аҳволга тушиб қолганда ҳам совуққонлик билан шошилмасдан, қайсарлик билан жангни олиб бориш тактикаларини ишлаб чиққан ва доимо ғалабага эришган. Хусусан, у Муҳаммад Миракнинг ёғийлигига қарши юришга тушган пайтда йўлда унга қарши яна бир хавфли куч пайдо бўлади. Шарафиддин Али Яздий Буролдай элининг душманлиги Жаҳоншоҳни анча қийин вазиятга тушибир қўйганини ва бу ҳолат бўйича хабаргирлар орқали Амир Темурга арз қилганини ҳикоя қилган. Бу шароитда ҳали кучлар етиб келиб улгурмасдан у оз сонли лашкари билан кўп сонли душманлар билан юзма-юз келади ва шиддати, тўғри тадбири, Амир Темурдан олган билими ва сабр-бардоши билан ушбу жангда ғалаба қозонади. Улар Бағлонга етиб, душманларни даъф этади. Шундан кейин тоғда ҳисорда ўтирган, тиш-тирноғигача қуролланган Муҳаммад Миракка қарши юришни бошлайди. Амударё ёқасида хожа Юсуф, Пир Али Тоз қўшинлари ҳам Жаҳоншоҳ Баҳодурга келиб қўшилиши керак эди, аммо улар етиб келиб улгурмайди. Улар дарёга сол ташлаб нариги соҳилга ўтиб оладилар. Буролдай эли ва Боязиднинг уч минглик қўшини 60 кишилик Жаҳоншоҳ қўшинига ҳамла уюштирадилар. Шу шароитда ҳам Жаҳоншоҳ қочишни ихтиёр этмасдан, қўрқмасдан ва қаттиқ азму жазм билан, қўшинни руҳлантириб, худога таваккал қилиб, Соҳибқирон Амир Темурга садоқатини изҳор этиб сувга орқа бериб, қалқонларини бошларига тортиб мардонавор жангга киради. Тун бўйи то тонг отгунга қадар ўртада ўқлар ёмғири ёғдирилади, қилич ва гурзи ишлатиб жанг давом этади. ва душманни тумтароқ қочишига сабаб бўлади. Жаҳоншоҳ Баҳодур 60 қўшини билан 3000 қўшин сафларини бузиб ташлаган ва ўзи омонда қолган буюк лашкарбошидир. Шу пайтда Хўжа Юсуф бир навкарини сувдан синож билан ўтказиб Жаҳоншоҳ Баҳодурга хабар юборди: “Мардона бўлунгларким, Мунк черики билан етайим”. Жанг қизиган пайтда Пир Али Тоз ва Хўжа Юсуфнинг юз кишилик аскари билан сувдан кечиб ўтиб жангга ташландилар. Тонг отганда уч минг кишилик қўшин тумтароқ бўлиб қочади.

Шу воқеадан кейин Жаҳоншоҳ Баҳодур Қундузда бўлди, у ердан Ҳиндикуш тоғидан ўтиб Қобулга келди. Бу пайтда Амир Темур Хоразмда юришда эди (1388).

Амир Темур Абу Саъиднинг душманлиги ва унинг Буролдай эли билан бирлашганини эшитгач Амир Темур Жаҳоншоҳга ёрдам кучларини юборган ва душман кучлари батамом синдирилган.

Жаҳоншоҳ Баҳодур Жета юришда ҳам фаол қатнашган. “Йарлуқ бўлдиким, “ амир Жаҳоншоҳ ва Уч Қаро Баҳодур ва ўзга беклар ўттиз минг киши билан отланиб Иртишқа душманларини истагани борсунлар ”.

Амир Темур Жета юришидан 1389 йилда Самарқандга қайтган ва Жаҳоншоҳ Баҳодурни қўшинга бош қилиб қолдирган .

1390 йил баҳорида Амир Темур Амир Темур Тўхтамишхон масаласини кўриш ва қарор қабул қилиш учун Кеш вилоятинин Оқёр мавзесида қурултой чақиради. Бу қурултойга “Ҳар вилоятдин ва тумонот ва ҳазорижотнинг беклари ва вилоятларнинг даруғулари ҳозир бўлсун” деган фармони олий бўлади.

Шарафиддин Али Яздий бу қурултойда Амир Темурнинг лашкарбошиларидан Ҳожи Сайфиддинбек, амир Жаҳоншоҳ Жоку ва амир Шамсуддин Аббосларнинг номини алоҳида тилга олиб, улар подшоҳона пешкашлар тортгани ва тўй бергани ҳақида маълумотлар келтирган. Демак, улар салтанатдаги энг нуфузли шахслар ҳисобланганлар.

Шарафиддин Али Яздий Муҳаммад Султоншоҳ, Сайфиддинбек, амир Жаҳон Жаку (Жаҳоншоҳ Баҳодур)дан Амир Темурнинг хурсандлигини, уларнинг ишларидан хушвақт бўлганини кўп бора таъкидлаб ўтган.

1391 йилдаги Тўхтамишхонга қарши олиб борилган жангда ҳам Жаҳоншоҳ Баҳодур катта матонат кўрсатган. Ҳожи Сайфуддин барчадан аввал Тўхтамишнинг чап қўл қўшинига қарши жангга кирган. Тўхтамишхоннинг қўшини кўпчиликни ташкил этган, улар Сайфуддинбекни ортидан кириб ўраб олишни ният қилганда Жаҳоншоҳ Баҳодур қўшини билан кириб душман режасини барбод қилади ва душманни ортга суриб ташлайди.

1395 йилдаги Тўхтамишхон билан бўлган жангда ҳам Жаҳоншоҳ баҳодур қаттиқ жанг қилган ва матонат кўрсатган.

Хожа Сайфиддинбек мана шу жангда пиёда жанг қилишига тўғри келган ва ёпирилиб келган отлиқ душманларни ўқ ёмғири билан яқинлаштирмай турган. Бу ҳолатнги кўрган Жаҳоншоҳ ўзининг туман қўшини билан Тўхтамиш қўшинига ёндан зарба берган. Унинг шиддати, тезкорлиги ва жанг усулларига ҳеч бир душман дош бера олмасди. Сайфуддинбек ва Жаҳоншоҳ Баҳодур бирлашиб қўшиннинг сўл қисмини суриб ташлайдилар ва уларни мағлуб этадилар. Амир Темурнинг саркардалари Жаҳоншоҳ Баҳодур ва бошқалар жанг саҳнасини яхши тушунган ва улар қаерда ва қандай ҳолатда жанг қилишни вазият тақозосига кўра белгилаганлар. Аслида Амир Темурнинг шахси ортидаги шон-шавкатларда Амир Темур танлаган ана шу лашкарбошилар тарихи туради. Кадрларни жой-жойига қўя олиши унинг улуғлигига ва буюк ҳукмдорлигига далолатдир.

Жаҳоншоҳ Баҳодурнинг Басра, Гуржистон, Ҳалаб ва Дамашқни забт этишда, Олтин Ўрдага қарши курашларда, Ҳиндистон юришлари, Анқара жангида, Бурсанинг фатҳ этилишида ҳам катта матонатлар кўрсатган.

Деҳли волийси султон Маҳмуд билан жангга кирганда жаҳоншоҳ баҳодур қўшиннинг сўл қисмида Ҳусайн баҳодир, амирзода Халил Султон, Ғиёсиддин Тархонлар билан бир сафда турган. Орада шиддатли жанг бўлади, Жаҳоншоҳ Баҳодур душман қўшинини дарвозага яқин боради, қул ва манглай қисмдан Рустам Баҳодир, амир Шайх нуриддин ва Шоҳ Малик ва Аллоҳдодлар душман марказини ўраб оладилар. Шиддатли жангда Амир Темур қўшини қўли баланд келади ва Султон Маҳмуд билан Маллухон оз сонли кишилари билан қочиб шаҳар ичига кириб олади, алалоқибат мағлуб этилади.

Ибн Арабшоҳ Дамашқ ва унинг қальа ҳисорини олишда кўрсатган хизматларини алоҳида кўрсатиб ўтган. Хусусан, Дамашқ қальси муҳосарасига бошлиқ этиб Жаҳоншоҳ Баҳодур тайинлангангани ҳақида маълумот бериб ўтган . “Амир Темур ўзининг улуғ амирларидан бири Жаҳоншоҳ деб аталувчи амири зиммасига (Дамашқни забт этиш вазифасини-Ш.Ў) юклади. Натижада, Жаҳоншоҳ бунга кафил бўлиб, унинг билан машғул бўлди. У қальа қаршисига манжаниқлар ўрнатди. Ва унинг остидан лаҳмлар қазиб, деворларга илгаклар ташлади ”.

Қальа мустаҳкам бўлиб, уни олиш учун жуда катта куч, саъйи-ҳаракат, шиддат ва тадбир керак эди. Қирқ уч кун деганда қальа қўлга киритилади.

Ибн Арабшоҳ қальанинг устига Амир Темур жангчилари ёпирилганда улар юқорию пастдан, ўнгу сўлдан келиб душманни сиқа бошлагани, уларнинг шиддати, жанг ҳаракатларига қаршилик кўрсатишдан қальа жангчиларининг қўллари чарчаганини алоҳида айтиб ўтганди. Ростдан ҳам бу каби жанг усулларини ҳали олам халқи кўрмаган эди. Қальа аҳли ўтакаси ёрилиб жон ҳолатда Амир Темурдан омонлик тилаб ҳеч бир иккиланмасдан қальадан тушдилар .

Амир Темур набираси Умар Баҳодурни 1404 йили 6 апрель куни Ироқи Ажам, Озарбайжон, Аррон, Муғон, Армания, Гуржистон мамлакатлари ва уларга ёндош элларни бошқариш учун тайинлаганда Жаҳоншоҳ Баҳодурни у билан бирга юборган. Ул мамлакатларнинг ҳал қилиш ва маън этиш, эгалик қилиш ва кенгайтириш ишларини уларнинг ихтиёрига топширган .

Бундан кўринадики, Жаҳоншоҳ Баҳодур нафақат йирик лашкарбоши ва саркарда, балки давлат бошқарув ишларини ҳам пухта билган, замона вазиятларини яхши англаган, билимли ва тажрибали доно раҳбар ҳам бўлган. У ҳеч қачон Амир Темурга хиёнат қилмаган, у буюрган ишлардан бўйин товламаган, ўзига топширилган ишларни доимо маромига етказган садоқатли ҳарбий қўмондон бўлган. Амир Темур Жаҳоншоҳни амизода Умарга ҳамраис қилиб қўяр экан, у ердаги хавфсизлик ва мудофаа ишларини ташкиллаштиришни унга ишонгани кўринади. Айни пайтда Жаҳоншоҳ Баҳодур Амир Темур давлати хавфсизлик тизимининг йирик мансабдори, буюк генерал вазифасини бажарган.

Бундан кўринадики, Жаҳоншоҳ Баҳодур Амир Темурнинг энг ишонган лашкарбошиси бўлган ва унга ишониб энг йирик жанглар ва қальалар топширилган.

У Ўрта Ер денгизидан Иртиш дарёси бўйларигача ерларни ўз ичига олган ҳудудларда ўнлаб жангларда Амир Темур қўшинида хизмат қилган ва унинг ғалабаларини таъминлашда жонбозлик кўрсатган.

XIV аср охирида саркарданинг Олтин Ўрда қўшинларини тор-мор қилиши Россия Давлати шаклланиши учун катта ижобий рол ўйнаган. Ўнлаб жангларда ғолиб чиққан Жаҳоншоҳ, сиёсий фитна туфайли ўзининг яқин дўсти томонидан ўлдирилади.

Хўжа Сайфиддин, Муҳаммад Султоншоҳ, Усмон Баҳодир, Шайх Нуриддин бек, Сулаймон шоҳ, Худойдод, Бердибек, Шамсуддин Аббос, Амир Шоҳмалик, Шоҳ Малик, Менглихўжа, Ғиёсиддин Тархон, Амир Шайх Арслон, Севинчак баҳодир, Темур Хожа Оқбуға ва бошқа кўплаб саркардалари бўлган. Амир Темур қўшинида жами 313 амир бўлган бўлиб, улар 12 табақа бўйича амал зинасидан кўтарилиб борган. Биринчи даражали амир 1000 кишига, иккинчи даражали амир 2000 кишига. Яъни иккита амирга, учинчи даражали амир учта минликка, яъни учта биринчи даражали амирга бош бўлган ва шу алфозда улар кўтарилиб бораверган. 10.000 қўшин бошлиғи туманбоши дейилган. Амир Темур қўшинида қўшинида 4 та нуфузли бекларбеги мансаби бўлган, қўшиннинг бош қўмондони амирул умаро деб аталган.

Умуман олганда, Амир Темурнинг турли подшоҳлар билан олиб борган урушлари, жанг тактика ва стратегиялари, қўшинида матонат кўрсатган, Амир Темурнинг ғалабаларини таъминлаб берган нуфузли саркарда ва баҳодирларнинг тарихини ўрганиш бугунги кунда долзарб масаладир.

Шоҳиста Ўлжаева, тарих фанлари доктори

facebook.com