Остонабобо зиёратгоҳини тиклаш ҳақида мурожаатнома

Остонабобо зиёратгоҳини тиклаш ҳақида мурожаатнома
125 views
07 January 2019 - 8:00

Ассалому алайкум Эркинжон Оқбўтаевич!

Асрлар давомида буюк салтанатларнинг бошкенти бўлган Самарқанд музофотига ҳоким бўлганингиз билан чин юракдан табриклаймиз! Биз Сизнинг улуғлар, подшоҳлар, шайхлар, алломалар ва авлиёлар маскани бўлган улуғ боболар қадамжоларини обод қилишингизга ишонамиз.

Нуробод тумани Остонабобо зиёратгоҳи Ўрта Осиёнинг энг муқаддас зиёратгоҳларидан биридир. Биз май ойида бу қишлоқда бўлдик ва унинг миллий тарихимизда тутган ўрни нақадар катта эканлигини англадик. У ерда авлиёлар, шайхлар ва лашкарбошиларнинг қабристони билан бирга Темурийлар даврида қурилган эски жоме масжиди бор.

Бу ер ислом динидаги Ишқия йўналишининг маркази ҳам ҳисобланади. Остона бобо аслида Амир Темурнинг пирларидан бири Худойқули шайхнинг остонаси сифатида ном олган. Унинг авлодларидан Илёс шайх олий мақомга эришиб, Макка уламоларини ҳам ўз илми билан қойил қолдирган.

Қашқадарё вилоятидаги Лангар ота шайхлари ҳам аслида мана шу улуғ инсоннинг авлодларидирлар. Буларнинг тасарруфида ноёб Қурьони Карим ва пайғамбар ҳирқаси ҳам бўлган. Айтишларича, Иброҳим алайҳиссаломга қурбонлик учун тушган қўйнинг юнгидан тўқилган бу ҳирқа ҳам дастлаб Остонабобода сақланган.

У киши даштликларнинг пири комили ҳисобланадилар. Олтин Ўрда, Оқ Ўрда, хусусан Қозоғистон ҳудудларини ҳам ислом динига киритган ва уларнинг пири ҳисобланади. Шу аснода Қозоғистон туризм маркази билан биргаликда бу ерга инвестиция киритиб, зиёрат тузимини ривожлантириш мумкин бўлади.

Йўлларнинг ёмонлиги, марказдан олислиги туфайли биз у ерга жуда қийналиб бордик. Йиллар бўйича қаралмаган бу ҳудуд абгор ҳолатга келиб қолган. Остонабобони обод қилиш катта маблағ талаб қилади, лекин бошқа яна бир йўл орқали мана шу масофани бир неча баробар қисқартириш ва мана шу зиёратгоҳ, унинг атрофи, масжидни тиклаб вилоятда зиёрат туризмини ривожлантириш мумкин.

Остонабобо зиёратгоҳи ҳақидаги мақолаларимиз билан танишиб чиқиб, ушбу тарихий масканни тиклаб, илгариги ҳаёт қайнаган масканга айлантиришда бош-қош бўлишингизни сўраб, илтимос қилиб қоламиз.

Ҳурмат билан

Ш.Ўлжаева
Темурийлар даври тарихчиси

facebook.com