Мирзиёев сурат олишга бўлган тақиқни яна бир бор бекор қилди

Мирзиёев сурат олишга бўлган тақиқни яна бир бор бекор қилди
88 views
07 January 2019 - 14:10

Би-Би-Си радиосининг хабар беришича, 1 мартдан Ўзбекистонда тасвирга олишни тақиқловчи белги йўқ ҳар қандай жойда фото ва видеотасвирга олишга рухсат берилади. Мирзиёев суратга олишга бўлган тақиқни бекор қилиш учун иккинчи марта ҳужжат имзолади.

Gazeta.uz нинг ёзишича, 1 февралга қадар фото ва видеотасвирга олиш мумкин бўлмаган ҳудудлар ва жамоат жойларининг объектлари рўйхати тузилиши лозим.

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев «Туризм тармоғини жадал ривожлантиришга оид чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорида Ички ишлар вазирлигига ушбу топшириқ берилган.

Қарорда тегишли кўрсаткич белгилари бўлмаган тақдирда фото ва видеотасвирга олишга тўсқинлик қилинмаслиги кўрсатиб ўтилган.

Мирзиёев жамоат жойларида тасвирга олиш борасидаги тўсиқларни бекор қилишга ўтган йили ҳам уринган эди.

2018 йилнинг йилнинг февралида президент «Кириш туризмини ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонни имзолаган.

Фармонда тасвирга олиш чекланган объектлар рўйхати қонун ҳужжатларига мувофиқ тасдиқланаши таъкидланганди. Ўтган йилги фармонда ҳам рўйхатда келтирилган объектларга тасвирга олиш мумкин эмас, деган белги қўйилиши кўрсатилганди.

Бироқ Gazeta.uzнинг ёзишича, тегишли органлар фармонни бажармаган ва суратга олиниши тақиқланган объектларнинг рўйхати шу вақтгача тузилиб, тасдиқланмаган.

Бир неча уринишлардан сўнг 2018 йилнинг 1 июнидан бошлаб қаттиқ қўриқланувчи метроларда тасвирга олишга бўлган тақиқ расман олиб ташланганди, аммо муаммо ҳамон бор.

Метрода суратга олиш мумкинми?

Метрода суратга олиш мумкинлиги борасида аввалига 2018 йилнинг 7 февралида Халқаро пресс-клубда ўша вақтда Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси раҳбари бўлган Азиз Абдуҳакимов маълум қилганди.

Лекин апрель, май ойларида метродан махсус репортаж уюштирган xabar.uz мухбири ҳамон тасвирга олиш учун тўсиқлар сақланиб қолганини билдирганди.

1 июндан Метрополитендан фойдаланиш қоидаларига бу ҳақдаги ўзгартиришлар киритилган ва суратга олишга рухсат берилган бўлса-да, муаммо сақланиб қолинган.

Украинанинг «Орёл и решка» кўрсатуви ижодкорлари кўрсатувнинг навбатдаги сонини Ўзбекистонда суратга олаётганида метрода тасвирга олишга рухсат берилмагани айтишган.

«Тошкент метрополитени» унитар корхонаси ҳаракат хизмати бошлиғи Султон Қодиров 13 ноябрда ЎзАга берган интервьюсида тақиқ олиб ташланган бўлса ҳам у борлигини тушунтирган эди.

“Аммо метрополитен ичида суратга тушиш мумкин дегани, тартибни бузиш, шовқин кўтариш, маъмуриятининг рухсатисиз видеоёзувчи ва бошқа мобил-электрон мосламалари (мобил телефон, смартфон, планшет ва бошқалар) орқали кино – фотосуратга олиш, шунингдек, товуш чиқарувчи ва бошқа техникадан, магнитофон, радиоприёмник эшитиш мосламалари билан ёки уларсиз ҳамда чолғу асбобларидан фойдаланиш, жамоат тартибига хавф солувчи омилларни келтириб чиқариш дегани эмас», – деган у.

ЎХҲ ахборот бўлими