Олий Мажлис аъзоси депутатлик фойдасиз машғулот эканини тан олди

Олий Мажлис аъзоси депутатлик фойдасиз машғулот эканини тан олди
16 views
02 January 2019 - 9:41

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Расул Кушербаев ўзининг халққа фойдаси тегаётганидан амин эмас.

Бу ҳақда у Kun.uz нашрига интервьюсида гапирган.

Парламентнинг энг фаол депутатларидан бўлган Кушербаевнинг айтишича, у ўтган йили ўзига мурожаат қилган сайловчиларнинг ’30 фоизга яқиниэга ёрдам беролган, холос.

Унинг сўзларига кўра, фуқаролар барча инстанциялардан ўтгандан кейин, охирги умид сифатида депутатларга мурожаат қиладилар, аммо депутатлар ижро ҳокимияти олдида ожиз эканликларини билишмайди.

“Мурожаатларнинг 30 фоизга яқинини кетидан тушиб, маълум даражада ҳал қилганман. Доим ноқулай бўлади одамлар олдида ҳал қилолмаётганим”, – деган парламент аъзоси.

Кушербаевга кўра, унинг шу йил ўтадиган парламентга навбатдаги сайловларда қатнашиб-қатнашмаслиги номаълум.

У парламентдаги ислоҳотлардан қониқмаётгани ва “бошқа, фойдалироқ иш билан шуғулланиш” ҳақида ҳам ўйлаётганини айтган.

“Агар сиёсий партия номзодимни маъқулласа, қўйиш ҳақида ўйлаб кўраман. Лекин қўяман, деган юз фоиз якуний қарор йўқ. Нима учунки ман бу кетаётган темпдан қониқмаяпман. Ман бунақа…. нима дейди, имиллаб кетяпти-да кўписи… Бунақа секин, бунақа имиллаб кетиш.. негадир вақтни ўтказиб кетаётгандек бўляпти-да. Яхшиси бошқа, фойдалироқ иш билан шуғулланиш керакмикан “, – деган Кушербаев.

Расул Кушербаев ижтимоий тармоқларда фаоллиги билан танилган.

Аввалроқ у Фэйсбукдаги саҳифасида Тошкент пропискаси ҳақида фикр билдириб, мавжуд тартибнинг нотўғри эканини айтганди.

Унга кўра, одамда туғиладиган жойини танлаш имкони йўқ ва ҳукумат жойларда газ, свет таъминоти ва ишсизлик каби ижтимоий муаммоларни ҳал қилиш учун чоралар кўриши керак.

Kun.uz билан суҳбатда депутат айни фикрларини такрорлаган ва ҳудудларда аҳоли учун зарур шароитлар яратилса, одамлар пойтахтга оқиб келмаслигини айтган.

Ночор депутатлар

Иқтидордаги Ўзбекистон Либерал-Демократик партиясидан сайланган Расул Кушербаевга кўра, унинг ўзи кундалик шахсий муаммолар, жумладан, коммунал тўловлар ва бошқа тирикчилик масалаларини ҳал қилиш билан овора.

Депутат Тошкентда хизмат уйида яшагани билан пойтахтда мавжуд 10га яқин тўловларни тўлашда қийналаётганига ишора қилган.

Унга кўра, депутат бўлишдан аввал бу масалаларни ҳал қилиш бошқа, депутат бўлгандан кейин одамлар кўзида коммунал тўлов тўлаш ёки ишга автобусда қатнаш бошқа масала.

“Юзингиз қизараркан”.- деган парламент аъзоси, аммо қанча маош олишини айтмаган.

Кушербаевнинг айтишича, шу йил ёзида буханка нархининг ошиши унга ҳам таъсир қилган.

Депутатнинг сўзларидан англашилишича, Олий Мажлис қўмита раислари оддий депутатлардан яхшироқ яшайдилар.

У келажакда депутатларнинг шароитлари яхшиланишига умид билдирган.

Олий мажлис депутатларининг маошлари ҳақидаги расмий маълумот ҳозиргача ҳеч қаерда эълон қилинмаган.

Сайловлар йили

Кушербаев охирги бир йилда парламент жонлангани, қонунчилик палатасида қизғин мунозаралар кечаётганини айтган.

У Олий Мажлисда ҳукумат соати жорий этилгани ва вазирларнинг сўроққа тутилаётганини катта ўзгариш, деб атаган.

Matbuot Xizmati Мирзиёев парламентга мурожаатида депутатларни фаол бўлишга ундаган.

Аммо унинг сўзларига кўра, ижро ҳокимияти ёки ҳукумат депутатларнинг кўпгина таклифларини эътиборсиз қолдирмоқда.

Кушербаев жумладан, олий ўқув юртларига контракт нархларини пасайтириш юзасидан берилган таклиф инобатга олинмаганидан таассуф билдирган.

Унга кўра, контракт нархларини ҳозиргидан 30 фоизга пасайтириш мумкин эди.

Президент Шавкат Мирзиёев ўз чиқишларида Олий Мажлис депутатлари ва сенаторларни фаолроқ бўлишга чақириб келади.

Ўтган ҳафта парламентга мурожаатида давлат раҳбари ҳукумат аъзоларини Олий Мажлис томонидан тасдиқлаш амалиётини киритишни таклиф этган.

Икки ой ичида тасдиқланиши кутилаётган амалиётга мувофиқ, фақат бош вазир эмас, балки Вазирлар Маҳкамасининг қолган аъзолари ҳам парламент томонидан тасдиқланади.

2019 йилда Ўзбекистон Шавкат Мирзиёев ҳокимиятга келганидан буён биринчи парламентни сайлайди.

Ўзбекистон парламентида ҳукуматга мухолифатда бўлган партиялар йўқ ва Мирзиёев ҳозирга қадар сиёсий мухолифатнинг сайловларга қўйилиши борасида ҳеч қандай ишора бермаган.

Манба: Би-Би-Си Ўзбек