Хотира кечасига сиғмаган хотиралар ҳақида

Хотира кечасига сиғмаган хотиралар ҳақида
41 views
31 December 2018 - 11:19

Душанбеда Асқар Маҳкам таваллуди 60 йиллиги муносабати билан хотира кечаси ташкилланишини эшитиб қувондим. Бунгача Хўжандда янги ташкил топган Ўзбек филологияси факультетида Асқар Маҳкам хотирасига бағишланиб иккита тадбир бўлиб ўтди. Бу тадбирлар Асқар Маҳкамга у севган Хўжанднинг самимий эҳтиромидир.

Йўлга отланар эканман, мен Асқар Маҳкамни қандай таниганим ва у ҳақдаги хотираларни иланг-биланг тоғ йўлларида, машинадан ташқарига қараб, ўйлаб кетдим. Душанбега етдим. Аммо Асқар Маҳкам ҳақидаги хотиралар охирига етолмадим. Асқар Маҳкам ҳақидаги хотираларни яшаб, Душанбега душанбе куни оқшомидан тун оралаб кириб бордим.

Тожикистон ёзувчилар иттифоқи кичик залида Асқар Маҳкамни таниган, билган дўсту ёрлар, қавму қариндошлари, оиласи – Маҳмула опа ва ўғиллари

йиғилган экан. Хўжанддан филология фанлари номзоди, доцент Ю Шоназаров ва мен келганмиз. Тошкентдан шоирнингсабоқдош дўсти Одил Икром ва юртдоши, укахони, “Миллий тикланиш” газетаси бош муҳаррир ўринбосари Исмат Худоёр келишибди. Мен негадир курсдош дўстлари келишидан умидвор эдим. Чунки курсдош дўстлари Асқар Маҳкамнинг ўт олов даври – ёшлиги ҳамроҳлари эди. Аммо… афсус…
Хотира кечаси бошланди. Даврани Тожикистон ёзувчилар иттифоқи раиси Низом Қосим очди ва бошқарди. Низом Қосим эътирофига кўра, у Асқар Маҳкамни жуда яхши танир экан. Уни бу бутун кеча давомида тез-тез эслади. Бу кўнгилга қандайдир ёқимли бир шабада берди.

Мен давра аҳлига назар ташладим. Кимни танийман, кимни танимайман. Аммо бир нарса муҳим эди. Биз ҳаммамиз Асқар Маҳкамни танирдик…

Дастлаб сўзга чиққан “Халқ овози” бош муҳаррири Ёқубжон Абдуманонзода шоир ва таржимон Асқар Маҳкам ҳақида, унинг айни шу газетада олиб борган журналистик фаолияти ҳақида қисқа гапириб ўтди. Кейинги нотиқ доцент Ю. Шоназаров шоир ижодининг муҳим қирраларини бахоли қудрат очиб беришга ҳаракат қилди. Мен уни тинглар экан, унинг ўрнида мен гапирганимда нималарни айтган бўлардим деб ўйладим. Мен қуйидагиларни гапиришим мумкин эди: Асқар Маҳкам шеърияти табиий олмосдир. У ўзини мажбур қилиб шеър ёзмаган. Буни у ёзган шеърлар айтиб туради. Шеърлари ўз даврининг фаол фикрловчи инсони қалбидан кечган кечинмалар исёнидир. У давр ижтимоий иллатларига ички исёнини ўз шеърларида ифодалагандир. Асқар Маҳкам шеърияти том маънода табиий олмосдир. Ишланмаган. Мабодо ишланса, синиб, уқаланиб кетиши мумкин. Шунинг учун унинг шеърларида баъзан Асқар Маҳкамга хос бўлган қўполлик(кимгадир фаҳш сўз бўлиб туюлган мисралар ҳақида гап) ижтимоий-маиший турмуш бедодликларига, маънавий қашшоқликка қарши шеърий исёнлардир. Негадир мен Асқар Маҳкам ўз шеърларини бир марта ёзган. Айрим “наққош шоир”лар каби сўзлари бураб, айлантириб, шеър ясамаган. Ёки айрим “қасоскор шоирлар” каби шеърини кимдандир ўч олишга қаратмаган. У жамиятнинг кўмир каби қоп-қора иллатлари ичида ўз олмосини яратган яъни табиий шеърларини ёзган деб ўйлайман. Асқар Маҳкам ўзбек шеърияти деган катта даргоҳга “буви”сини олиб кирди. Опаси Латофатни олиб кирди. Ўзининг болалиги шарқираб оқаётган Кофарниҳонни олиб кирди. Ўзига қараб интилаётган Асқарни олиб кирди. Ва Асқар Маҳкам шеърияти катта ўзбек шеърияти Кофарниҳон бўлиб оқмоқда.

Қодирийшунос Ю.Шоназаров Асқар Маҳкам билан қисматдошлигни бот-бот эслар экан, шоир ҳаёти ва ижодини қамраб олган китоблари нашрини давра аҳлига тақдим этди.

Кейинги нотиқ шоир ва таржимон, шоирнинг сабоқдош дўсти Одил Икром шоир ҳақида мулоҳазаларини баён этар экан, уни “Оилапарвар” эди дея Асқар Маҳкам фазилатлари бир қиррасини кўрсатиб ўтди. Дарҳақиқат, Асқар Маҳкам “оилапарвар” инсон эканини бу ерга келган унинг рафиқаси ва фарзандлари бу ердаги иштирок билан исботлаб туришарди. Қолаверса, кеча сўнггида ўз миннатдорчилиги изҳор этган Маҳмула опа Асқар Маҳкамнинг том маънода оилапарвар ва чинакам мусулмон оила бошлиғи эканини эътироф этди.

“Дўстим ҳақида хотираларни сўзлаш менга оғир…” деб сўз бошлаган шоир Неъмат Иброҳим шоир таржималари ҳақида гапириши керак эди. Неъмат Иброҳим таржималар ҳақида шунчаки гапириб ўтиб кетди, назаримда. Мен унинг ўрнида бўлганимда нималарни гапирардим саволи яна хотираларни титкилади.

Асқар Маҳкам билан 2004 йил ёзида танишган бўлсак-да, унинг билан самимий суҳбатлар – Тошкентда, 2004йилнинг 17декабрида бўлиб ўтганди. Мен Би-би-смжаҳон хизмати конкурсига иштирок учун боргандим Тошкентга. Асқар Маҳкам шу конкурс жюри аъзоси экан. Конкурс ўтгач, бир хўжандлик шоирнинг қўлёзмасини кўтариб олиб(хизмати холис, Тошкентдаги бир шоирга сўзбоши ёздиргани) Асқар Маҳкамдан шу шоирни сўроқлаб топиб беришни сўрадим. Ўша кезлар у Фалсафа жамиятида ишларди. Кабинетидаги шкаф полкаларидан мен китобпарастга у янги нашр қилинган китоблардан совға қилди. Шу ерда мен унинг Румий “Маънавий маснавий”сидан қилган таржималари хусусида ўз фикримни айтдим. У мени соме бўлиб тинглади. Менинг ўзига хос эътирозларим тугагач, у деди: “Афсус, бу гапларни олдинроқ эшитмагандим. Тўғри, мен шарҳларни ажратмаганман. Асли ажратиб, бу фалончиники, буниси меники десам яхши бўлар экан. Аммо энди бунга фурсат йўқ. Мен наср билан бандман. “Маснавий” таржимасина кейинроқ қайтаман…”
Сўз навбат шоир Шодмон Жўрага тегди. Шодмон Жўра қисқа хотира ёдловидан кейин шеър қироат қилди.
Давра бошловчиси Низом Қосим бот-бот Асқар Маҳкам заминий инсон эди. Унинг шу жиҳатларини гапиринглар деб давра аҳлига мурожаат қилиб турди.

Асқар Маҳкам, дарҳақиқат, заминийлардан-да заминий эди. Самимийдан кўра самимийроқ эди. Шоирнинг сабоқдош дўсти Одил Икром ижодкор шахси ва унинг ижоди ҳақида гапириб ўтар экан, Асқар Маҳкам шахси ва ижоди бир хил тенгликдаги ноёб шасхлардан бири эканини эътироф этди. Бу фазилатни мен шахсан гувоҳи бўлганлигим учун бу эътирофга эҳтиром кўрсатурман.

Асқар Маҳкам ҳақидаги Душанбе – Хўжанд йўлида ёдланган хотираларни эслашда давом этаман.

2004йил августида шоир Алижон Йўлдош 60йиллиги тантанасига Тошкентдан меҳмонлар келар экан миш-миши Асқар Маҳкамга тегишли эди. Алижон ака: “Мунаввара, Асқар келади. У билан таништириб қўяман. Зўр йигит у”, деб Асқар Маҳкам билан қандай танишганини айтиб берди. “Шу йигитни жуда яхши кўраман. Дангалчи. Ҳақиқатчи. Талабалигидан танийман. Тошкентга ишга келганидан кейин ойлик маошимни олардиму Асқарни кўргани Тошкентга жўнардим. “Пролетар тонги” муҳарририман. Эрталаб йўлга чиқиб, Тошкентда Асқарни топиб, чойхонада битта ошни еб, кечқурун уйга қайтаверардим. Соғинардим-да унинг суҳбатларини. Бир пайт уни оёғи бод бўлганини эшитдим. Рости, чидай олмадим. Шартта туриб бориб, Тошкендан Асқарни олиб келиб, физлечебницага ётқаздим. Унинг оёғи эмас, менинг оёғим оғриса яхшийди деб ўйлагандим ўшанда. Асқар зўр шоир. Зўр шоиримизни эса авайлашимииз керак”.

Тоғларга тушган қорларга тикилиб, Алижон ака юбилейида кўрганим – мағрур нигоҳли Асқар Маҳкамни кўз олдимга келтирдим. Хотиралар йўл лавҳалари оралаб жонланди. Ғўлакандоз қишлоғида колхоз меҳмонхонаси тўрида Асқар Маҳкам ва Исмат Худоёрлар азиз меҳмон мақомида ўтирибди. Ёнларида Ҳ. Жўраев(Халқ овозининг ўша пайтдаги муҳаррири), ҳожи Шариф Нуриддин, Бихалича Аҳмедова, яна мен таниган. танимаган бошқа меҳмонлар. Алижон ака мени Асқар Маҳкамга таништиришга тутинди, худди ўз қизини мактаб ўқитувчисига таништираётгна ота каби: “Асқаржон, бу Мунаввара, бизнинг шоира синглимиз…” Бир зум эсканкирадим. Унинг нигоҳлари ғамгиндай, юзлари сўлғиндек кўринди. “Яхши…Яхши…” Нигоҳларида мағрур одамнинг кундалик ташвишларданми, ё бошқа нарсаларми чарчоғи сезилиб турарди. Кейин юбилей бўлажак кошонага кетдик.

Алижон ака Асқар Маҳкам деса, кўзлари чақнаб, Асқар Маҳкам билан танишлигини тез-тез пеш қиладиганлардан ижирғанарди: “Асқарга ҳайронман. Шунинг кимлигини биладию, аммо барибир кенг феъллик билан шуни тинглайди-я”. Алижон акани чунон ҳурмат қиладиган Асқар Маҳкам ён атрофида кимлар борлигини яхши билишини кейинроқ англадим.

Алижон аканинг юбилейи тантаналари тугагач, бир гуруҳ бўлиб шоирнинг уйига кетдик. Шу ерда Асқар Маҳкамни мен кашф қилдим. У ёш бола каби кўнглига яқин инсонлар олдида яйрар экан. Алижон ака уйида у яйраб шеър ўқиди. Мастона бўлиб, қўлига рубоб олиб, қўшиқ куйлади.

Мен Асқар Маҳкамни танийдиганларнинг энг охирги бўғинига мансубман. Мен уни 2004йилнинг иссиқ ёз кунида танигандим.

Ўшанда шоир Алижон Йўлдошнинг 60 йиллик юбилейи эди. Йўқ, мен Асқар Маҳкамнинг ундан олдинроқ, мактаб партасида ўтирганимда, 10-синфда ўқиб юрган кезларим таниганман. Устозим Бахтиёр Файзуллаев мактабимизда ишга борган энг ҳароратли жўшқин адабиёт муаллими адабиёт дарсларида бот-бот Асқарали Маҳкамов деган шоир шундай деганди деб Асқар Маҳкам шеърларидан ўқирди. Кейинроқ талабалигимда Асқар Маҳкамга ўзини маслакдош билган талаба акаларим Алишер Нарзулло Ҳабибуллоҳ Дўст, Эркин Шукур, Ёқубжон Абдуманнон, Абдулла Насриддин, Абдулла Саидлар факультет ижодкор ёшлари ичида Асқар Маҳкам шеърияти тарғиботчилари бўлди. Улар Асқар Маҳкам босган издан кетаётган тожикистонлик ижодкор ёшлар эди мен учун.

Хотира кечада дўсту ёрлар ўз хотираларини айтмади. Билъакс улар Асқар Маҳкамни қандай инсонлигини айтишди, назаримда. Ҳолбуки, Асқар Маҳкам ижоди ва шахс бир чўққида бирлашган ижодкордир.

Ҳофиз қўшиғи ва ўқувчи қизлар қироати тугаб, шоир афиқаси маҳмула опа турмуш ўртоғи ҳақида, турмуш ўртоғининг заминий инсон экани исботловчи ҳаётий оилавий хотираларни ўртоқлашди.

Хотира кеча оёқлади. Давра бошқарувчиси шоир Низом Қосим хотирлар сўзлаши мумкин бўлган аммо сўзлаш навбати етмаган ўртоқлар, инчунин каминадан ҳам узр сўраб кечани якунлади.

Камина бу хотира кечада яна нималарни сўзлашим мумкин эди деб хаёлланаман. Асқар Маҳкам Кофарниҳонга фарзанд, Тошкентга побанд Хўжандга дилбанд эканини айтардим. Яна у Хўжандни бошқача суйишини, бу ерда у Маҳмуласини топганини, у шеърни топгани айтардим.

Хотира кечада сўзламаган бўлса-да сўзлаши мумкин бўлганларни айтардим. Олис Прагада дўсти, акаси Асқар Маҳкамни жону жаҳони билан яхши кўрувчи Садриддин Ашур хотиралари минглаб кечалардан ошиб қолишин айтардим. Хотира кечасини ташкиллаштиришда жонбозлик кўрсатган Эркин Шукур бевосита шоир билан қилган мулоқотлари, суҳбатларини айтиб тугата олмаслигин айтардим. Шоир Абдулла Зуҳур Асқар Маҳкамнинг ёшлиги, балоҳат даври, камолот даври ҳақида соатлаб гапириши мумкинлиги айтрадим.

Асқар Маҳкам ҳақидаги хотираларга ошнолигимнинг бир сири шундаки, унинг курсдошлари даврасига тақдир тақозоси билан 2006йилдан яқинман. Шулардан раҳматлик Бегмат ака(марҳум) Асқар Маҳкам ҳақида сўз кетганда: “Эҳ, Асқар Маҳкам!Унга шеър ёзишни мен ўргатганман. Кейин Асқар машҳур бўлиб кетди” деб самимий ҳазиллашарди. Абдужаббор ака: “Асқар мард эди…” деб бошларди хотираларини. “Асқар шеър ёзишни ҳам, шеър ўқишни ҳам бопларди…” деб хотираларни давом этириши мумкин Жўрабой ака. “Асқаржон бизда шеърга муҳаббат уйғотганди…” дерди Абдуманнон ака. “Биз биринчи курс талабаси. Асқаржон пахта майдонида қўлида Пушкин, Лермонтов, Есенинларнинг оригинал асарлари бўларди. У рус тилидаги бу шоирлар шеърларини таржималарга солиштириб ўқирди”, дейди унинг китобхонлигини ўзгача ҳавас билан хотирлаб Мавлонберди Суюнов.

Асқар Маҳкам Низом Қосим таъкидлагани каби заминий инсон эди. Курсдоши Мавлонберди Суюнов номзодлик ишини ҳимоя қилганида, у барча юмушини йиғиштириб, Хўжандга етиб келди.

Дўсти Садриддин Ашур Асқар Маҳкам ҳақида бир оғиз айтган эътирофни қаранг: “Асқар ака барчага баробар инсон эди. У оддий чўпониям соатлаб тинглаши мумкин. Ҳеч қачон одам ажратмас эди. Унинг уйини эшиги доим меҳмонга очиқ бўлган”.

Садриддин аканинг айтганларига қўшича шуки, Асқар Маҳкам суҳбатларда ўзини шунчалик табиий тутадики, беихтиёр унинг бу рафторини мен аристократлик ёки зодагонлик дегим келади. Чиндан у рафтори ва гутфори билан зодагон эди.

Шуларни битар экан, бундан беш йил олдин шоирнинг 55ёши баҳона Хўжандда ташкил этилган хотира кечани хотирладим. Жуда гўзал кечганди ўша хотира кечаси. Дўстлари курсдошлари унинг ҳақда жўшиб гапиришганди.

Хотираси тирик одам эса ҳеч қачон ўлмаслиги ўшанда англагандим.

Хотира кеча тугади. Давра аҳлининг маълум бир қисми бир пиёла чой устида яна Асқар Маҳкам ҳақида хотиралар ўртоқлашиш учун қолди. Мен қайтдим. Бир куну икки тун ораси Асқар Маҳкам ҳақидаги хотиралар дарёсида Душанбе Хўжанд оралиғида оқдим. Бир охирги бир гап Асқар Маҳкам катта ўзбек адабиётига Тожикистонда ҳам ўзбек шеърияти борлигини ўз шеърларини билан исботлаб берган шоирдир.

Душанбедан тун оралаб Хўжандга қайтдим.

Яна хотира кечаси китоби шерозасига бир битик. Агар шоир Алижон Йўлдош ҳаёт бўлганида шу хотирага кечага борармиди? Борарди!

Асқар Маҳкам хотиралари эса бугундан келажакка қараб Кофарниҳон бўлиб оқиб бормоқда.

Хўжанд- Душанбе- Хўжанд.
24-28.2018.

P.S. Асқар Маҳкам ҳақида хотиралар китобини тайёрлаш керакмикан?!!..

Мунаввара Ойматова

facebook.com