Қарз

Қарз
63 views
14 January 2019 - 6:00

Матназар АБДУЛҲАКИМ

ТАНЛАНГАН АСАРЛАР
1 – жилд

“ҚОР ҚЎШИҒИ” КИТОБИДАН

   

ҚАРЗ

           Баҳром Рўзимуҳаммадга

Бир кун мени чинор йўқлаб келганди
назар-писанд қилмай ниҳоллигини…
Сира унутмайман, оддий кун эди,
қуёш қиздирарди аёвсиз,
қақраган эдим мен келмагандан сув.
Бўртай-бўртай деган куртакларим ҳам
яшар эди хазон арафасида.
Беҳол аланглардим… қарасам — чинор
шундоққина келиб жилмайди майин,
шовулламади, гувилламади,
ҳатто сенсираб ҳам ўтирмасдан, секин
шивирлади: «Ахир, уялмайсизми,
сувнинг келишини кутиб турмасдан
илдизни чуқурроқ отсангиз — тамом…»
Кетди-қодди. Мен ҳам қувониб кетдим.
Қандайдир куч топиб ўзакларимдан,
узата бошладим илдизларимни,
айлана бошлади улар томирга,
тирила бошлаган куртакларим ҳам
аста барг бўлдилар,
баргларим — япроқ.
Дарахт бўлиб қолсам эртами-индин,
чинор олдидаги қарзим узай деб
излаб кетажакман ниҳолчаларни.