XIX асрда Марказий Осиёда инглиз-рус рақобати

XIX асрда Марказий Осиёда инглиз-рус рақобати
77 views
03 January 2019 - 9:21

XIX АСРДА МАРКАЗИЙ ОСИЁДА ИНГЛИЗ-РУС РАҚОБАТИ

Маълумки, XIX асрга келиб Марказий Осиё мамлакатлари — Бухоро амирлиги, Қўқон ҳамда Хива хонликлари жаҳон тараққиётидан ажралиб, турғунлик ҳолатига тушиб қолган эди. Бу эса, албатта, уларнинг ривожланишига жуда катта салбий таъсир кўрсатди.

Лекин бу даврда минтақага икки йирик мустамлакачи давлат тобора яқинлашиб келмоқда эди: бири шимолдан, бир неча асрлардан бери Марказий Осиё давлатлари билан ўзаро сиёсий ва иқтисодий алоқаларга эга бўлган, бу даврга келиб қозоқ жузлари устидан ўз ҳукмронлигини қарор топтириб бўлган Россия бўлса, иккинчиси эса жанубдан, Ҳиндистон субконтинентида ўз устуворлигини ўрнатган ва тизимли равишда шимолга қараб силжиб бораётган Англия эди. Шубҳасиз, бу икки мустамлакачи давлат ҳам янги бозорларга, хом-ашё манбаларига, қолаверса, стратегик қулай ҳудудларга эга бўлиш учун минтақани ўз таъсирига олиш ва ўз ҳукмронлигини ўрнатиш мақсадига эришишга ҳаракат қилишарди. Шу боисдан бу ўлка борасида инглиз-рус рақобати вужудга келди ва у бутун XIX аср халқаро муносабатлар тизимининг устувор йўналишларидан бири бўлиб қолди. Инглиз-рус мухолифлиги кейинчалик янги номга эга бўлди: “Катта ўйин”. “Катта ўйин” атамасини илк бор Артур Конноли томонидан Британия ва Россия империяларининг Марказий Осиёда гегемонлик учун стратегик рақобатига нисбатан қўлланилган эди. Кейинчалик, у Буюк Британиянинг Осиё қитъасига мустамлакачилик юришларини тасвирлаган инглиз адиби ва сайёҳи Редярд Киплингнинг ёзувчилик маҳорати таъсирида кенг тарқалди.

XIX аср биринчи ярмида Марказий Осиё давлатлари билан Англия ўртасида муносабатларнинг ўрнатилишида XVII аср бошида юзага келиб, XIX аср ўрталаригача фаолият юритган, Буюк Британия ташқи сиёсатини белгилашда жуда катта таъсирга эга бўлган Ост-Индия компаниясининг ўрни эътиборга моликдир. Ост-Индия компанияси Бухоро амирлиги, Хива ва Қўқон хонликларига ўз ходимларини минтақанинг иқтисодий ва сиёсий ҳолатини ўрганиш, карвон йўлларини тадқиқ этиш, керакли жойларнинг географик кенгликларини аниқлаш ва, шунингдек, ушбу мамлакатлар ҳукмдорларини Англия билан сиёсий алоқалар ўрнатишга, инглиз товарлари учун ўз бозорларини очиб қўйишга кўндириш вазифалари билан юборди. Шундай ходимлардан бири ҳинд сайёҳи Мир Иззатуллоҳ бўлиб, у ўз эсдаликларини “Мир Иззатуллоҳнинг 1812—1813 йилларда Марказий Осиёга қилган саёҳати” асарида ёзиб қолдирган. Асарда ёзилишича, Ост-Индия компанияси раҳбариятининг бошлиғи Уилям Муркрофтнинг топшириғига биноан Сайид Мир Иззатуллоҳ Бухоро амири билан яқин муносабатлар ўрнатиши лозим эди[3]. 1825 йили Марказий Осиёга келган Муркрофт ҳам, 1832 йилда Бухорога ташриф буюрган Александр Бёрнс ҳам аслида Ост-Индия компанияси ходимлари эди. Бу экспедициялардан кўзланган асосий мақсад бажарилди: хонликларда инглизларга тарафдор гуруҳ вужудга келтирилди.

Инглиз-рус ихтилофининг яққол белгиларидан бири Буюк Британия бу масалани ҳал этишда Россиянинг Ҳиндистонга “хавф солаётгани”ни ниқоб қилиб, ўз фойдаси йўлида ҳар қандай воситани қўллашга тайёр эканлигида кўринади. Барчага маълумки, Англия “инглиз тожининг гавҳари” бўлмиш Ҳиндистонни маҳкам қўлда тутиб туришга ҳаракат қиларди ва бошқа ҳар қандай мустамлакачи давлатнинг Ҳиндистон чегараларига яқин жойда пайдо бўлишига йўл қўймасди. Шу боис Чор Россиясининг Марказий Осиёда фаоллашуви инглиз ҳукуматини анча ташвишлантириб қўйди. Британия Ҳиндистони билан Марказий Осиё ўртасида оралиқ ҳудуд сифатида Афғонистон қолган эди. Евроосиёнинг жанубий ёйи ўша пайтда икки тарафлама муҳим вазифани бажарган: биринчидан, бу Британия Ҳиндистонига бўладиган хавфга қарши қулай майдон сифатида хизмат қилган; иккинчидан, у империя икки қисмининг бир-бири билан алоқа қилувчи ҳаётий муҳим, лекин қалтис бўлган йўлни мустаҳкамлаши керак эди. Шунинг учун Англия Афғонистонда ўз ҳукмронлигини ўрнатишга қарор қилди. Лекин дастлабки жиддий қадам — биринчи инглиз-афғон уруши (1838—1842)да инглизлар муваффақиятсизликка учради ва Афғонистондан ўз қўшинларини олиб чиқиб кетишга мажбур бўлди. Россиянинг Англия ҳаракатига берган жавоби — Перовский юриши (1839) ҳам натижасиз тугади.

XIX аср 50 йилларида Қрим уруши (1853—1856) туфайли Чор Россиясининг Қора денгиздаги ва Болқондаги таъсири анча сусайди, шу боис Россиянинг Марказий Осиё давлатларига бўлган қизиқиши янада кучайди. Ўз навбатида, 1857—1859 йилларда бўлиб ўтган Ҳиндистондаги миллий-озодлик қўзғолонидан қаттиқ чўчиб қолган Англия ҳукумати XIX асрнинг 60 йилларида Чор Россиясининг Марказий Осиёдаги фаол ҳаракатига қаршилик кўрсата олмади. Лекин 1865 йили Тошкент, 1868 йили Самарқанд руслар томонидан босиб олингач, айниқса, инглиз сайёҳи Г.Роулинсоннинг 1868 йилда инглиз парламентига йўллаган, руслар Ҳиротни эгаллаб, Қандаҳоргача юриш қилиб бориши мумкинлиги тўғрисидаги фикрлари ўрин олган мактубидан сўнг инглиз ҳукумати шошилинч равишда Чор Россияси билан Британия Ҳиндистони ўртасида “буфер зона” яратиш борасида Россия давлати билан музокаралар олиб борди. Ушбу “буфер зона” Афғонистон бўлиши керак эди. Аммо 1873 йили Хива, 1876 йили Қўқон хонликлари руслар томонидан эгаллангач, Англия яна бир жиддий қадам қўйди — иккинчи инглиз-афғон уруши (1878—1880). Бироқ Англия Афғонистон устидан қисман протекторат ўрнатиш билан чекланишга мажбур бўлди. Бу орада руслар туркманларни бўйсундирдилар. 1885 йили март ойида Тошкўпир ёнида рус қўшинлари билан афғон қўшинлари ўртасида тўқнашув содир бўлиб, унда руслар ғалаба қозонди. Бу “Катта ўйин”нинг энг кескин палласи эди. Лекин бир жиҳатни алоҳида таъкидлаб ўтиш лозимки, гарчи инглиз-рус рақобати даврида “қарама-қаршилик доимо авж олиб турган бўлса ҳам, аммо бу ҳеч қачон икки томон ўртасида уруш ҳолати даражасигача етиб бормади”. Дипломатик музокаралар натижасида Эрон—Чор Россияси, Чор Россияси—Афғонистон чегаралари белгиланди. 1895 йили сўнгги чегара истеҳкомлари Помир бўйлаб ўтказилди. Булар ҳозирги Эрон—Туркманистон, Афғонистон—Ўзбекистон ҳамда Афғонистон—Тожикистон чегара чизиқларидир.

Шундай қилиб, Афғонистон Осиёдаги Россия ва Британия империялари мулкларини бир-биридан ажратиб турувчи “буфер зона”га айланди. 1907 йили 31 августда Англия—Россия Баёнотномаси имзоланиши билан “Катта ўйин”нинг биринчи босқичи якунланди.

facebook.com