Юксалиш санъати

Юксалиш санъати
24 views
15 January 2019 - 10:00

Жамол Камол,
Ўзбекистон халқ шоири

ЮКСАЛИШ САНЪАТИ

Ёши саксондан ошган қаламкашнинг жорий сиёсатга аралашиб, бир нима дейиши осон гапмас. Дарҳол эътироз этишади: “Кекса шоир бўлсанг, ёзув-чизувингни қилиб, уйингда тинчгина ўлтирмайсанми? Сенга ким қўйибди катталарга ақл ўргатишни?”

Мен буни эшитиб, рости гап, хижолат чекаман. Тўғри-да, ким қўйибди менга…

Аммо шу онда бошқа бир овоз янграйди: “Умрнинг кўпи кетиб, ози қолди. Айтадиганингни айтиб қол. Дуруст, катталар сендан юз чандон ортиқ билишади. Сен юз биринчисини, индаллосини айт. Зора фойдаси тегса…”

Ўзимни зўрлаб бўлса ҳам ана шу иккинчи овозга бўйсундираман ва қўлимга қалам оламан.

Кейинги икки йил ичида мамлакатимизда мисли кўрилмаган ўзгаришлар юз берди. Шу қадар шиддат билан юз бердики, кеча ҳатто тушимизга ҳам кирмаган эди бу гаплар. Жамиятни чирмовуқдай чирмаб олган ёлғоннинг илдизига болта урилди. Илгари эълон этилган миллий даромаднинг ҳар йили саккиз фоизга ошганлиги ёлғон, деди янги президентимиз баланд минбардан туриб. Илгари ёлғонга қандай чапак чалган бўлсак, Худога шукурки, энди ростга ҳам шундай чапак чалдик.

Чинданам жамият ёлғонга кўмиб ташланган, йигирма беш йил давомида одамларнинг қонига, жонига сингиб кетган эди ёлғон. Биров тўсатдан рост гапириб қўйса, унга ачиниб қарашар, бечоранинг томи кетганга ўхшайди, нега бўлмасам рост гапираяпти, деган хаёлга боришарди.

Хуллас, ёлғонга илк зарба берилди. Жамият эркин нафас олди. Ҳокимият халққа юзланди. Халқни менсимаслик сиёсатининг пайи қирқилди. Илму фанга эътибор кучайди. Ўлим тўшагида ётиб, жон узаётган Фанлар академиясининг томирларига қон куйилди. Ўндан ортиқ илмий-текшириш институтлари қайта тикланди. Олимлар, муаллимларнинг маошлари оширилиб, иззат-эътибори ўрнига қўйилди. Қўшнилар билан муносабатлар яхшиланди. Янги саноат корхоналари барпо этилиб, иқтисод, молия ўзини ўнглай бошлади. Миллий валютамиз букилган қаддини ростламоқда. Юзлаб обод қишлоқлару обод маҳаллалар юртимиз чиройига чирой қўшди. Ўн минглаб уйсизлар уйли-жойли бўлишди. Ўша бечораларнинг севинч кўз ёшларини кўриб, мен ҳам йиғладим. Мунақаси тарихда қачон бўлган? Ўзбекистон чинакам тараққиёт йўлига кириб, дунё миқёсига чиқди. Президентимизни Россия ва Америка қўшма штатлари, Хитой ва Ҳиндистонда олқишлар билан кутиб олишди. Ниҳоят, давлатимиз лидери собиқ иттифоқда биринчи бўлиб Осиё қитъасининг энг етук одами, раҳбари шарафига мушарраф бўлди. Бу қалбларимизни қувончга, ифтихорга тўлдирди. Халқимиз дуога қўл очди: “Худоё, юртбошимизни ёмон қўзлардан Ўзинг асра!”.. Халқнинг дуоси – дарё, етар манзилига албатта бориб етади. Буюк бобомиз Навоий хазратлари демишларки,

Дуоким, ул аҳли савоб айлагай,
Ажаб йўқки, Ҳақ мустажоб айлагай…

Хуллас, юртимизда улкан ўзгаришлар юз бермоқда, олдинда яна улкан ўзгаришлар… Баъзан ўйлаб қоласан киши, тасаввур қилинг, кечган йигирма беш йил давомида шундай суръатлар билан ривожланганда Ўзбекистонимиз бугун дунё ҳамжамияти тўридан жой олмасмиди?

Келинг, энди гапнинг индаллосини айтай. Юксакка интилиш санъати бору, маълум маррани забт этгач, ўша юксакда тура билиш санъати ҳам бор. Биз маълум маррага етдик. Энди ҳамма гап ана шу маррада собит туриб, яна-да  олға интилишимизга, янги одимлар отишимизга боғлиқ. Президентимизнинг парламентга қилган мурожаатида бунинг шарт-шароитлари бирма-бир санаб кўрсатилди. Мен ана шу саноққа кирмай қолган айримларини айтмоқчиман, холос.

Малайзияликлардан сиз тараққиётга қандай эришдинггиз деб сўрашганда, биз ёлғондан воз кечдик, деб жавоб беришган экан. Президентимиз ёлғоннинг илдизига болта урди, аммо унинг дарахти қуриб битганича йўқ, ҳамон кўкариб турибди. Шундоқ экан, Президентимизни қўллаб-қувватлайлик, ёлғонга қарши ўт очайлик, уни жамият ҳаётидан супуриб ташлайлик, токи тараққиётимизга ғов бўлмасин, токи маҳаллий ҳокимлар президент келаяпти деб қиш палласи йўл бўйларига гул экдириб, кўзбўямачилик, алдоқчилик қилиб, халқнинг маблағини елга совурмасин.

Биздаги энг ёмон иллатлардан бири ўзни кўриб кўрмасга, билиб билмасга олишдир, дедилар Президентимиз. Дарҳақиқат, бу – ёлғоннинг оғаси, йиллар бўйи газак олиб кетган оғир хасталик. Бундай шароитда адолат ҳақида гапириш ҳам ноқулай. “Ал-адлу асосил мулк” деганлар Пайғамбаримиз (САВ). Яъни давлатнинг таянчи адолатдир. Ўзни кўриб кўрмасликка, билиб билмасликка олиш эса – адолатсизликнинг боши, ундан бошқа адолатсизликлар сизиб чиқаверади.

Уч улуш ҳикоясини эшитганмисиз? Фермерлар учрашганда бир-бирларидан: “Уч улушдан қутулдингми?” – деб сўрашар экан. Хўш, бу нима дегани? Фермер буғдойини ўриб, хирмон уйганда, биринчи галда туман ҳокимига бир неча тонна, туман прокурорига бир неча тонна, милиция бошлиғига бир неча тонна дон юклаб, уч улуш жўнатиши ёзилмаган қонун экан. Ҳосилнинг қолган қисмини давлатга топширар, режадан ортганини ишчиларга бўлиб берар, баъзан шунга ҳам баъзи бировлар човут солар экан. Бу талончилик эмасми? Уччига чиққан бу адолатсизликка чек қўйиш фурсати етмадими? Буни ҳамма билади, аммо ўзни кўриб кўрмаганга, билиб билмаганга олади…

Шунга ўхшаш яна бир мисол. Биласизки, Россияда икки миллион, Қозоғистон, Корея, Туркия, Европа, Америкада юз минглаб меҳнат муҳожирларимиз бор. Борингки, уларнинг сонини бир оз камайтириб, уч миллион дейлик. Ҳар бир мардикор ўзи, хотини, икки боласи, ўртача тўрт кишини боқаяпти деб тасаввур қилинг. Уч карра тўрт ўн икки. Демак бизда ўн икки миллион халқни мардикор боқаяпти. Ҳазилакам хизмат эмас бу! Қаҳратон қишда Сибир тайгаларида ўрмон кесиб, узоқ шимолда тош қазиб, Москва, Санкт-Петербург, Қозон, Владивостокнинг катта қурилишларида тер тўкиб, қор кураб, кўча супуриб, таҳқирланиб, калтакланиб, баъзан ширин жондан айрилиб, ҳалол ризқи рўз топаётганларни мен чинакам фидоийлар, қаҳрамонлар дегим келади. Юртимизда тинчликни маълум маънода ўшалар таъминлаб турибди. Егулик овқати, кийгулик кийими бўлмаса, оилада тинчлик, осойишталик бўладими? Шундан қиёс қилаверинг. Йиллар бўйи ана шу ҳақиқатдан кўз юмиб, кўриб кўрмаганга, билиб билмаганга олдик ўзни. Бу ҳам етмагандай, уларни дангасалар деб атаб, бутун дунёга кулги, масхара бўлдик. Худога шукурки, кейиги икки йил ичида уларга муносабат ижобий томонга ўзгарди. Аммо бу ҳали етарли эмас. Уларни қадрлашимиз, ардоқлашимиз даркор. Бу борада Туркиядан ўрнак олайлик. Европада бир неча миллион турк меҳнат муҳожири яшайди. Туркияда уларни доим қучоқ очиб қарши олишади, оқ йўл тилаб кузатиб қўйишади. Туркия давлати уларга суянчиқ, давлат идоралари эшиклари улар учун ҳамиша очиқ. Мамлакат президенти ҳар гал Европага сафар қиларкан, улар билан учарашади, бўш келманг, ишланг, илм олинг, баланд мартабаларга эришинг, ортингизда биз бормиз, ҳақ-ҳуқуқингизни поймол этишларига асло йўл қўймаймиз деб, уларнинг кўкрагини тоғдек кўтаради. Биз ҳам ана шу йўлни танласак, ёмон бўлмасди.

Жорий йил Президентимиз томонидан “Фаол инвестиция ва ижтимоий ривожланиш йили” деб эълон этилди. Мамлакатимизга хориждан йирик тадбиркорлар ва шунга мувофиқ пул-маблағ кириб келиши, иқтисоднинг гуркираб равнақ топишига шубҳам йўқ. Аммо ижтимоий ривожланиш қандай кечади?

Ижтимоий ривожланиш аввало ижтимоий адолатга суянади. Ижтимоий адолат минбари – матбуот. Халқ ана шу минбар орқали ўз овози, арзи додини ҳуқуматга етказади. Хўш, матбуот бугун минбарлик вазифасини бажараяптими? Йўқ, албатта. У илон чаққан кишидек карахт ҳолатда қотиб турибти. Далил керакми, марҳамат. Қайта қуриш ва ошкоралик йилларида “Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетасининг адади бир миллионга етган эди. Ҳозир беш минг нусхадан ошмайди. Шунинг ўзи бор гапни айтиб турибти. Савол туғилади: матбуоти саҳифаларидан халқ овози эшитилмайдиган жамиятда ижтимоий ривожланишга не чоғлик эришиш мумкин? Бу ҳақда жиддий ўйлаб кўрайлик.

Шу ўринда китоб масаласи ҳам ўртага чиқади. Негаки, ижтимоий ривожланиш шартларидан бири – китобхонлик. Афсуслар бўлсинким, китоб нашри ва савдоси ҳамон аянчли аҳволда… Биров бозорга мош, гуруч олиб чиқади, биров картошка, пиёз, биров супурги. Китобни ўшалар қаторига қўйиб сотиб бўлмайди. Унга алоҳида муносабат керак. Китобни бозор гирдобига ташлаб қўйиш уни ўлимга маҳкум этиш билан баробар… Яна шуниси қизиқки, бизда сандиқ ясаган уста солиқдан озод, китоб ёзган ёзувчига солиқ солинади. Ажабо, китоб ёзиш сандиқ ясашдан осон эканми? Мен бу билан сандиқ ясаган устани солиққа тортиш керак, демоқчимасман. Айтмоқчиманки, шу қаторда ёзувчи ҳам солиқдан озод этилса, мақсадга мувофиқ бўлур эди… Давлат китобни ўз қаноти остига олиши зарур. Илгариги китоб савдоси тизимини тиклаш даркор. Вилоятларга китобни текинга етказиб беришни темир йўл ва авиация зиммасига юклаш лозим. Шунда китобнинг таннархи ошмайди. Тошкентда йигирма мингга сотилаётган китоб Бухорода ҳам йигирма мингга сотилади.

Яна бир муҳим масала. Мен юқорида ҳокимият халққа юзланди, дедим. Президент портали, халқ қабулхоналари чинданам халқнинг оғирини енгил қилди. Газ, электр, тоза ичимлик суви, йўл, турар жой, иш билан бандлик каби маиший-ижтимоий муаммоларни ечишда аҳолига яқиндан ёрдам кўрсатмоқда. Аммо мамлакат миқёсида ғоят аҳамиятли бўлган йирик масалалар кўтарилганда акс садо бўлмаяпти. Уларни Президентга етказиш қийин бўлаяпти. Биргина мисол. Таниқли ирригатор олим Дилшод Бозоров ва Халқаро экология ҳавфсизлиги фанлар академиясининг аъзоси Анвармирзо Хусаинов Амударёни бир замонлар Аҳмад Дониш орзу қилган янги ўзандан оқизишни таклиф этишди. Шундай қилинса, сувни улкан миқдорда электроэнергия сарфлаб икки юз қирқ уч метрга кўтарувчи насосларга ҳожат қолмаслиги, ярим асрдан бери Қорақум саҳросига беҳуда сингиб кетаётган миллиардлаб кубометр оби ҳаёт тежаб қолиниши, дарё илгаригидек тўлиб-тошиб Оролга етиб боришини илмий далиллар асосида исботлаб беришди. Мазкур лойиҳани матбуот, интернет орқали қанчалар тарғиб-ташвиқ этишмасин, мутасаддий ташкилотлар ҳамон индамай, жим туришибди. Чамамда улар Президентдан ишорат кутишаяпти. Президентга эса бу гап етиб бормаяпти. Натижада шундай долзарб лойиҳани жиддий ўрганиш ва муҳокама этиш, орадан бир йилдан ортиқ вақт ўтса ҳамки, ҳамон орқага сурилаяпти. Хўш нима қилиш керак? Юқоридаги каби йирик таклиф ва ташаббуслар илгари сурилганда уларнинг зудлик билан, ҳеч тўсиқсиз Президентга етиб боришини таъминлаш лозим.

Бир гал Президентимиз сўз орасида, менинг ҳаёт ва сиёсатдаги устозим – Шароф Рашидов, деганларида эшитиб, хурсанд бўлганмиз. Шароф ака ҳар ойда камида ўн кишини қабул қилиб, арзини эшитарди. Ана шу анъана давом эттирилса, қанчадан қанча муаммолар ўз вақтида ечимини топар, сансалорликка ўрин қолмасди.

Мен кўнгилда борини айтдим. Хуш кўрганлар ўқисин, хуш кўрмаганлар ўқимасин. Энг муҳими, ёлғондан холос бўлиб, ўзни кўриб кўрмасга, билиб билмасга олишдек ярамас иллатдан қутулолсак, бас…

Чинакам юксалиш, тараққиёт йўлига кирган Ўзбекистонимизга Аллоҳ ёр, пирлар мададкор бўлсин! Омин, ё Раббулоламийн!

Дўрмон,
10.01.2019