Маҳаллий ОАВ: Ўзбекистонда Facebook ва YouTube яна ўчириб қўйилди

Маҳаллий ОАВ: Ўзбекистонда Facebook ва YouTube яна ўчириб қўйилди
49 views
16 January 2019 - 14:52

“Озодлик” радиосининг хабар беришича, 15 январь куни Ўзбекистонда 128 кундан буён кириш номаълум сабабларга кўра тақиқлаб қўйилган Facebook ижтимоий тармоғи ва YouTube халқаро видеопортали ва ниҳоят ишлай бошлаганидан 7-8 соат ўтар-ўтмас, яъни соат 18:00 дан кейин яна Facebook ва YouTube’га кириш имконияти яна узилган. Бу ҳақда маҳаллий нашрлар хабар тарқатган.

Хабар қилинишича, фойдаланувчилар яна VPN дан фойдаланмоқда.

“Айни вақтда Telegram, Instagram ва Facebook каби ижтимоий тармоқлар фойдаланувчилари Facebook ва YouTube’нинг бир муддатлик очиб юборилишини танқидга олиб, “Ўзбектелеком”ни одамларни мазаҳ қилишда айбламоқда”, деб ёзди qalampir.uz сайти.

Олдинроқ Ўзбекистонда 15 январдан бошлаб BBC Uzbek, Озодлик, Фергана.ру ва Америка Овози каби сайтлар тўсиқларсиз ишлай бошлагани хабар қилинган эди.

Ўзбекистонда 2018 йилнинг сентябрь ойи бошида Facebook’дан фойдаланишда муаммолар юзага келганди, октябрь ойидан эса YouTube порталига ҳам ёрдамчи воситаларсиз кириб бўлмай қолганди.

Шундан кейин ўзбекистонликлар орасида хусусий виртуал тармоқ – VPN’дан фойдаланиш оммалашган, фойдаланувчилар шу восита орқали блокланган сайтларга кира бошлашганди.

Ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари сайтларнинг тўсиқларсиз ишлай бошлаганини президент Шавкат Мирзиёевнинг 20-22 январь кунлари Германияга қиладиган расмий ташрифи билан боғламоқдалар.

ЎХҲ ахборот бўлими