Кетмасмиш

Кетмасмиш
26 views
15 January 2019 - 6:00

 

МАХДУМҚУЛИ

     

 

КЕТМАСМИШ

Эллар, ҳай, Мажнун тоғининг
Бошидан туман кетмасмиш;
Мункир қалбидан ҳеч қачон,
Шубҳаю, гумон кетмасмиш.

Қўйга дўст чиқмас бўридан,
Тилак этманг ҳар номарддан,
То ўлгунча мард йигитдан,
Қилич, тир-камон кетмасмиш.

Ғофил одам асло унмас,
Ўлимни ҳеч ёдга олмас,
Оқил дунёга таянмас,
Қалбидан имон кетмасмиш.

Замона яқин келганда,
Еру кўкни сув олганда,
Аллоҳдан айри тушганда,
Ўн саккиз макон кетмасмиш.

Ер билан кўкдан қувватли,
Азройилдан кўп ҳайбатли,
Беш кимсанинг Хариш отли(қ),
Ўнгидан илон кетмасмиш.

Ошиқлар тарки жон этсин,
Кўзда ёшин равон этсин,
Мард йигитлар эҳсон этсин,
Эҳсони пинҳон кетмасмиш.

Маҳдумқули, қолган дардга,
Кун қолмасин ҳеч номардга,
Қиёмат куни жўмардга,
Дўзахдан зиён етмасмиш.

*****

Туркманчадан Ислом Холбой ўзбекчалаштирди