Рўё

Рўё
32 views
22 January 2019 - 6:00

Матназар АБДУЛҲАКИМ

ТАНЛАНГАН АСАРЛАР
1 – жилд

“ҚОР ҚЎШИҒИ” КИТОБИДАН

      ЮЗГА АЙТСАНГ

Нуқсонларни юзга айтсанг етар,
Фармон бергач одил ҳақ онгга,
Шу заҳоти ёпиша кетар
Биров ўз ишига, биров ёқангга.

* * *

РЎЁ

Мовий осмон сира тушимга кирмас
Тушимга кирмайди жаннатмакон юртлар.
Тушимга киради такрор ва такрор
Манқуртлар, манқуртлар, манқуртлар.

Уйқу бўғаверар сиртмоққа ўхшаб,
Тилкалайди ҳар тун ёвуз бир рўё.
Уйғоқ пайтларимда кўз ўнгимда улар
Тўда-тўда бўлиб юрмагандек гўё.

Гўё ўтмиш руҳи билан чамбарчас
Боғлангандек менинг ҳар битта сўзим.
Гўё улар бошқа, гўё мен бошқа,
Мансуб эмасдекман уларга ўзим…