Шавкат Мирзиёев Ўзбекистони очилишга тайёрми?

Шавкат Мирзиёев Ўзбекистони очилишга тайёрми?
43 views
08 January 2019 - 15:45

“Ҳар қандай тўсиқ, ғовнинг олиб ташланиши ҳар доим ижобий воқеълик саналади. Виза эса, ана шундай тўсиқлардан бири бўлади…”. Бу ғарблик нигоҳида президент Мирзиёевнинг янги фармонига билдирилган муносабатлардан бири бўлади.

Ўзбекистон Президенти 5 январ куни “Туризм тармоғини жадал ривожлантиришга оид чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармонни имзолаган.

Мазкур фармон асосида жорий йилнинг 1 февралидан бошлаб 45 давлат фуқароларининг 30 кунлик муддатга Ўзбекистонга визасиз киришларига изн берилган.

Уларнинг сирасига Буюк Британия, Испания, Италия каби аксарият Европа, айрим Лотин Америкаси ва Осиё давлатлари кириши маълум бўлган.

Бундан ташқари, фуқаролари электрон кириш визаларини олиш ҳуқуқига эга мамлакатлар рўйхатига 76 давлат қўшилиши англашилган.

Шу йил 15 мартдан эътиборан амал қилиш муддати 30 кун бўлган икки марталик ва кўп марталик электрон кириш визалари жорий этилиши айтилган.

Шунингдек, чет эл фуқароларининг алоҳида гуруҳлари учун Vatandosh visa, Student visa, Academic visa, Medical visa ва Piligrim visa каби янги виза категориялари (электрон эмас) йўлга қўйилиши кўрсатилган.

Шавкат Мирзиёев ҳали муваққат президент экан, 2016 йилнинг 2 декабр куни жаҳоннинг 27 давлати фуқаролари учун виза тизимида бу каби енгилликлар берилишига фармойиш берган.

Бу каби тартибнинг 2017 йил 1 апрелидан бошлаб кучга кириши белгиланган.

Изолацион сиёсат юритишда танқид қилиб келинган ҳозирда марҳум президент Ислом Каримовнинг чорак асрдан ортиқроқ давом этган бошқаруви ортидан бўй кўрсатган бу янгилик халқаро миқёсда акс-садо берган.

Бу хабар Ўзбекистоннинг “ва ниҳоят ташқи” дунёга очилаётгани нишонаси сифатида кўрилган, талқин этилган ва янгича умидларни пайдо қилган.

Аммо муддатидан илгари бўлиб ўтган сайловларда ғолиб чиқиб, Ўзбекистоннинг янги президенти ўлароқ расман қасамёд келтиришидан саноқли ҳафталар ўтиб, Шавкат Мирзиёев яна бир буйруқ билан чиққан.

Натижада виза тартибидаги енгилликларнинг 2021 йилнинг 1 январига қадар кечиктирилиши маълум бўлган.

Бу янгилик ҳам халқаро миқёсда эътибордан четда қолмаган, таажжуб, тушунмовчилик ва таъбир жоиз, хавотирларга ҳам сабаб бўлмай қолмаган.

Воқеаларнинг бу каби тарихчаси манзарасида президент Мирзиёевнинг, маҳаллий кузатувчилар эътирофида “анчайин кенг қамровли” кутилмаган янги фармони ҳам қатор саволларни пайдо қилмай қўймаган.

Шундай экан, Ўзбекистондаги мавжуд сиёсий, иқтисодий вазият, инфратузилмасининг бугунги аҳволи назарда тутилса, мамлакат бундайин катта ўзгаришларга тайёрми?

Би-би-си Ўзбек Хизмати сўнгги янгилик манзарасида яқинда Ўзбекистонда хизмат сафаридабўлиб қайтган Би-би-си мухбири Бен Тавенерни суҳбатга тортган.

Сафари таассуротлари манзарасида унинг бу янгиликка муносабати билан қизиққан.

Бен Тавенер

Бен Тавенер: Сизга яхши маълумки, Ўзбекистон ҳозир туризмга ўз иқтисодини ривожлантиришга йўналтирилган муҳим стратегиялардан бири сифатида қарамоқда. Ўзбекистон президенти буни аниқ-таниқ баён қилди. Ҳар қандай тўсиқ, ғовнинг олиб ташланиши – ҳар доим ижобий воқеълик саналади. Виза эса, ана шундай тўсиқлардан бири бўлади. Бундан аввал Марказий Осиёга бормоқчи бўлган туристларни олайлик. Улар учун минтақанинг бошқа давлатларига бориш анча осон эди. Ўзим ҳам шундай кишиларни биламан. Улар, “мен Марказий Осиёга боришни жуда истайман. Буюк Ипак Йўлида жойлашган. Гўзал табиати, тоғлари бор, Ҳимолай…”, – дейишади. Саёҳат қиламан, деганларида эса, Қирғизистонга бориш осонроқ экани маълум бўлади. Шундан кейин улар, “аэропортнинг ўзида виза олиш мумкин экан, Қирғизистонга бораман”, – дейишади. Шундай экан, виза каби бир тўсиқнинг олиб ташланиши, сўзсиз, ижобий ҳолатдир. Устига устак, бу – мамлакатнинг тараққиётига қаратилган бир стратегик қадам бўлса. Биз ўтган йилнинг октябр-ноябр ойларида Ўзбекистонда хизмат сафарида бўлдик. Ўшанда Ўзбекистон туризм соҳасини ривожлантириш мақсадида жуда кўп ишларга қўл ураётганини кўрдик. “Афросиёб” тезюрар поезди қатновининг йўлга қўйилиши бунга бир мисол. Тўғри, биз бу тезюрар поездда Тошкентдан Самарқандгача сафар қилдик. Аммо унинг Бухорогача бориши, кейинчалик Хивага қадар узаниши бизга маълум. Бу йўллар нуқтаи назаридан жуда муҳим. Бухорода бўлганимизда янги меҳмонхоналар, янгича инфратузилмага гувоҳ бўлдик. Одамларга ёрдам бераётган махсус милиция ходимларини кўрдик. Жилмайган қиёфадаги милиция ходимларини эса, ҳар доим ҳам дунёнинг бу қисмида кўпроқ авторитар, тоталитар, полиция давлати сифатида кўриб келинган Ўзбекистон билан уйғунликда кўриш мумкин бўлмаган. Аммо ҳозир Ўзбекистоннинг ташқи дунёдаги имижини ўзгартириш учун жуда кўп ишларга қўл урилмоқда. Дейлик, ўтган йили британиялик энг машҳур актрисалардан бири Жоанна Ламли Ўзбекистонга борди. Тасаввур қилинг, бу ерда одамлар яхши кўрган бир инсон Ўзбекистонга бориб, масжид, мақбара, метроларини кўрсатса. У жойларнинг қанчалик ажойиб эканини намойиш қилса…Сўзсиз, бу катта воқеълик бўлади. Бундан ташқари, Британияда “Сага”, деб номланувчи сайёҳлик компанияси ҳам бор. Бу компания ёши элликдан ошган британларга хизмат кўрсатади. Ҳозир бу компания ўзининг мижозларига Ўзбекистонни боришга арзийдиган энг зўр давлатлардан бири сифатида қаттиқ тарғиб қилмоқда. Бундан ташқари, “Lonely Planet” нашриёт уйи ҳам Ўзбекистон нафақат минглаб йиллик тарихга эга ажойиб бир давлат, балкида бориш учун энг хавфсиз жойлардан бири эканини айтиб чиқди. Булар барчасига қўшимча виза тизимидаги енгилликлар Ўзбекистон учун ҳақиқатан ҳам, ижобий бир воқеълик бўлади.

Би-би-си: Сўз ўнлаб давлатлар билан виза тартибидаги енгилликлар, камида 100 минг АҚШ доллари турувчи кўчмас мулк сотиб олган тақдирда, жаҳоннинг 100 дан ортиқ давлат фуқароларига Ўзбекистонда яшаш рухсатномасини берувчи ўзгаришлар ҳақида кетмоқда. Улар эса, шу йилнинг 1 февралидан кучга киради. Шундай экан, Ўзбекистондаги мавжуд сиёсий, иқтисодий вазият, инфратузилмасининг бугунги аҳволи назарда тутилса, мамлакат бундайин катта ўзгаришларга тайёрми?

Бен Тавенер: Мен бу саволингизга фақат ўз тажрибамдан келиб чиқиб жавоб беришим мумкин. Менинг тажрибам эса, бошқа ҳар қандай туристникидан фарқ қилиши мумкин. Ўзбекистонга сафаримиз бир гуруҳ журналистлар учун ташкиллаштирилган. Гарчи сафаримиз туристлар бориб кўриши керак бўлган, улар кўришни истаган жойларни ҳам ўз ичига олган эса-да, анчайин одми эди. Лекин, шунда ҳам, у ерда бўлган туристлар билан суҳбатлашганимизда, уларнинг барчаси мамнун эканини кўрдик. Ораларида Ўзбекистонда қандайдир муаммога тўқнаш келганини айтгани топилмади. Уларнинг айтишларича, Ўзбекистонга келмасларидан аввал милиция билан муаммо бўлса-чи, деган хавотирлари бўлган. Кейин расман никоҳи бўлмаганлар меҳмонхоналарга қўйилмаса, нима қиламиз, деб ҳам ўйлашган. Ўзбекистон президентининг янги фармони бу тўсиқларни ҳам орадан олиб ташлайди. Яна ўша ҳолат. Сиз ғовларни олиб ташлаш билан муаммоларга барҳам берасиз. Бу – яхши нарса. Лекин, бошқа томондан, Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари билан боғлиқ вазият юзасидан тез-тез матбуот нигоҳига тушиб турган. Айрим инсонлар сафар қилишдан аввал ўзлари бораётган мамлакат билан қизиқиб кўришлари, бу эса, уларни инсон ҳуқуқлари билан боғлиқ ўтмиши у қадар яхши бўлмаган давлат ҳукуматини молияласамми-йўқми, деган хаёлга ҳам етаклаши мумкин. Лекин Ўзбекистонда бўлганимизда, бизга ҳукумат мулозимлари билан суҳбатлашишга изн беришди. Бу ҳам авваллари камдан-кам учровчи воқеъликлардан бири бўлади. Сўзсиз, Ўзбекистонда ўзгаришлар юз бермоқда. Ва, агар, уларнинг ўз таъбирларида айтадиган бўлсак, Ўзбекистонга ўтган 20-25 йил эмас, сўнгги икки йилдан келиб чиқиб баҳо беришимиз керак. Албаттаки, охирги икки йил ичида Ўзбекистонда ростдан ҳам жуда кўп ишлар амалга оширилмоқда.

Би-би-си: Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг “Туризм тармоғини жадал ривожлантиришга оид чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони қанчалик кенг қамровли экани билан кишининг эътиборини ўзига тортади. Сизнингча, бу фармон катта сондаги хорижлик сайёҳларни қисқа фурсатда Ўзбекистонга жалб қилиш учун етарли бўладими, кифоя қиладими?

Бен Тавенер: Агар, биргина фармоннинг ўзини оладиган бўлсак, йўқ. Бу хорижлик туристларни жалб қилиш учун Ўзбекистонда қўл урилган қатор қонуний ва амалий қадамларнинг бир қисми бўлади. Бу амалий ишга ҳам кўчиши керак. Турли рекламалар қилиниши, дастурлар уюштирилиши мумкин. Аммо одамлар қайтиб келгач, жуда осон экан, виза йўқ, ўзгаришлар бўлаяпти, энди тўловларни банк карточкалари билан амалга оширишингиз мумкин, деб айтадиган бўлишса…Булар майда, аммо осонлик билан ҳал қилиш мумкин бўлган амалий ишлар. Ўзимиз ҳам Ўзбекистонда экан, тўлов учун банк карточкасидан фойдалана олмасликдан анча қийналганмиз. Катта сўммадаги пулни пластик халтада ўзимиз билан кўтариб юрганмиз. Бу каби ҳолатда ғарблик турист ўзини хавфсиз ҳис қилмаслиги мумкин. Чунки биз ҳамма нарсани банк карточкаси орқали тўлашга ўрганиб қолганмиз. Агар, одамлар саёҳатдан, “Ҳеч қийналмадик, хавфсиз экан, ҳамма нарса яхши ташкиллаштирилган, овқатлари яхши, тарихи ва жойлашувини минтақадаги бошқа давлатлар билан таққослаб бўлмайди”, деган гаплар билан қайтишса, буларнинг барчаси ижобий тасаввурнинг уйғонишига хизмат қилади. Сўзсиз, Ўзбекистон ўтган чорак асрдан мерос қолган имижини яхшилаш учун ҳали яна кўп иш қилиши керак. Ўзбекистон ҳозир туризм ўз иқтисодини гуллаб-яшнатишига имкон бериши учун лозим бўлган қадамларни қўймоқда ва бунга тўлиғича қўйиб бериши керак. Бу йўлдаги тўсиқларни олиб ташлаш билан ҳам тўғри иш қилмоқда.

Би-би-си: Ўзингизга келсак, Бен. Бу каби ўзгаришлар ортидан, шу яқин йиллар ичида журналист эмас, бу гал ғарблик оддий бир сайёҳ сифатида Ўзбекистонга сафар қилиш режангиз борми?

Бен Тавенер: Сўзсиз, Ўзбекистонга қайтиб сафар қилишни жуда истаган бўлардим. Биринчидан, ўтган йил Ўзбекистонда экан, тўлиғича иш билан банд эдик. Бориб кўришни истаган жойларимиз кўп эди. Аммо телевизион жамоанинг бир қисми бўлиб бормаганманми, бир жойни узоқ вақт тасвирга олишимизга тўғри келган. Сўзсиз, Ўзбекистонга яна бориш, кўрмаган жойларимни кўришни жуда истайман. Масалан, ўтган йил Хивага боролмаганман. Ургутга борганимизда эса, об-ҳаво ёмон бўлган. Жуда гўзал экани шубҳасиз, аммо кўнгилдагидек айлана олмаганмиз. Шундай экан, қайтиб бориб, кўрамаган, деган жойларим бирталай. Аммо мен одатий турист эмасман. Россия ва собиқ Совет Иттифоқи бўйича мутахассисман. Шу йўналишда таҳсил олганман. Ўзбекистон ҳақида ҳам олдиндан биламан. Ўзбекистон ҳар доим менга мўъжизакор бўлиб туюлган. Ўтган йил Ўзбекистонга борганимда ҳам, олган суратларимни ижтимоий мулоқот тармоқларида бўлишганман. Дўстларим роса қизиқиб қолишган. “Қаер бу ер, Ўзбекистон ҳақида эшитганман, Борат гапирадиган мамлакатми, қаерда жойлашган, нималари билан машҳур”, – деб сўрашган. Кейин Ўзбекистон ҳақида яхши гапларни эшитишган, ўқиб, ўрганиб, унинг Буюк Ипак Йўлида жойлашганидан хабар топишган. Таомлари ажойиб экани, қадимий тарихи борлигини билишган. Буларнинг барчаси уларда Ўзбекистон ҳақида яхши тасаввур пайдо қилган, бир кун Ўзбекистонга бориш фикрини уйғотган.

Би-би-си: Якунида Ўзбекистон ҳақида энг яхши ва энг ёмон таассуротингиз? Нимаси ёқдию, нимаси ёқмади?

Бен Тавенер: Тилга оладиган бирор бир ёмон нарса йўқ. Энг ёмони – фақат ишлашимизга тўғри келгани (кулади). Ихтиёримизда кўпроқ вақт бўлганида қани эди. Аммо шунда ҳам бу сафаримизни қадрлайман. Чунки энг зўр жойларни кўрсатишди, ишлашимиз осон кечди. Жуда яхши муносабатда бўлишди. Агар, ҳамма ҳам шундай таассуротда бўлса, бу – ажойиб. Аммо, назаримда, биз ростмана Ўзбекистонни кўра олмадик. Агар қандайдир бир салбий нуқтаси бўладиган бўлса, балки шудир. Чунки ҳақиқий Ўзбекистонни кўра олдимми-йўқ, ҳалиям бунга ишончим комил эмас. Чунки оддий одамларнинг уйларига боришни жуда истардим. Ҳар бир уйда кўркам безатилган меҳмонхоналари борлиги, меҳмоннинг у ерда қанчалик иззат-ҳурмат билан қарши олиниши менга маълум. Оддий одамларнинг кундалик ҳаётлари, таъбир жоиз, ростмана ҳаётни кўришни истардим. Энг зўр томонларига келсак, улар озмунча эмас. Тарихи… Яна мен ҳақиқий паловхўрман. Паловни жуда яхши кўраман. Омадимизни қарангки, Тошкентдаги палов марказида бўлдик. Тасвирга олдик. Ошпаз билан бирга 400 килолик гуруч дамладик. Ажойиб бўлганди. Жуда яхши таассуротлар. Яна бир бор, аммо бу гал мазза қилиб, бу ҳисларни қайта туйишни истардим.

Манба: Би-Би-Си Ўзбек