Гулбадан

Гулбадан
29 views
04 January 2019 - 21:40

ГУЛБАДАН

Сентиментал қўшиқларни хушламайман аммо эшитаман. “Чимилдиқ”, “жоним” ва ўламан-куяман, “йиғладим” сўзлари энсамни қотиради, рост. Охуннинг “Йиғладим”ини талабалик вақтда эшитганман, сўзлари ёқмаган-эриш туюлган. Аммо овоз, товуш эътиборимни тортган, қўшиқ матни таъсирига тушиб қолишдан, Худо асрасин, аммо шеър муаллифига ҳам ҳали сирини очмаган, ҳозирча бахтсизликдай туюлган, матндаги мотивнинг жозибаси бор эди.

Овоз, айниқса товуш мўжиза, у хазина қўриқлайдиган, масалан, илонга ўхшайди, қадимгилар ҳам шунга урғу беришган. Ҳақиқаттан шундай, у Сўзнинг келиб чиқиш жойидан йўналади.

Қўшиқ тинглаш маданияти ҳақида 10 асрлар атрофида яшаган мутафаккир Ҳужвирий тўғри ёзади, Ҳазрати Довуд куйлашни бошлаганда кўплар завқ ва шавққа берилиб ўзларини тинглаб бошлашар, яна кўплар иблиснинг хийласига берилиб ўзларини ўлдиришар эди ва хоказо. Бу ерда, мутафаккир, тингловчи ўзини жисмоний ўлдиришини назарга тутмаяпти. Аксинча, қўшиқни эшитиб ташқи оламга, психологизмга ишқлари тушиб кетишига урғу қадамоқда. Ҳиссиётларининг, пафосларининг қулига айланишларини таъкидламоқда.

Бундан 3 ёки 4 йил муқаддам Амирқул ака Каримов ишхонасида “Йиғладим” матни муаллифи Мухтор Комилни учратган эдим. Эслайман, ярим соатча суҳбатлашганмиз. Шоир нима ҳақида гапиргани эсимда йўқ, бунинг қизиғи ҳам йўқ эди. Шунчаки валдиризм. Товуши тиниқлиги менда таассурот уйғотган, шоир яқинда вафот этибди, уни ҳурмат қилган бир таниқли шоира опа илтимос қилди: “Илтимос, бир нима ёз”. Таассуротларимни ёзмоқчиман. Мана, ёзяпман ҳам.

Яссавий агар дарвеш суҳбатида бўлиб қолсанг, адаб сақла, жамлан ва тингла деб айтган. Албатта, бу ерда Яссавий дарвешнинг валдиризмини ёдлаб ол маъносида айтмаган. Шунчаки, ўзингда туғилган таассуротларга эргаш демоқда ва хоказо.

Ёз фаслида денгизга бориш керак ёки Қашқадарёдаги мамлакатнинг энг баланд чўққилари томонга кетиш керак. Биламиз, мамлакатдаги энг баланд чўққи Ҳазрати Султон чўққиси, денгиз сатҳидан 4663 метр баландликда жойлашган.

Шаҳрисабз Миракисидан 50 км.ча юқорида Қизилэнчак ва Ғилон қишлоқлари жойлашган. Қизилэнчак қишлоғи биқинида Қирққиз тоғи ва Қора тоғ жойлашган, бу тоғ тепасидан бутун Қашқадарё вилояти одамнинг кафтидай бўлиб туман ичра кўриниб туради. Бу нуқта денгиз сатҳидан тахминан 2500-3000 метр баландликда жойлашган бўлиши керак. Шимолга оғган шарқ тарафда Ғилон қишлоғи, яна шарқ тарафда Ҳазрати Султон чўққиси хира кўриниш бериб туради, гўё яқиндай, бу нуқтадан унгача тахминан 30 чақирим йўл, аммо унга томон йўл юрилса кетма-кет жойлашган тоғларни, дараларни босиб ўтиш керак, бу чўққи томон 15 июлдан 15 августгача бориш мумкин, кейин қор ёғиб бошлайди, тез совуқ тушади, шунақа. Боролмаганман, чунки махсус рухсатнома олиш керак, у ёқлар чегара зонаси ҳисобланади.

Қизилэнчакликлар ичидан Ҳазрати Султон чўққисига чиққанларни учратиб батафсил суриштирганман, қизиқ эди. Бу чўққининг тепасида супача бор. Одатда, чўққига чиқиб тунаб қолинади, тонгда бутун мамлакат ичида бу чўққидан қуёш энг гўзал чиқади, бўй кўрсатади, бу ҳақида қайта-қайта суриштирганман: қуёш гўё йўқлик ичидан бўй кўрсатади, сакраб оладими, сўраганман, тасдиқлашган, супа ёнида қабр ҳам бор дейишган, бу қабр кимга тегишли эканини ҳеч ким билмайди.

Балки Зардўшт даврига тегишлидир ёки ундан ҳам қадимдир, кўплар қабр тарихини Ислом маданияти билан ҳам боғлашади. Қишлоқ мактаби музейидаги топилдиқларни бориб кўрганман, одам кафтича чиқадиган қадимий ҳайкалча бор, ҳайкалчанинг туғилганига-ясалганига 2 минг йил бўлгандир ёки ундан қадимийдир, ким билсин, лекин бу маъбуда ислом даврида ижод қилинмаган. Онақут –Анахита шу бўлса керак.

Қишлоқ атрофидаги жой номлари ҳам қизиқ, ярим оролдай атрофи жарликдан иборат Омончеп даласи бор, Қирққиз тоғи, Қора тоғ ва хоказолар эсимда йўқ. Бу қадимий номлар одамни ютиб юборади-таъсир доирасига олиб киради, қишлоқдагилар эса воқеанинг ичида яшашади. Масалан, денгизга борганда аввалига денгизнинг сокинлиги ҳам кишини ютиб юборади, ҳеч қандай таассурот уйғонмайди, вақт ўтади, бир ой , яна кунлар, энди денгиз штормини ҳам одам эшитмайди, аксинча у ҳақида таассурот денгиз шовқинидан устун кела бошлайди, энди уйга қайтиш керак.

Қария Афлотун Гермократик (Гермес-Идрис номидан олинган) жамият келишини жуда орзу этганга ўхшайди, охирги ёзолмай қолган китоби шу ҳақда бўлиши керак эди дейишади, билгичлар. Европа ва Ақшдаги демократик жамиятдан кейин, ким билсин, балки гермократия бошланар. Чунки коинотнинг чексизлиги ва одамнинг ҳозирча чексизликдай туюлган бу коинот ичида ёлғиз экани уни ўзига мурожаат этишга қаттиқ мажбур этар. Ҳам келажакдаги сунъий интеллект хавфи одамзотни ташқи таъсир рақобатига дош бериш учун меҳнат қилишга ундар. Ишқилиб, гермократия ўрнига (д)ермократия бошланмаса бўлди. Ўзи шундоқ ҳам кўп жамиятларда шунақа..кратия.

Қизилэнчакка тошкентлик рассомлар боришади, қишлоқ манзараларини чизишади. Менга жой номлари, воқеалар қизиқ. Шу қишлоқлик бир одам изғиринли қишда ўша энг баланд чўққи томон йўлга чиққан, Ҳазрати Султоннинг тортишиш кучи-жазбаси кучлилик қилган, шекилли. Йўқолиб қолади, 2-3 йил излашган, мурдасини топишган. Ғилон қишлоғининг нарёғидаги баланд чўққида музлаб қолган экан, дейди акаси шўрлик. Мен-бераҳм марҳум ҳақида қайта-қайта суриштираман.

Қишда деярли ҳар куни қор ёғади, лайлак қорлар, қишлоқ кўчаларининг икки ёнида 2-3 метр баландликда қор уюмлари йиғилади, Россия қишининг айни ўзи. Мен ғамгин таассуротимга эргашаман, “Насойим”да Навоий, адашмасам, 9 асрда яшаган Насафий ҳақида маълумот беради, у саҳрода қиблага чўккилаганча жон таслим қилган деб ёзади. Бу дунёда, ҳадисда айтилганидек, йўловчидай яшаган, охирги нафаси чиқаётганда кийимини-жисмини ечиб, ўзи маънавий оламга қўшилиб кетади, бунгача йўлни ҳам таниб олган бўлади. Исмини эслолмадим ( Абу Туроб), бу Насафий ислом мутафаккирларига қаттиқ таъсир ўтказган, иши ҳам шу бўлган. Дарвешлар исломгача ҳам бу юртларда яшашган, албатта. Исломгача кўплар мурдани ҳайвонларга, қушларга едиришган. Кўпларнинг васияти ҳам шу бўлган чоғи. Яратган зотнинг маҳлуқлари ҳақида қайғуришган. Меҳрибонлар.

Марҳум шоир Мухтор Комил ҳам шу юртда туғилган экан, фақат ушбу Ҳисор тоғ тизмаларининг сал пастроғида. Китоб шаҳрига яқин. Шоир Ҳисор тоғ тизмаларининг Самарқанд вилояти билан туташ чўққиларига чиқаман деб йўл олгандир. Эҳтимол, мамлакатдаги ўша энг баланд чўққига бормоқчи бўлгандир, у тоғда йўқолиб қолади. Жисми тоғда қолиб, ўзи тирикликка сингиб кетади. Яқинда унинг тоғда ҳалок бўлгани маълум бўлган.

Марҳум шоирнинг дўстларидан бири, шоира опанинг айтишича, Ш.Жўраев ижро этган “Гулбадан” шеъри ҳам марҳум шоир қаламига тегишли экан. Бу қўшиқ менга ёқмаган, ҳофиз овозидан “бино” қуриб юборган. “Гулбадан” сўзи, шеър матни овоз, товушлар қўриқлаётган хазинани эслатади.

Дарвеш шоир Мухтор Комилни Аллоҳ раҳмат қилсин. Руҳи шавққа тўлсин!

17 йил, 17 июл
Мурод Човуш

facebook.com