Аввало ўзимиздаги иллатларни йўқотишга куч топишимиз лозим

Аввало ўзимиздаги иллатларни йўқотишга куч топишимиз лозим
17 views
14 January 2019 - 9:00

Бугун бизга бир озгина сўз эркинлиги берилди. Эътибор бердингизми, бир юмалаб ҳаммамиз “ақлли” бўлиб олдик. Биз ҳамма нарсани биламиз.., фақат атрофимиздаги бошқалар иллатга кўмилгандек гўё…

Энди келинг, ақл билан, соф виждон билан фикр юритиб кўрайлик. Бугун ҳамма коррупция, порахўрлик, таниш-билишчилик ҳақида чиройли гаплар айта олади, “класс” мақолалар ёза олади. Лекин.., ўзимиз эмасми, бирор юмуш билан бирор жойга борганда тезроқ ишимиз битиши учун кўзимиз мўлтираб таниш излайдиган.., ўзимиз эмасми, ишим ҳал бўлса сизни албатта рози қиламан, деб тавозе билан ялтоқланадиган?

Ахир шахсий ишларимизга келганда тўқсон туққиз фоизимиз мойилмизку ўша таниш-билишчилик, порахўрликка. Ҳалоллик ҳақида ҳаммамиз бонг урамизу, нега фарзандимизни, ака-укаларимизни ёки яқин танишларимизни “ёғли” жойга ўтириб олганидан болаларча қувонамиз. Агар ўша инсон бирор ишимизни ҳал қилиб бермасинчи, уни тинч қўямизми? Одамгарчиликдан чиқариб қўя қоламиз дарров.

Энг кулгили томонларимиздан бири, бирор маъсул кишини хатосини айтсангиз, бирдан шароитни тўғри тушунтирадиганлар, адвокатлик қилиб, сизни туҳматчига, “халқ душмани”га чиқариб қўядиганлар кўпайиб кетади. Нега шунақа? Чунки у одамдан манфаатдорлар тиқилиб ётибди. “Оғирни устидан, енгилни остидан” юрадиганларга жудаям керак бундай “ноёб кадр”лар. Афсуски, шундай “кадрлар”га муҳтожлар муҳтож эмаслардан кўпрок.

Атрофга қаранг, ҳамма ўғрилар ишининг баракаси учун худодан нажот сўраяпти ва мақсади амалга ошганида худога шукур қиляпти. Биз эса уларнинг ёзган дастурхони атрофида ўтириб, уларни узундан-узоқ дуолар қиляпмиз.

Охирги пайтларда ҳижоб масаласи энг долзарб мавзуга айланиб қолди. Ғийбатни марказига айланиб қолмаслик учун олдиндан айтиб қўяй, балки мен ҳаммадан кўпроқ хоҳларман аёлларимиз, қизларимизнинг гўзал ҳаё билан чиройли ўраниб юришини. Аммо шу кеча-кундузда мен учун ўранган билан очиқ юрганни аҳамияти йўқ. Сабаби, ҳижобда юрган қизларда шунақа аҳлоқсизликларни кўряпманки…

Илтимос, фақат нега биз кўрмаяпмиз деманг. Аниқ биламан, кўчада кўзларингизни чирт юмиб юрмайсиз. Демак, сиз хам бунақа кўнгилсизликларга гувоҳ бўляпсиз. Аҳлоқсизни бошига рўмол ташлаб қўйган билан аҳлоқли бўлиб қолмайди. Яхшиси, қизларимизни оилада хақиқий исломий тушунчалар, ўзбекона (бугунги эмас, китобларда, киноларда қолган ота-боболаримиз давридаги) меъёрлар асосида тарбиялайликки, улар ўзлари ҳаё ва ибо, тақвога мойил қалб амри билан гўзал қилиб ўрашсин рўмолларни. Яна шуни айтиб ўтишим керакки, мен ҳам қаршиман мактабларда бош кийим таъқиқланишига. Эътиқод масаласи эътиборга олинган ҳолда ихтиёрий қилинса мақсадга мувофик бўлади.

Яна бир ёмон иллат пайдо бўлди бизда. Хамма “доно”.., бир-бирини танқид қилади. Қурувчи шифокорни, шифокор шофёрни, шофёр ўқитувчини… Биз ишлаяпмизми ўзи, ёки бир-биримизни ғийбат қилиш билан вақт ўтказаяпмизми. Барака топкурлар, ўз ишимизни қилайлик. Ахир қайси соҳамизга қарамайлик, муаммолар “қўл ушлашиб” турибдику. Ақлимиз етмаган, системани тўлиқ тушунмайдиган бошқа соҳага бурнимизни тиқишга бало борми…

Жамият мендан, сендан, биздан ташкил топган. Тан олайлик, биз бугун “хатоликлар гулшанида хатолардан гулдасталар ясаб” юрибмиз. Ўша коррупцияга, порахўрликка, таниш-билишчиликка, жиноятчилигу ҳаттоки иймонсизликкаям ўзимиз билган-билмаган ҳолда озми-кўпми мойиллигимиз бор. Ўзимиздаги иллатларни йўқотишга куч тополмас эканмиз, инсонпарварлик ва адолатга асосланган ҳуқуқий жамият ҳақидаги баландпарвоз гапларимиз бир пулга қиммат. Бу муаммо энг оддий хизматкордан тортиб энг юқори амалдорларгача барчага тегишлидир.

Нурбек Бобоназаров

facebook.com