Ўрхон Жамол иши: Африкада ҳалок бўлган россиялик журналистлар ўлимида Москванинг қўли борми?

Ўрхон Жамол иши: Африкада ҳалок бўлган россиялик журналистлар ўлимида Москванинг қўли борми?
95 views
13 January 2019 - 19:14

Михаил Ходорковскийнинг “Досье” маркази Марказий Африка Республикасида ҳалок бўлган журналистлар Ўрхон Жамол, Александр Расторгуев ва Кирилл Радченко иши бўйича ўз текширув натижаларини эълон қилди.

Журналистлар Россияда асосланган дея кўриладиган “Вагнер хусусий ҳарбий компанияси”нинг МАРдаги фаолиятини тадқиқ этиш ниятида бўлган. Улар ўтган йилнинг 30 июль куни қуролланган номаълум шахслар томонидан отиб кетилган, қурбонларнинг жасади Сибю шаҳридан 23 километр узоқда топилган.

“Досье” маркази журналистлар олдиндан жиддий тайёрланган суиқасд оқибатида ҳалок бўлган, деган хулосага келган.

Бироқ 11 январь куни Россия Тергов қўмитаси текширув натижаларини рад этиб чиқиб, журналистларнинг ўғрилик қурбонига айланганини таъкидлаган.

«Путин ошпази» номи билан таниқли Евгений Пригожинга алоқадор экани тахмин этиладиган «М-Финанс» компаниясининг молиявий ҳужжатлари ва журналистлар ўлдирилган кунда МАР ҳудудида бўлган Вагнер ҳарбий компанияси жангчиларининг шахсий маълумотларини, Би-би-си ихтиёрида мавжуд маълумотларга кўра, “Досье” маркази тадқиқотчилари МАРдаги ўз манбалари ёрдамида қўлга киритишга муваффақ бўлганлар. Сўнг олинган маълумотлар ҳақиқийлиги Украина Хавфсизлик Хизмати тақдим этган ҳужжатлар билан тасдиқланган.

Текширув жараёни билан яқиндан таниш бўлган икки манба “Досье” маркази ўтказган тадқиқотга Исроил армияси махсус бўлинмасининг собиқ ходими раҳбарлик қилганини маълум қилди.

Умумий ҳисобда, Украина махсус хизматлари қўлида қотиллик юз берган куни МАР ҳудудида бўлиши мумкин бўлган Вагнер компаниясининг 17 жангчисига тегишли исмлар, паспорт маълумотлари ва шахсий рақамлар бўлган. Ушбу жангчиларнинг етти нафари ҳарбий компанияга анча олдин келиб қўшилган ва Украина ҳамда Суриядаги ҳарбий ҳаракатларда иштирок этиб ҳам улгурган.

5654 дан 5662 сериягача бўлган шахсий рақам олган саккиз жангчининг 2017 йил охири ёки 2018 йил бошида Вагнерга қўшилгани аниқланган. Ҳарбий компания айнан шу вақтдан Африкадаги илк фаолиятини йўлга қўя бошлаган.

Шахси аниқланган ва Вагнерга яқинда қўшилган жангчилар орасида Александр Сотов ва МАР президентининг хавфсизлик масалалари бўйича маслаҳатчиси Валерий Захаров ҳам борлиги маълум бўлган. “Досье” маркази айни шу шахсларнинг қотиллик амалга оширилиши олдидан журналистларни таъқиб этиш амалиётини ташкил этганликда гумонламоқда.

Марказ текшируви хулосасида журналистлар ижодий гуруҳи ортидан таъқибни маҳаллий жандармерия ходимлари ва Вагнер жангчилари ташкил этган, дейилади.

“Досье” маркази вакилларининг таъкидлашига кўра, МАР жандармерияси ходими Эммануэль Котофио 28 июлдан 30 июлга қадар ўтган вақт оралиғида суратга олиш гуруҳи ҳайдовчиси Бьенвеню Ндувокама билан телефон орқали 47 бор боғланган. Айнан Ндувокама россиялик журналистларни қотиллик содир этилган жойга олиб келган ва суиқасддан омон қолган ягона шахс бўлган.

Текширув натижасидан маълум бўлишича, Ндувокама журналистлар билан алоқа қилиш мақсадида сохта исмдан фойдаланиб, телефон сим-картаси сотиб олган.

Бундан ташқари Мартин номи билан маълум маҳаллий йўлбошловчи ва маслаҳатчи ҳам Эрика Мустерман (Erica Mustermann, исмнинг Русча муқобили Василиса Пупкина) сохта исми билан сим-карта харид қилган.

Журналистларга ҳужум уюштирилган вақтда жандармерия ходими Котофио ёки жиноят жойида бўлган ёки бевосита шу яқин атрофда жараённи кузатиб турган. Тадқиқотчилар унинг телефонидаги биллинг маълумотларни ўрганиб чиқиб, шундай хулосага келганлар.

slide Михаил Ходорковскийнинг “Досье” нотижорий лойиҳаси тақдимотидан слайд

Бу давр давомида Эммануэль Котофио Россия Федерацияси фуқароси, мамлакат ишки ишлар вазирлиги собиқ зобити ва ўша куни ЖАР ҳудудида бўлиши мумкин бўлган Александр Сотов билан 97 марта телефон орқали боғлангани тахмин қилинмоқда. Икки шахс ўзаро телефон мулоқотини 1 июлдан бошлаган ва сўнгги қўнғироқ август ойининг биринчи кунларида, яъни қотиллик юз берган заҳоти амалга оширилган.

Украина Хавфсизлик Хизмати (СБУ)нинг таъкидлашича, Сотов матбуот петербурглик машҳур бизнесмен Евгений Пригожинга алоқадор, дея бир неча бор тахмин қилган «М-Финанс» компаниясининг ходими бўлиши мумкин.

“Досье” маркази маълумотига кўра, Вагнер таркибида Александр Сотовга М-5661 шахсий рақами берилган бўлиши мумкин. СБУ Александр Сотовнинг рақами, деб атаган мобил телефон GetContact иловасида “Александр Сотов” номи билан чиққан. Бироқ Би-би-си мухбири ушбу рақамга қўнғироқ қилиб кўрганда, гўшакни ўзини Каменногорскдан бўёқчи Зоя дея таништирган аёл кўтарган.

Аёл бу рақамни бир йилдан буён ишлатаётгани ва Александр Сотов номли шахсни танимаслигини айтди.

Шунингдек, “Досье” маркази тадқиқотчилари жандарм Эммануэль Котофионинг Судан ҳудудида россиялик ҳарбий инструкторлар раҳбарлиги остида тайёргарликдан ўтганини таъкидламоқда.

Котофио Тадқиқотчилар Эммануэль Котофиони Мартин билан “боғловчи” ва “бош гумондор” дейишади

Котофионинг Facebook’даги шахсий саҳифасида унинг ҳайдовчи бўлиб ишлагани, ҳозирда эса, МАР хавфсизлик хизмати – Миллий Жандармерия таркибида хизмат қилаётгани кўрсатилган.

МАРдаги манбалар тақдим этган маълумотларга кўра, Котофио журналистлар ўлдирилган куни Сибутедаги жандармерия блокпостига номаълум шахслар билан бирга келган. Постда турган жандармлар билан гаплашиш учун машинадан тушганда, уни таниб қолганлар. Котофио фуқаро кийимида бўлган, аммо ўзини жандарм сифатида таништирган.

Журналистлар ўлимидан бир неча кун ўтгандан сўнг блокпостда тўхташга буйруқ берган полициячиларга қарата тўппончадан ўқ узгани учун Котофиони ҳибсга олганлар. Бироқ бироздан сўнг у қўйиб юборилган.

Ушбу текширув натижаси эълон қилиниши арафасида тадқиқот муаллифлари Котофио билан турли усулларда боғланишга уриниб кўрди, лекин ҳаракатлардан бирор натижа чиқмади. Би-би-си Рус Хизмати МАР ҳукумати матбуот котибига Эммануэль Котофионинг россиялик журналистлар ўлими билан алоқадорлиги борасида бирор текширув ўтказилаётгани ёки йўқлигини сўраб, мурожаат қилди ва ҳозирда бу сўровга жавоб кутмоқда.

“Фиксер Мартин”

Ўрхон Жамол, Александр Расторгуев ва Кирилл Радченконинг ўлими оммага 2018 йилнинг 31 июлида – қотилликдан бир кун ўтиб, маълум бўлган. Улар Вагнер номи билан машҳур Россияда асосланган ҳарбий компания сифатида кўрилувчи гуруҳ фаолияти ҳақида ҳужжатли филм суратга олаётган эди. Филм «Тадқиқотларни Бошқариш Маркази» (ЦУР) доирасида эълон қилиниши кўзланган ва уни Михаил Ходорковский молиялаётган эди.

Қотилликка қадар икки кун давомида журналистлар россиялик ҳарбийлар Марказий Африка Республикаси миллий армиясини тайёргарликдан ўтказаётган Беренго базасига киришга уринган. Бироқ улардан МАР мудофаа вазирлигининг ёзма рухсатномасини талаб қилганлар.

Шундан сўнг ижодий жамоа Бамбари шаҳрига йўл олган. Журналистлар у ерда Мартин исмли фиксер (ижодий гуруҳга ташкилотчилик ва бошқа масалаларда ёрдам берувчи маҳаллий шахс) билан учрашиши лозим эди.

Мартиннинг контактларини журналистларга «Янгиликлар Федерал Агентлиги» (РИА ФАН) мухбири Кирилл Романовский ҳали Москвадаёқ берган. Мазкур нашрни ҳам «Конкорд» компанияси раҳбари, таниқли ресторатор ва «Путин ошпази» номи ҳамда “троллар фабрикаси” асосчиси сифати маълум Евгений Пригожинга алоқадор кўрадилар.

Шунингдек, Пригожиннинг Вагнер хусусий ҳарбий компаниясини ташкил этгани ва уни молиялаб келиши тахмин этилади.

Банги ЦАР

“Досье” маркази тадқиқотчилари Мартин исмли шахс ҳаётда мавжуд эмас ва РИА ФАН мухбири эса аслида йўқ шахс номи ёрдамида журналистларни чалғитган бўлиши мумкин, деган хулосага келган. Бироқ Кирилл Романовский у билан қачонлардир Берлинда танишганини таъкидлайди.

Бундан ташқари Романовский бунга қадар МАРда бўлмаганини маълум қилган, аммо “Досье” маркази ходимлари ўз ихтиёрида мавжуд маълумотларга асосланиб, 2018 йилнинг май ойида Романовскийнинг Судан орқали ушбу мамлакатга киргани, сўнг МАР пойтахти Бангидан Санкт-Петербургга учиб кетганини тахмин қилмоқда.

Одатда, Романовский ўзининг хорижий саёҳатларини ижтимоий тармоқлар орқали кенг ёритиб келади. Бироқ у МАРга ташрифини бирор жойда ошкор этмаган. Романовский Судан ва МАР чегарасини исмлари Би-би-сига маълум Вагнер жангчилари ҳамроҳлигида кесиб ўтган бўлиши мумкин.

11 январь куни Романовский Новая Газета’га МАРга сафар қилганини тан олган:

«Бу МАР аҳолиси учун дала госпиталлари, дори-дармон ва бошқа ёрдамлар етказиб бераётган инсонпарвар конвойнинг фото ва видео суратга олиш бўйича тижорий буюртмаси эди. Буюртма ўта шахсий бўлгани учун унинг тафсилотларини очиқламасликни маъқул билган эдим.»

“Досье” маркази Кирилл Романовский “фиксер Мартин” рақамини ўзининг телефон контактлари базасига Ўрхон Жамол гуруҳи билан боғлангандан икки кун ўтибгина, киритганини аниқлаган.

Ўзини Мартин сифатида таништирган шахс журналистларга Бамбари шаҳрида эканини айтиб, бу ерда алоқа ёмонлигидан телефонда сўзлаша олмаслигини қайта-қайта таъкидлаган ва фақат WhatsApp орқали ёзиши мумкинлигини маълум қилган. Журналистлар айнан у билан учрашишга кетаётган чоғда отиб ўлдирилган.

Бироқ биллинг маълумотларини ўрганиб чиққан тадқиқотчилар WhatsApp орқали алоқага чиққан «Мартин»нинг рақами, журналистларнинг МАР ҳудудидаги бутун ҳаракати давомида, фақатгина пойтахт Бангида фаол бўлгани ва у ердан жилмаганини аниқлаган.

“Досье” маркази шахси сир қолишини истаган манбадан Кирилл Романовский ва Михаил Бурчик ўртасида кечган ёзишмани қўлга киритишга муваффақ бўлган. Бурчик 2018 йилнинг февраль ойида АҚШ адлия вазирлигининг санкция рўйхатига киритилган. Вазирлик унинг 2014 йилдан бери Санкт-Петербургда жойлашган “троллар фабрикаси” сифатида кўпроқ машҳур «Интернет Тадқиқотлар Агентлиги»нинг ижрочи директори сифатида фаолият юритиб келмоқда, деб ҳисоблайди.

Манбалар Бурчикнинг у ердаги меҳнат фаолияти тўғрисидаги маълумотларни Би-би-сига тасдиқлади.

“Досье” маркази қўлига келиб тушган ёзишмада Бурчик ва Романовский РИА ФАН мухбирининг Мартин билан Берлинда танишганига журналистларни қандай ишонтириш йўлларини муҳокама қиладилар.

“Досье” маркази вакили Би-би-сига ёзишмадан ташқари Бурчикнинг гўё Россия генштаби раҳбарияти томонидан қўл соати билан тақдирлангани тўғрисида маълумотга эга бўлганларини ҳам хабар қилди.

Ўзи билан боғланган Би-би-си мухбирига Бурчик “МАРда ҳалок бўлган россиялик журналистлар ҳақида август ойидагина эшитгани, ижтимоий тармоқлардан фойдаланмаслиги ва Кирил Романовский билан шахсан таниш эмаслиги ва бирор марта кўришмагани”ни таъкидлади.

«Жин урсин, жуда кулгили!» дея муносабат билдирди Бурчик Би-би-си мухбирининг генштаб томонидан қўл соати билан тақдирлангани тўғрисидаги саволига. «Менинг соатим жуда оддий, уни кўп йиллардан буён тақаман.»

Евгений Пригожин ва Кирилл Романовский Би-би-си Рус Хизматининг “Досье” маркази текшируви натижаларини изоҳлаш бўйича йўллаган сўровини эътиборсиз қолдирди.

Тергов қўмитаси нима дейди?

Россия Тергов қўмитаси Михаил Ходорковский маркази ўтказган текширувни «хавфли ҳудудга сафарга тайёрланиш чоғида йўл қўйган ўз хатоларини оқлаш» дея атаган.

“Матбуотда ушбу мавзудаги мақолаларни ёйинлай туриб, Тадқиқотларни Бошқариш Маркази хавфли ҳудудга сафарга тайёрланиш давомида ўзи йўл қўйган хатоларни бўлиб ўтган воқеада бегуноҳ шахсларни айблаш йўли билан оқлашга яққол уринмоқда,” таъкидланади муассаса эълон қилган баёнотда.

Тергов қўмитасига кўра, журналистларга ҳайдовчилик қилган Бьенвеню Ндувокаманинг жандармерия органларига ҳеч қандай алоқаси йўқ.

Журналистлар у билан Банги шаҳридаги кафелардан бирида танишган ва “унинг инглиз тилини билгани ва пикап-йўлтанламас машинаси бўлгани сабабли” ўзларига ёрдамчилик қилишни таклиф қилганлар, қайд этади Тергов қўмитаси.

Тергов қўмитаси талқинига кўра, журналистлар қора танли шахслардан иборат бўлган, араб тилида сўзлашувчи қуролли гуруҳ томонидан тўхтатилган. Ўғрилар ижодий гуруҳнинг шахсий буюмлари ва аппаратларини тортиб олишга уринган.

«Рад жавоби ва қаршилик кўрсатишлардан сўнг шахси номаълум қуролланган кишилар Россия фуқароларига қарата ўқ уза бошлаган. Ҳайдовчи ҳужумни амалга ошираётган шахсларнинг чалғиб қолганидан фойдаланиб, автомобилда воқеа жойини тарк этган,» маълум қилади Россия Тергов қўмитаси.

Айни вақтда РИА ФАН “Досье” маркази олиб борган тадқиқот натижасининг ҳақиқийлигини текширишни сўраб, Тергов қўмитасига очиқ мактуб йўллаган.

“Ўзини “Досье” деб атовчи аноним, балки, фирибгар шахслар гуруҳи ижтимоий тармоқлар ва матбуот орқали «Янгиликлар Федерал Агентлиги» ходими Кирилл Романовскийнинг ҳарбий мухбир шаънига ва обрўсига путур етказадиган маълумотлар тарқатмоқда,” дейилади очиқ хатда.

2018 йилнинг декабрь ойида, йиллик матбуот конференцияси давомида Владимир Путин МАРда ҳалок бўлган журналистлар ишини шундай изоҳлаган эди: «Бугунги кунда мавжуд маълумотларга кўра, суиқасдни қандайдир маҳаллий гуруҳлар амалга оширган. Менинг қанчалик билишимча, ҳозир тергов кетмоқда. Ишончли маълумотлар, афсуски, ҳалича мавжуд эмас, лекин биз улар қўлга киритилишига жуда умид қиламиз.»

Манба: Би-Би-Си Ўзбек