Мактабларда ҳижобга рухсат берсак, Исо алайҳиссаломнинг хочлари пайдо бўлади

Мактабларда ҳижобга рухсат берсак, Исо алайҳиссаломнинг хочлари пайдо бўлади
55 views
13 January 2019 - 19:19

Дин ишлари қўмитаси таълим муассасаларида рўмол ўраб юришга рухсат берилмаслигига шу тарзда изоҳ берди. Facebook ни шахсан кузатишини айтган Нуримон Абулҳасан у ерда Ўзбекистонни иккига бўлишга ҳаракат қиладиган кучлар борлигини айтган.

Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита раиси ўринбосари Нуримон Абулҳасан Qalampir.uz сайтига махсус интервью берди.

У мактабларда қизларнинг рўмол ўраб келишига қўйилган тақиққа ҳам жавоб бериб ўтган.

“Агар биз таълим муассасаларида диний атрибутларни тақиш, ўраб юриш ёки уларни намоён қилишга рухсат берадиган бўлсак, бу фақатгина соқол билан рўмол бўлмайди. Довуд алайҳиссаломнинг юлдузлари пайдо бўлади. Исо алайҳиссаломнинг хочлари пайдо бўлади”, дея изоҳлаган у фикрини.

Нуримон Абулҳасан, диний эътиқод эркинлиги масаласини кўтараётган шахслар шунга розими, дея савол берган.

“Соқол қўяйлик мактабда, бошқа атрибутларни ҳам намоён қилайлик. Кейин эса ўша 130 дан ортиқ миллат ва элатларнинг ҳам ўз динларини намоён қилиш ҳолатлари юзага келаверсин, дейишга розими? Агар рози бўладиган бўлса, у қандай шаклда бўлади?”, – деган у.

Нуримон Абулҳасан Ўзбекистон Республикаси ҳудудида динга эътиқод қилувчи фуқаролар ҳуқуқи чекланяпти, дейишлик хато эканлигини таъкидлаган.

2018 йилнинг июль ойида Халқаро пресс клубда гапирган Нуримон Абулҳасан ижтимоий тармоқдагиларнинг нишони остига тушганди.

Ёш болаларнинг масджидга келиш масаласида гапирган расмий ўзбекистонликлар болаларини мода учун масжидга бергани сабаб Нобель мукофотини ололмаётганини айтган эди.

Qalampir.uz га берган интервьюсида у бу масалага ҳам батафсил тўхталган.

Жавобда у ўзини кўричакни даволашга ҳаракат қилган вақти кофир дея тамғаланган Ибн Синога тенглаштирган. Танқидчиларни эса ҳамма даврда учрайдиган жоҳилларга тенглаштирган.

“Ибн Сино айниқса кўричакни олишга ҳаракат қилган пайтда, кофир деган тамғани ҳам беришган. Жоҳиллар ҳамма даврда бўлган. Бугунги кунимиз ҳам жоҳиллардан ҳоли эмас. Энди биз жоҳилларнинг шундай гапига эътибор бериб, уларнинг даражасига тушадиган бўлсак, унда биз ҳам жоҳил бўлиб қоламиз”, деган у.

Дин ишлари бўйича қўмита раиси ўринбосари ибодат қилиши учун, ҳар бир инсон бу борада илмга эга бўлиши кераклигини таъкидлаган.

“Биз ҳеч қачон ҳеч кимни масжиддан тўсиш ёки ҳоказо ғояларни илгари сурмаймиз. Республикамизда ҳам бундай ғоялар йўқ”.

Бироқ шу билан бирга у мактабларга диний таълим киритиш ғоясини савол остига олган.

“Буни жорий қилдик дейлик, лекин бунга нималар киради? Диний таълимдан 10.000 та мактабда кимлар дарс беради, деган саволга жавоб беришсин”, деган у.

Нуримон Абулҳасан қонуний диний таълимни қаердан олиш масаласи ҳақида гапирганида очилаётган Қуръон курсларини мисол қилган ва диний таълимни ўрганишга талаб катта эмаслигини айтган.

“Ҳамма бирданига шу масалани кўтарган пайтида кўпчилик ҳамма ёппасига бориб шу курсларда ўқийди деб тушунди. Лекин мана биз расмий очиб қўйдик. Ваҳоланки, ҳозирги кунда талаб у қадар катта эмас”.

Дин ишлари қўмитаси раиси ўринбосари Facebook ни шахсан ўзи кузатишини таъкидлаган ва у ерда Ўзбекистонни иккига бўлувчи кучлар борлигини таъкидлаган.

“Энди очиқ гапирадиган бўлсак, Facebook’ни шахсан ўзим кузатаман. Бу ерда махсус шу ишларни амалга оширадиган ва инсонларни, жамиятни, Ўзбекистонни иккига бўлишга ҳаракат қиладиган кучлар бор. Бу – хавф”, деган у.

У интернетда фаол бўлганларнинг моддий таъминоти яхшилигини айтган.

“Тасаввур қилинг, 24 соат интернетда ўтириш дегани бу маблағ билан таъминланганлик. Мен фарзандларимни боқиш учун керак бўлса, кунига 12-14 соатлаб ишлайман. Энди яна тасаввур қилинг. 24 соат интернетда ўтириб фақат одамларни ғийбат билан диванда ётиб олиб бошқараётганларнинг таъминоти яхшида. Демак унинг бир ишнинг бошини тутишдан хавотири йўқ”.

Манба: Би-Би-Си Ўзбек