Яна уйга қайтиш

Яна уйга қайтиш
46 views
04 January 2019 - 7:00

ЯНА УЙГА ҚАЙТИШ

(Йўллардаги ҳаётим)

Ўша 2007 йиллар ҳам зўр даврлар бўлган экан.

Ўзи Саудияда менга ўхшаган визаси ўтиб кетган муҳожирлар бемалол юриш даврининг охири ўша йилларга тўғри келган экан. Ундан бери йилдан йилга назорат, тафтиш кучайиб бораверди. Шу ерда яшаётган акаларнинг айтишича 1990 йилларда биров документ текширмаган, бутун дунёдан келган миллионлаб ажнабийлар яшаб юраверган.

Яна зўр даврлар эди дейишимга сабаб интернет ҳали ривожланмаган, смартфонлар ҳали кучаймаган эди.

Яна бир нарсага ҳайрон қолдим. Агар мошинада олди ўриндиқда аёл киши ўтирган бўлса полиция тўхтатмас экан. Мошинада аёллар, болалар бўлса блок-постларда ўтқазиб юборареваркан. Шунинг учун ҳужжатсиз юрганлар ҳам сафарга чиққанда аёлини бирга олиб юрарди. Ўша пайтларда бирорта толиб уйланмоқчи бўлса умра ёки ҳаж визаси билан қизни олиб келтирар эди. Бирорта маҳрами қизни олиб келиб беради. Шу билан юраверар экан. Мен ҳам иккита қизни олиб келиб берганман. Қайтиб чиқиб кетишига мени кафил қилиб қўйган эди. Лекин ўзим ҳам визам ўтиб кетган, мабодо кетадиган бўлиб қолсам ўша иккита аёл йўлимга тўғаноқ бўлиши аниқ эди. Чунки улар кетолмайдику.

Саудияда мошина ойнасини қорайтириш мумкин экан, кўп мошиналарда кўрар эдим.

Яна бир нарса. Маккада қурилиш катта бўларкан. Доимий қурилиш кетаётган бўлади. Асосан тошли қирлар бўлгани учун теккис ер жуда кам. Ўша тошларни ўйиб кесиб ер очиларкан. Ҳар ҳафта битта тепалик йўқолиб қолаверади.

Маккада “Масофий ” деган вақф меҳмонхона бор эди. Унинг бошқарувчиси Нуриддин исмли 70дан ошган амаки эди. У туғилмасдан олдин дадаси Маккага водийдан ҳижрат қилиб келган экан. Бир пайтлар Саудия паспорти берилган экан. Бунинг дадаси ватанга қайтиб кетаман деб олмаган экан. Амакиси Саудия паспортини олган экан. Энди булар ўша амакиваччаларининг кафиллиги остидаги иқомада юраркан. Улар бўлмаса биз бир кун ҳам туролмаймиз дерди. Бунақа ўзбеклар кўп эди. Баъзилари тижоратчи бой одамлар экан. Мустақилликдан кейин йўллар очилиб ҳожилар кела бошлади. Булар ҳожиларга эҳсон қилади. Уммул Қурода домлалик қиладиган Доктор Саид дегани бор экан. Шу одам ҳам кўп хизматларни, эҳсонлар уюштирар экан.

Биздан келганлар орқали булар масжидлар қуришга пул берар экан. Масжидни қуриб янаги йили расмини олиб келинглар дейди. Бошқа масжид расмини олиб келиб, ёки бутунлай пулни еб кетганлар ҳам бўлган.

Автобусда Ҳажга келганлар йўлда автобус бузилиб қолди деб булардан ёрдам оларкан ёлғон гапириб. Мана шундай қаллобликлар бўлавериб булар ишонмай қўйган. Ўзини узоқроқ тутадиган бўлиб қолган экан.

Ҳақиқатда, толиблар, ҳожибошилар, баъзи зиёратчилар буларни кийдиравериб, ўзаро бир бирига қаллоблик қилиб, Ҳажга пул олиб йўқолиб кетиб хуллас шунақа ёқимсиз ишлар кетидан ишонч йўқолган. Биров ўзбек деса сал нарироқ тургиси келаркан-да. Бошига оқ дўппини бостирволиб, оқ шалвар, оқ футболкада, белида боғланган сумкани кўрсангиз Қирғиз, Қозоқ ёки ўзбек бўлади. Ҳожибошилар ҳар томонлама кийдираркан. Зиёратчилардан меҳмонхонага пул олиб кейин текин вақф меҳмонхонага қўяди. Хуллас муқаддас жойларни булғаб юрган, бутун подани шалтоғини чиқарган баъзи тиррақи бузоқлар касрига қолганмиз.

Яна Ҳаж мавсуми келди. Яхши ўтказдик. Кейин дадам мазаси қочиб мени қайтиб келишимни сўради. Яна Паспорт бўлимига борсак печат босмаймиз деди. Ҳалиги кафиллигимдаги иккита аёлни ҳам чиқиб кетишини талаб қилди. Ҳожибоши билан гаплашдим. Майли таваккал қилиб уриниб кўраверинг деди. Дуоларни қилиб аэропортга бордим. Оффицер кириб келгандаги саҳифага қарамай печат босди. Кейин кутиш залига ўтиб ўтирсам бир ходим келиб паспортимни сўради. Хуллас ўша ерда бир ватандош мени сотган экан. Уни ўтказмаган, мени кўриб қолган. Нега уни ўтказдингку мени ўтказмадинг деб шикоят қилган. Кўриб башарасини танидим, муомала ҳам ўтган орамиздан.

Фазлиддин Мўъмин

facebook.com