Яхшилик қилувчининг ёрдамчиси Оллоҳ

Яхшилик қилувчининг ёрдамчиси Оллоҳ
79 views
04 January 2019 - 9:00

Ярим кечаси ора йўллар билан уйга қайтаётсам, бир йигит қўл кўтарди. Киракашлик қилмай қўйганман. Аммо баъзида одам олишга тўғри келади. Энди совуқ тушган пайт эди. Кел, шу бола ярим кечаси изғиринда турмасин, дедим-да, тўхтадим. Уйимдан уч чақиримча наридаги манзилни айтди. Хўп, деб олавердим. Совқотиб қолгани учун бўлса керак, бирдан совуқ тушгани ҳақида гап очди. Ҳа, бу ёғи қиш яқинлашяпти, деб тасдиқлаб қўйдим. Бошқа гаплашмадик. Манзилига етгач, пул узатди. Олдим. Санаганим ҳам йўқ. (Икки минг экан.) Ўша кунлар дуога, Оллоҳга қандай бўлмасин, яримта хурмо садақа қилиб бўлса ҳам, яқинлашишга муҳтож пайтларим эди…

Уйга келиб тилпонимни тополмай қолдим. Қўнғироқ қилсам, ўчган. Охирги марта гаплашиб бўлиб, ёнимдаги ўриндиққа қўйганимни эсладим. Бориб мошинани қарасам, йўқ. Демак, ҳалиги йигит олиб тушиб кетган. Одамларга яхшилик қилсанг, раҳматига елкангга ниш урадиган бўп қолишибди, деб ўйладим. Лекин уни манзилига элтиб қўйганимга афсус қилганим йўқ. Энди одам олмайман, деб қасам ҳам ичмадим. Фақат келаси сафар пишиқроқ бўлишни дилимга тугиб қўйдим…

Ҳодисадан хулосани яна битта воқеадан кейин айтаман…

Каминангиз ҳовлига чиққандан бери қўй боқади. Семиртириб сўйиб, сотганча сотади, улашганча улашади. Бир оила бор, камбағал. Ҳар қўй сўйганда, бир кило-ярим кило бериб юборади. Бир сафар совлиқ гўштидан берганида, аёли аёлимизга“қари қўй экан, пишиши қийин бўлди”, деб “ташаккур” билдирган экан. (“Совға қилинган отнинг ҳам тишини текширадиларми, а?” – ўрисларнинг мақоли.) Шунда ҳам парво қилганимиз йўқ, кейинги сафар қўзининг гўштидан бериб юбордик…

Охирги пайтда бироз топиш-тутишлари яхшиланди. Ҳатто қўй сўяётганимизни эшитиб, эри: “Бизга тўрт кило”, деб буюртма берди. Каминангиз бу сафар пулга сотди. Биқин, тўш, қовурға, думба аралаштириб берди. Эртаси куни эри ўғлимизни кўриб, “қўлми, сонми йўқмиди, бўйин гўшти бериб юборибсан”, дебди. Аёли ҳам аёлимизга шу гапни айтибди. “Йўқ, бўйин гўшти ўзимизга қолди, сизларга яхши жойларидан ажратиб бердик”, деса ҳам ишонмай, араз қилиб кетибди…

Табиий, таъбим хира тортди. Энди ҳеч нарса бермайман, деб ҳам ўйладим. “Одам феълига яраша топади-да. Ношукурлиги туфайли Худойим камбағал қилиб қўйибдимикан”, деган фикрлар ҳам келди. Лекин бир пас туриб бошқа нарсани ўйладим: “Оллоҳ уларнинг ризқини кесса, унга мени сабабчи қилмасин, мен ёрдамимни тўхтатмайман. Яхшиликни эгаси Оллоҳ бўлганидан кейин, нега улардан раҳмат кутишим керак? Нима бўлганда ҳам, бегона эмас, мўмин-мусулмон. Момам раҳматли “яхшилик қил-да, сувга от. Балиқ билар, балиқ билмаса, Холиқ билар”, дегувчи эди…”

Шу хаёллар бошимдан ўтиб турган пайтда бир дўстимиз бир яшик Шерободнинг аноридан ташлаб кетди. Ҳарчанд қилсамам, пулини олмади. Нақ 24 кило экан. Шарт халталарга бўлиб-бўлиб солдим-да, биттасини ҳалиги оилага ўзим олиб бориб бердим. Менга-ку хурсандлигини билдиргани йўқ, аммо бир кишига: “зўр анор экан, маза қилиб едик”, дегани айланиб қулоғимга етди. Балки, гўшт ҳақида ножўя гапирганига хижолат бўлиб, ўзимга айтолмагандир…

Камтарликни бир четга суриб, бу гапларни ёзаётганимдан хижолатдаман. Шу пайтгача мақтанган бўлсам ҳам, бунақа очиқчасига мақтанмаган эдим. (Қанча маломат бўлса, лойиқман.) Бир-икки гапим бор эди, ўшаларни айтиш учун бошимдан ўтказганларимни айтмасдан эпини қилолмадим…

Бугун яхшилик қилиш-қилмаслик, кечириш-кечирмаслик қалбнинг эмас, нафсимизнинг амри бўлиб қолди. Шунинг учун ёмонликни яхшилик ила даф этиш жуда оғир туюлмоқда. Саломни Оллоҳ учун бермаганимиз сабабли алик олмаганга иккинчи марта салом беришга иззат-нафсимиз йўл қўймаяпти. Бир яхшиликни Оллоҳ учун қилмаганимиздан кейин ўшанга яраша раҳмат эшитмасак, тамом, йўлни шарт кесяпмиз. Бировдан дилозорлик кўрсак, ҳақорат эшитсак ҳам, бўлди, унинг устидан не-не ҳукмларни ўқимаяпмиз. Биз қандай Зотнинг бандасимиз, қайси пайғамбарнинг умматимиз, ўйлаб кўролмаяпмиз ҳам. Чунки ўй-фикрларимиз тиниқ эмас. Лойқаланиб кетди. Ўтган ишга саловот айтишга бўйнимиз ёр бермайди. Бунинг учун баҳонаю сабабларимиз ҳамиша тайёр.

Аммо бошидан ўтказган одам сифатида айтаман, нафсингизга хуш келмаган нарсани Оллоҳга ҳавола қилиб кўринг, ҳаловат топасиз. Хотиржам бўласиз, куйиб-пишмайсиз, асабийлашмайсиз, яхшилик қилишдан чарчамайсиз ҳам… Яхшилик қилувчининг ёрдамчиси Оллоҳ! Унутманг!

Абдуғофур Искандар

facebook.com