Амир Темурнинг қўмондони Ики Темур тарихи

Амир Темурнинг қўмондони Ики Темур тарихи
39 views
04 January 2019 - 8:00

АМИР ТЕМУРНИНГ ҚЎМОНДОНИ ИКИ ТЕМУР ТАРИХИ

Амир Темур ҳокимият тепасига келгандан кеийн 100 дан ортиқ жангларда ғалаба қилган. Бу ғалабаларнинг ортида ҳарб илмини пухта эгаллаган, шижоатли, азми қатьий, душман тўпларини синдирувчи, таслим бўлиш нималагини билмаган, қўрқмас ва шиддаткор лашкарбошилар ва мингларча аскарлар туради.

Хўжа Сайфиддин, Амир Жоку, Амир Ики Темур, Искандар, Олим шайх Қавчин, Қиморий Иноқ, Сори Буғо, Муҳаммад Султоншоҳ, Усмон Баҳодир, Шайх Нуриддин бек, Сулаймон шоҳ, Худойдод, Бердибек, Шамсуддин Аббос, Амир Шоҳмалик, Шоҳ Малик, Менглихўжа, Ғиёсиддин Тархон, Амир Шайх Арслон, Севинчак баҳодир, Темур Хожа Оқбуға ва бошқа лашкарбошилар Амир Темур олиб борган юришларда ва жангларда уруш тақдирини ҳал қилганлар, катта-катта шаҳарлар ва қальаларни эгаллашда жасорат ва ҳарбий санъатини намоён этганлар.

Ики Темур 10 000 қўшинга сардор бўлган. Унга катта муҳр, туғ, ноғора ва байроқ берилган. Ўша пайтда туман бошлиғи лавозимига жангларда катта намуна кўрсатган, душман тўпларини синдирган кишиларгина муносиб кўрилган. Ҳарбийлар хизматларига кўра амал поғонасидан кўтарилиб борганлар. Ики Темур Амир Темурнинг ишонган ва ном қозонган лашкарбошиси бўлган ва унга энг катта юришлар, душман сирларидани огоҳ бўлиш, қоровул қўшинларига бош бўлиш, тавочиликдан тортиб амал поғонасининг чўққисига эришган, давлатда вазир ва амир маслаҳатчиси даражасига кўтарилган. Ики Темурнинг жанглардаги фаолиятини кузатар эканмиз, у энг аввалги сафларда, қўшиндан анча олдинга ўтган ҳолда жанглар олиб борганини кўрамиз. У қальа деворларига эпчиллик билан тез фурсатда чиққан. Гоҳ уни ташкилотчи, гоҳ қальа девори остини кавлайдиган нақибчи, гоҳ раҳбар, гоҳ асл сарарда сифатида билиш мумкин. У афсуски, 1391 йилда Тўхтамишхон билан бўлган катта урушдан олдинги қоровул қўшинлари ўртасида бўлган жангда ҳалок бўлган. У ўша пайтда олдида атиги 7-8 навкари билан жанг қилган ва озчилик бўлишига ва ва яраланганига қарамасдан душман кучини синдира олган ва шу ерда жон таслим қилган.

Аслида Ики Темур ватан шарафи учун курашган. Чунки у, Мовароуннаҳрга тинмай юришлар қилиб келган, давлат хавфсизлигини таҳликанга солган, Амир Темурнинг ёрдами билан Олтин Ўрда тахтига ўтириб олган ва ўз ҳукмдори ва ватанига тинмай фурсат топиб юриш қилган Тўхтамишхонга қарши курашган.

Тарих саҳифаларида Ҳирот яқинидаги Пўшанг мавзесини забт этилишида илк бора Ики Темур эслатиб ўтилган. Ҳисор аҳли Амир Темур қўшинига қаттиқ қаршилик кўрсатган. Қальа атрофи ҳандақ билан ўралганди. Амир Темур “ҳар ким ўз қаршисидаги ердан Ҳисорга кўтарилсин” деган амри фармон берган. Амир Али, Ики Темур, Аббос ўғли Умар, Амир Мубашширлар қаттиқ ҳаракат қилиб деворга етиб олдилар ва у ердан ўқ ёмғири ва тошларнинг ёғилишига қарамасдан чекинмасдан қальа деворига тирмашиб чиқадилар . Ва қальа дарвозасини очиб, у ерни забт этадилар. Албатта бу ишларни биттагина Амир Темур қила олмасди. Унинг шон-шавкатини таъминлаб берган лашкарбошилар бўлиб, уларнинг ҳар бирини алоҳида ўрганиш бу давр ғалаба омиллари ва усулларини англаб етишимизда бизга ёрдам беради.

Ҳиротни забт этишда ҳам Ики Темур, Мубашшир ва Сунчак сидқидилдан ҳамлага ўтиб, султонларга хос жанг олиб борган, қальадан душман аскарлари тошлар ирғитаётганда ва ўқлар ёмғири ёғдирганда ҳам бошлари ва елкаларидан яраласнсалар ҳам жангни тўхтатмайдилар. Дарвоза эшигини синдириб, қальа ҳисорига кириб борганлар. Икки минг кишини тириклайин тутиб асир оладилар ва Амир Темурнинг олдига олиб келадилар. Амир Темур уларни авф этади.

Калот қалаъсини олишда ҳам Ики Темурнинг жасорати тарих саҳифаларида алоҳида қайд этилган. Ҳарбий юришда ноғора ва бурғу чалиниб қальани забт этиш бошланган. Ноғора ва бурғу чалиниши билан саркардалар ва уларнинг кўрсатган йўлидан аскарлар ўзларига белгиланган ҳудудларда юришларни олиб бораверган. Ики Темур мана шу жангда ҳам ҳаммадан олдин тоғга кўтарилиб қаршисидан чиққан душманга найза урган, ўқларни визиллатиб ёғдирган. Бу қалъани олишда Мубашшир ва Умар ҳам катта матонат кўрсатганлар . Умар бир неча навкар билан илгари кетганда унга душман ҳамла қилган ва Амир Темурнинг уларга ёрдам учун дадил ва ботир отлиқларни юборган. Улар душманга ҳамла қилиб, жойидан қалқитган. Бу шиддат ва қайта-қайта ҳамлаларнинг зарбига чидолмаган душманлар мағлуб бўлади ва жанг майдони ва қальани ташлаб қочишади.

Сейистонда қальалардан бири забт этишда Ики Темур бошқа амир ва аскарлар билан яраланган. Ики Темур Амир Валига қарши курашда ҳам жасорат кўрсатган. У қочгандан кейин ортидан қувиб уни забун аҳволга солган.

Ики Темур Аланжиқ қальасини олишда ҳам фаол иштирок этган. Ҳожи Сайфиддин ва Ики Темур қўшинлари қальани ўраб олиб, тагидан нақб кавлай бошлаган ва уларни енгиб, ҳокимини боғлаб Амир Темур олдига олиб келганлар.

Ики Темур Исфаҳонда Табрак қальасига киради, халқига омонлик беради ва моли омон солиғи олишни буюради. Амирзода Темур Малик ва Султоншоҳ ўғли у молни тўплаш учунг шаҳарга келадилар. Кеч киргач, бир жамоат Амир Темурнинг муҳосилларини ва ўз ишлари билан юрган аскарларини ўлдирадилар. Авбошларнинг ўзлари Исфаҳондан қочиб кетади. Натижада Исфаҳон аҳлидан қаттиқ ўч олинади.

Ики Темур Хоразм юришларида ҳам иштирок этган. Тўхтамишхонга қарши курашда ташкилий масалаларни ҳал қилган. Қўшинни жамлаган, керак жойларда кўприклар солган, Амир Темурнинг ҳамма амр-фармонларини ўз вақтида бажарган. Жангнинг олд қисмида ва энг оғир шароитларда жанг қилган ва кўпинча чапдастлиги, тезкорлиги ва жасурлиги сабабли қальаларга сурон солиб биринчи кириб борган.

1391 йилги жанг олдидан душман ҳақидаги ҳамма хабарларни йиғиш учун, бир жамоа ботирлар билан душман томонга бориб, сув ва лойли йўллардан ўтиб, душман қоровул қўшинининг тоғ устида назорат қилиб турганларини кўрди. Душман уларни кўриб шошилиб тепадан пастга тушади. Ики Темур эса тепага чиқиб уларнинг жойини эгаллаб олади. Ўша пайтда Икки Темурнинг ўттиз чоғли аскарлари бор эди. Кўпчилигини Амир Темурга хабар беришга юбориб, ўзи 7-8 чоғли аскари билан қолганди. Душманлар шу пайтда унга ҳужумни бошлайди. Ики Темур оз сонли аскарлари билан ҳеч иккиланмасдан ва қўрқмасдан мардлик ва ғайрат мақомида туриб, уларга ҳамла қилди. Ўқларни визиллатиб отиб қўшинни ўз олдига силжитмай турди. Камоли мардоналигидан кишилари сувдан ўтиб олгунча тўхтаб турди. Шу ўртада унинг отига ўқ тегди. От тура олмаслиги сабабли отдан тушди ва навкари ўз отини унга тутди. Яна бир ўқ иккинчи отга ҳам тегди ва у ҳам ҳалок бўлди. Душманлар Ики Темурни ўртага олдилар. У шу вазиятда ҳам жони чиққунига қадар қаттиқ жанглар қилди ва мана шу ерда қазо қилди .

Низомиддин Шомий душман томон уни танимаганлиги, таниганда уни ўлдиришга шошилмаслигини таъкидлаб, унинг тақдирига ачиниб ўз тарихларини ёзган.

Шу ҳолатда Амир Темур ва амир Сайфиддин воқеа жойига етиб келадилар. Шомийнинг айтишича, улар “Бу ҳодисадан ғамга ботиб, тафаккур ва ҳайрат ичида қолдилар”.

Умуман олганда, Амир Темурнинг сафдоши, унинг буйруқ-амрларини сўзсиз бажарган, ғалабаларни таъминлаган Ики Темурга ўхшаган лашкарбошилар тарихи ва уларнинг ҳаёти алоҳида ўрганилиши ва халқимизга етказилиши керак. Ҳарбийлар ҳам уларнинг шиддати, втанпарварлиги, ҳарбий санъати, ватанга садоқати ва бошқа фазилатларини яхшилаб ўрганишлари керак. Ики Темур тарихи юрт ҳимояси учун қилич кўтарган эпик қаҳрамон тарихидир.

Шоҳиста Ўлжаева,
Тарих фанлари доктори

facebook.com