100 йил олдинги гаплар сизга танишми?

100 йил олдинги гаплар сизга танишми?
67 views
05 January 2019 - 8:00

Бугун Абдурауф Фитратнинг «Ҳинд сайёҳининг қиссаси» асарини ўқиб тугатдим.

Асар асли тожик тилида ёзилиб, 1912 йили Истанбулда чоп этилган.

Ўзбек тилида илк бор Ҳасан Қудратуллаев таржимасида 1991 йили «Шарқ юлдузи» журналида босилган.

Асарда муаллиф Бухорога ташриф буюрган ҳинд сайёҳининг ҳикояси орқали ўша даврдаги Бухоро хонлигидаги бирқанча муаммоларни шафқатсиз фош этади ва уларга ечим излайди.

Ҳинд сайёҳи дуч келган муаммолар:

– Шаҳар дарвозаси ёпилгандан сўнг арманилар ва яҳудийлар, ҳатто бир арманининг итига очилган дарвоза оддий мусулмонлар учун очилмайди.
– Шаҳарда аравакашлар, фойтункашларнинг ўзаро даҳанаки урушига дуч келади. Ҳеч ким уларга эътибор қилмайди.
– Сайёҳ Бухоро ҳовузларининг ичимлик суви сифатида фойдаланиб бўлмаслигини исботлаб беради.
– Сайёҳ Баҳоуддин Нақшбанд мозоридаги хурофотлар, ширкка олиб борувчи хатти-ҳаракатлардан ранжийди.
– Сайёҳнинг шаҳар марказида Лут қавми разолатидан баҳраманд бўлаётган эркаклардан кўнгли айнийди.
– Бухородаги таълим системасига ажратилган вақф маблағлари керагидан ортиқ, илм олиш учун мадраса, кутубхоналар, мактаблар етарлию, лекин нега илм йўқ? Нега 400 олимга бешик бўлган Бухорода лоақал Қуръони каримнинг бир оятини тузук-қуруқ тафсир эта оладиган олим топилмаса? Вақф маблағлари қачонгача бир гуруҳ мансабдорларнинг жиғилдонига киради?
– Сарбозлик (аскарлик) муддати Бухорода чегараланмаган. Сарбозлик жиноятга жазо туридир. Ким жиноят қилса уни умрбоз сарбозликка маҳкум қиладилар.
– Бутун бошли Бухорои шарифдан биронта ҳам олий маълумотли табиб топилмайди. Табиблар эса икки юз йил олдин қўлланган усуллардан фойдаланади. Рус табиби фаолиятини эса кофир дея бир пулга илмайдилар. Баъзи туманларида дўхтур кимлигини ҳам билишмайди.
– Шаҳарда санитария-гигиенага амал қилинмайди. аслида эса Ислом покликка чақиради.
– Ҳинд сайёҳи Бухоро музофотига тегишли Қарши шаҳрига саёҳат қилади. У ердаги тўқувчилик ҳунарига янги технология киритиш лозимлигини таъкидлайди. акс ҳолда бу ҳунардан келажакка ҳеч нарса қолмаслигидан қайғуради.
– Бухоро деҳқончилиги ҳам ўта қолоқ. Ҳалигача Одам Ато замонидан қолган қуроллар ила деҳқончилик юритишади.
– Бухоро қозиларининг ҳам қилмаган макрлари, шариатни пеш қилиб, оми халқнинг пулини жиғилдонларига ураётганликларидан сайёҳ ҳайратга тушади. Эзилган халқ қозига тўлайдиган пулни қаэрдан олади? Судхўрдан…
– Бухоро тужжорлигида ҳам бир қанча муаммоларни санаб берган сайёҳ, қандай қилиб, муваффақиятга эришиш йўлларини ҳам айтиб беради.

Фитрат ҳинд сайёҳи орқали ўз тилидан ҳам моддий, ҳам маънавий қашшоқлашиб қолган жамият ҳолидан хабар берар экан, ушбу хулосани асар қаҳрамони тилидан сўзлайди:

«Илоҳий қонун будир: модомики бирон бир қавм ўзининг ишларини Оллоҳ фармойиши асосида олиб бормас экан, ўзининг шахсий ҳаётини шараф, саодат ва фароғат, буюклик билан ҳамқадам билиб ўтказмас экан, тинчлик ва осойишталик ниятларини йўққа чиқаришга интилиб, кибр ва ғурур водийсига қадам қўяр экан, чин ҳақ ва адолат йўлидан чиқар экан, ўша заҳотиёқ шон-шарафлари ер билан яксон бўлиб, осойишталиклари заҳматга, буюкликлари эса хорликка айланиши муқаррардир!..»

12.01.2011
Давронбек Тожиалиев

facebook.com