Маҳмуд Ялавоч тарихи

Маҳмуд Ялавоч тарихи
29 views
09 January 2019 - 7:00

МАҲМУД ЯЛАВОЧ ТАРИХИ. ЯЛАВОЧ-ЭЛЧИ ДЕГАНИМИ?

Маҳмуд ялавоч, Маҳмуд Хоразмий (?— 1254, Пекин) — Чингизхон хизматида бўлган хоразмлик савдогар. Чингизхон томонидан Муҳаммад Хоразмшоҳ ҳузурига элчи бўлиб келганлиги учун ялавоч (элчи) лақаби билан машҳур. М. Я. қорахитойлар хизматида ҳам бўлган (1211). Чингизхон савдо-сотиққа катта эътибор бериб, карвон йўлларининг бехатарлигини таъминлаш билан бирга мусулмон савдогарларига ҳурмати баланд бўлган. Шу туфайли Мўғулистонга келиб савдо қилганлар орасида Бухоро, Самарқанд, Ўтрор, Хўжанд каби шаҳарлардан келганлар кўпчиликни ташкил қилган.

Улар орасида Маҳмуд ҳам бўлган. 1218 йил баҳорида Чингизхон уни бухоролик Алихўжа (Али хочже), ўтрорлик Юсуф Жаҳонгир (Юсуфу-Жянке) ҳамрохлигида Муҳаммад Хоразмшоҳ саройига элчи (ялавоч) қилиб юборган. Сафар олдидан Чингизхон уларга катта миқдорда совғағсаломлар ва ўз мактубини топширади. Мактубда Чингизхон Хоразмшоҳни “ўғлимдек яхши кўраман” деб таъкидлаб уни итоатга чақирган. М. Я. бошчилигидаги элчилар Бухорода Муҳаммад Хоразмшоҳ билан учрашиб, унга Чингизхоннинг совғалар ва мактубини топширганлар. Хоразмшоҳ мактубни ўқигач, биронта сўз айтмай, келган элчиларни кузатиб қўйишни буюрган.

Мўғуллар истилосидан сўнг М. Я. Хўжандга кўчиб келиб, бир неча вақт Чингизхон номидан Мовароуннахрни идора қилган, вилоятларни бошқаришда босқоқпк мансабини жорий этган. Шунга кўра, у йиғилган солиқларни Чиғатойга эмас, балки тўғридан тўғри Чингизхон саройига юбориб турган. Бу ҳол Чиғатойга ёқмас эди, чунки отаси унга суюрғол қилиб берган ҳудудга М. Я. ҳокимлик қилган жойлар ҳам кирар эди. Бундан ташқари, Чиғатой будда динига эътиқод қилгани туфайли М.Я.нинг ислом динига қаттиқ амал қилиб, бузилган шаҳар ва уй-жойларни, иқтисодий ва маданий ҳаётни тиклашига, мактаб ва мадрасалар қурилишига катта эътибор беришига қарши бўлган.

Шу туфайли Чиғатой М.Я.дан қутулиш йўлини ахтариб, фурсат пойлаган. 1227 йил М.Я.ни қўллаб-қувватлаб турган Чингизхон вафот этган. 1238 йил Бухорода Маҳмуд Торобий қўзғолони бўлган. Чиғатой қўзғолонда М.Я.ни айбдор деб топиб, уни жавобгарликка тортиш учун Хитойга жўнатган.

Хитой манбаларида М.Я.ни Торобий қўзғолонининг сабабчиси сифатида жавобгарликка тортилгани ёки тортилмагани ҳақида маълумот йўқ. Юан сулоласи тарихида кўрсатилишича, Ўқтойхон ҳукмронлигининг сўнгги йили, яъни 1241 йил 10-ойида М. Я.га Хитой аҳолисининг маъмурий ишларини бошқариш вазифаси юклатилган. Гуюкхон (1246—48) ва Мунке (1251 — 59) даврида ҳам М. Я. юқори лавозимни сақлаб қолган. Хусусан, 1251 йил у Пекин шаҳрига ҳоким этиб тайинланган. Хитой манбаларида М. Я. Ғарбий ўлкалар (Ўрта Осиё ва Шарқий Туркистон)ни бошқарувчи бош нозир сифатида эслатиб ўтилган. М, Я. Пекинга қисқа муддат ҳокимлик қилган бўлсада, шаҳар қурилиши ва ободончилиги йлида катта ишларни амалга оширган ва унга кўплаб туркистонликларни жалб қилган.

М. Я. нинг кичик ўғли Алибек (? — 1281) Шарқий Туркистоннинг Или вилояти ҳокими этиб тайинланган. Хубилай мўғуллар улуғ қоони этиб тайинланганда (1260) у марказий ўрдага чақиртирилиб, давлат ишларига жалб этилган. 1267 йил — маслаҳатчи, 1272 йил ўнг қўл вазир этиб тайинланган. Шунда унга Хенан ўлкасининг маъмурий ишлар бошлиғи вазифаси топширилган. 1276 йил у Жянгхуэй ўлкалари ҳокими этиб тайинланган. Бироқ 1281 йил бошида Алибек туҳмат балосига учраб, хоқон амрига хиёнат қилганликда айбланиб қатл этилган.

facebook.com