Ўзбекистонда BBC, Озодлик, Фергана.ру, Америка Овози сайтлари ва Facebook, YouTube тўсиқларсиз очилаётгани хабар қилинди

Ўзбекистонда BBC, Озодлик, Фергана.ру, Америка Овози сайтлари ва Facebook, YouTube тўсиқларсиз очилаётгани хабар қилинди
61 views
16 January 2019 - 10:19

“Озодлик” радиосининг хабар беришича, Ўзбекистонда 15 январдан бошлаб BBC Uzbek, Озодлик, Фергана.ру ва Америка Овози каби сайтлар тўсиқларсиз ишлай бошлаган.

Kun.uz нашрининг ёзишича, 15 январь кунининг биринчи ярмида интернет узилишлар билан ишлаган ва унинг тезлиги сезиларли даражада тушиб кетган. Провайдерлар бу ҳолатни “Ўзбектелеком” олиб бораётган техник ишлар билан боғлаганлар.

“Куннинг иккинчи ярмида интернет билан боғлиқ муаммолар барҳам топиб, Ўзбекистонда интернет фойдаланувчилари Facebook ижтимоий тармоғи ва YouTube сайтига муаммосиз, ҳеч қандай воситаларсиз, тўғридан-тўғри киришни бошлашди. Шунингдек, энди BBC Uzbek, «Озодлик», «Фергана.ру» ва «Америка Овози» каби сайтларга киришда ҳам аввалгидек VPN’га ҳожат бўлмаяпти”, деб ёзди нашр.

Ўзбекистонда 2018 йилнинг сентябрь ойи бошида Facebook’дан фойдаланишда муаммолар юзага келганди, октябрь ойидан эса YouTube порталига ҳам ёрдамчи воситаларсиз кириб бўлмай қолганди.

Шундан кейин ўзбекистонликлар орасида хусусий виртуал тармоқ – VPN’дан фойдаланиш оммалашган, фойдаланувчилар шу восита орқали блокланган сайтларга кира бошлашганди.

Ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари сайтларнинг тўсиқларсиз ишлай бошлаганини президент Шавкат Мирзиёевнинг 20-22 январь кунлари Германияга қиладиган расмий ташрифи билан боғламоқдалар.

ЎХҲ ахборот бўлими