Россия-Ўзбекистон: 500 га яқин муҳожир янги йилни полиция маҳкамасида кутди

Россия-Ўзбекистон: 500 га яқин муҳожир янги йилни полиция маҳкамасида кутди
56 views
03 January 2019 - 17:13

Би-Би-Си радиосининг хабар беришича, бу йилги янги йил Россиядаги Марказий осиёлик меҳнат муҳожирлари учун оғир бошланган. Бир кеча-кундузнинг ўзида 500 нафардан зиёд мигрантлар “славянча бўлмаган” кўринишлари учун қўлга олиниб, 2019 йилни полиция махкамаларида кутиб олишган.

Уларнинг айби – кўринишлари славянча бўлмаганлигида эди, демоқда ҳуқуқ ҳимоячилари.

“Илтимос, мени янги йил билан табрикламанглар!”

Россиядаги меҳнат муҳожирлари учун бепул юрист Валентина Чупик 31 декабрь куни фейсбукдаги саҳифасида шундай мурожаат билан чиқди.

“31 декабрь мен учун йилнинг энг оғир куни. Уй юмушлари ва байрам дастурхони туузашим кераклигига қўшимча, айнан 31 декабрь куни полиция томонидан оммавий ушланадиган Сизлар ҳам борсиз, муҳожирлар!”

Юристга кўра, ўтган йил шу куни Москва шаҳрининг ўзида 600 га яқин меҳнат муҳожирлари қўлга олинган. Валентина Чупик раҳбарлигидаги “Тонг жаҳони” нодавлат нотижорат ташкилоти ҳозирча муҳожирларга бепул ёрдам кўрсатувчи ягона идора.

“Телефоним қўнғироқлардан ва хабарлардан портлай дейди, улар ҳақиқатда ёрдамга мухтож. Сизнинг табриклаб қилган қўнғироғингиз бу куни менга ҳалал беради. Ҳеч кимга керак бўлмаган, ҳимояга мухтож муҳожирларга қўмак беришимга имкон беринг. Мени табриклаб қўнғироқ қилманг!”

Бу йилги янги йил Россиядаги Марказий осиёлик меҳнат муҳожирлари учун оғир бошланди.

Бир кеча-кундузнинг ўзида 500 нафардан зиёд мигрантлар “славянча бўлмаган” кўринишлари учун қўлга олиниб, 2019 йилни полиция махкамаларида кутиб олишган.

Ҳуқуқ ҳимоячилари аралашуви билан ноҳақ қўлга олинганларнинг катта қисми озод қилинишига эришилди.

Аммо муҳожирлар учун олдинда бир йиллик катта муаммо турибди: патент нархи бирданига 5000 рублга ошган. Миграция қайди билан ҳисоблаганда, ҳар ойда 100 доллар атрофидаги маблағлари фақатгина хужжатнинг ўзига, бир кишилик жой ижараси ва еб-ичиш ҳаражатлари билан жами 200 доллар Москвадаги ҳаражатларига кетади.

Статистикага кўра, Москвада ўзбекистонлик меҳнат муҳожирларининг ўртача иш ҳақи 30 000 рубл (433 доллар)ни ташкил қилади. Россиядаги энг кўп сонли ўзбекистонликлар ҳам пойтахтда, хизмат кўрсатиш соҳаларида ишлашмоқда.

Улар ҳар 3 ойда Ўзбекистонга 1 млрд АҚШ доллари миқдорида пул юборишмоқда.

Айни пайтда Россияда расман 2 млн га яқин ўзбекистонликлар бор. Норасмий маълумотларда эса бу рақам икки баробар кўплиги айтилади. Ўзбекистонликлар ҳамон Россиядаги энг кўп сонли ва энг ҳақ-ҳуқуқсиз меҳнат муҳожирлари эканлигича қолмоқда.

ЎХҲ ахборот бўлими