Сомонийлар ким булган?

Сомонийлар ким булган?
49 views
06 January 2019 - 10:02

Сомонийлар сулоласининг бобокалони Сомон-худот Балх ёки Термиз яқинида жойлашган Сомон номли бир қишлоқнинг асосчиси бўлган.

Кўпчилик манбалар унинг келиб чиқишини Сосонийлар шоҳаншоҳи Хурмазд IV (милодий 579 – 590 йилларда ҳукм сурган) нинг қўмондони Баҳром Чубин билан боғлиқ бўлганлигини кўрсатади.

Манбалардаги маълумотлар таҳлилига кўра, Термиз яқинида тож кийган Баҳром Чубиннинг келиб чиқиши Хуросондаги туркий тилли қабилалар билан боғлиқ бўлган. Бу қабилалар Сосонийлар сулоласининг хизматида бўлиб, уларнинг шимолий чегараларини қўриқлаб турганлар.

Ўрта асрларнинг ёзма манбалари, шунингдек нумизматика, эпиграфика, этнография, топонимия ва тарихий лингвистика маълумотларини комплекс равишда ўрганиш натижасида Шамсиддин Камолиддин шундай хулосага келадики, Сомон-худотнинг келиб чиқиши ҳам Баҳром Чубин сингари Хуросоннинг туркий тилли қабилалари билан боғлиқ бўлган. Бошқа тарафдан унинг келиб чиқиши Турк хоқонлигига асос солган ва унинг олий ҳукмдорлари бўлган Ашина уруғи билан боғлиқ бўлган. Сомон-худотнинг иккинчи ватани Фарғона водийси бўлиб, Баҳром Чубин ҳам ҳаётининг сўнгги босқичида ўша ерда қўним топган.

Сомон исмининг келиб чиқиши борасида турли нақлларни ўрганиб, муаллиф охир-оқибат уни буддизм билан боғлаб, Сомон-худот ислом динини қабул этгунга қадар буддизм динига эътиқод этганлиги тўғрисидаги хулосага келади.

Сомонийларнинг айрим тангаларида буддавий рамзлар мавжуд бўлиб, бу ҳам уларнинг буддизмга мойиллигига ишора қилади. Сомон-худотнинг исми баъзи манбаларда Сомон-ябғу шаклида туркийларнинг қабилавий аждодларидан бири сифатида қайд этилган. Термиз саййидларининг шажарасига кўра, Сомон- худотнинг асл исми Арқуқ бўлиб, бу исм ўрта асрларда турклар орасида кенг тарқалган.