Ўзбек ҳукумати немис қурувчилари ҳақини ўн йилдан буён кечиктирмоқда

Ўзбек ҳукумати немис қурувчилари ҳақини ўн йилдан буён кечиктирмоқда
55 views
15 January 2019 - 22:47

Немис ширкатлари Тошкентдаги «Халқаро форумлар саройи» қурилиши учун ўн йилдан буён ўз иш ҳақларини кутишмоқда. Германия матбуотига кўра, федерал ҳукумат Ўзбекистон президенти олдида бу муаммони кўтариши мумкин, бироқ ўзини тиймоқда. 

Берлинда чиқадиган Süddeutsche Zeitung (Зюддойче Цайтунг) йирик немис газетаси 14 январь куни, Тошкентдаги ҳашаматли сарой қурилишида иштирок этган немис ширкатлари  шартнома бўйича 130 миллион микдордаги ҳақларини ҳануз олишолмаётгани ҳақида ёзди.

Мақола муаллифи Даниэль Брёсслер, Тошкентдаги “Халқаро форумлар саройи” қуриб битказилганидан ўн йил ўтиб ҳам, миллионлаб евро ҳақлари берилмаган ўртаҳол немис ширкатлари, бугунга келиб сиёсатчиларнинг ёрдамидан умидвор экани ҳақида ёзди:

«Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг Берлинга ташрифи кутилаётган 20 январь куни бундай имконият яратилиши мумкин. Бироқ федерал ҳукумат, афтидан немис кредиторлари қийинчиликлари билан Ўзбекистон раҳбарини ташвишга солишни истамаётган кўринади».

Газетанинг ёзишича,  «Эркин Демократлар» партиясидан парламент аъзоси Рената Алт (Renata Alt) Германия федерал ҳукуматига, президент Мирзиёев билан учрашувда қарзлар масаласини кўтариш юзасидан сўров жўнатган.

Федерал ҳукумат сўнгги ойларда бир неча бор «ўзбек ҳукуматига тўланмаган ҳисоб китобларни тақдим қилгани» ҳақида билдирган. Натижада ўзбек элчихонаси кредиторлар ҳамжамияти билан музокараларга киришган. Бироқ музокаралар ҳануз тугамаган.

Мақолада ёзилишича, ҳар қандай шароитда ҳам Ўзбекистон президенти Берлинда дўстона қаршиланиши кутилмоқда.

Немис парламенти аъзосига юборилган жавоб мактубидан иқтибос келтириб мақолада ёзилишича, Германия иқтисодиёти Ўзбекистондаги ислохотлардан наф кўрмоқда: Масалан 2017 йилда Германия ва Ўзбекистон ўртасидаги савдо ҳажми таҳминан 32 фоизга ошган ва 607 миллион еврога етган. Бу кўрсаткич 2018 йилнинг октябрига келиб аввалги йилнинг шу даврига нисбатан тағин 16 фоизга ошган.

«Диктатор Ислом Каримов таъбига мос муҳташам сарой қурилганидан сўнг Тошкентда чиндан ҳам кўп воқеалар юз берди. Гарчи, 2016 йили унинг ўлимидан сўнг, демократик ўзгаришлар ҳақида сўз ҳам бўлгани йўқ, янги раҳбарият ҳеч бўлмаса мамлакат иқтисоди замондан орқада қолмаслиги учун тиришмоқда», дея ёзади немис нашри.

Бироқ Ўзбекистондаги ислоҳотлар “Зеромакс” ширкати қурбонлари – немис кредиторларига хозирча ёрдам бергани йўқ

«Зеромакс» Швейцариянинг Цуг (Zug) шаҳрида руйхатдан ўтган бўлиб Ўзбекистонда йирик нефт савдоси билан шуғулланган ва 2009 йили улкан қарзлар билан банкрот бўлган ширкатдир.

Гарчи Гулнора Каримова 2009 йили, “Зеромакс”га алоқаси йўқлигини билдирган бўлсада, ўтган йилнинг октябрида Швейцария газеталари, «Зеромакс» Каримованинг 127 миллион франк миқдордаги тўловини амалга оширганига оид полиция ҳисоботи келиб тушгани ҳақида ёзган эди.

Немис газетасининг ёзишича, парламент аъзоси бўлган Альт хоним, Германия ҳукуматини «ноадекват ҳаракатлар»да айбламоқда. Унинг сўзларига кўра, «немис ширкатлари йўқотган 130 миллион евродан келиб чиқиб, бу тушунарсиз ва йўл қўйиб бўлмайдиган ҳолатдир».

Манба: Eltuz.com