Ўзлигимни йўқотиб бораяпманми?

Ўзлигимни йўқотиб бораяпманми?
72 views
17 January 2019 - 10:00

Кеча роса ҳаракат қилиб чордона қуриб ўтиролмадим! ..Асли икки оёғим, тиззадан пасти бир йилдан бери қаттиқ оғрияпти, баъзан юролмай ҳам қолаяпман. Лекин шартта шапкамни (яъни дўппимни) ечиб ўйланиб қолдим…

Баъзан руслардек уч гапни бирида ..твою мать.. деб сўкиниб юбораяпман, кўпинча ҳаёл қилсам русча фикрлаяпман!!! Ўзбек тилидан кўра рус тилида фикримни баён қилиш осонроқ бўлиб қолди гўё… Ўзлигимни йўқотиб бораяпманми? Ўзимдан хафаман…

Чордона қуриб ўтириш болалигимдан одат!! Раҳматли онамиз, ўғлим йигитча ўтир, деб ақлимни таниганимдаеқ ўргатган эдилар. Онам раҳматли фариштадек аёл бўлганлар. Болалигимда ўғлим мактабдан келса ейди, деб беҳини сувда қайнатиб, совуқ сувга солиб қўярдилар. Мен келибоқ шу беҳиларни ердим, жуда яхши кўраман сувда қайнатилган беҳини, ҳозир ҳам баъзан ўзим қайнатиб ейман.

Аммо, ҳозир қип-қизил боршни, нордонгина солянкани жуда ёқтираман. Болалигимда онамиз қилиб берадиган лағмонни севардим. Бир ҳафтада ҳеч бўлмаса бир марта лағмон қилишларини сўраб, илтимос қилардим. Ўзиям икки косалаб ичардим лағмонни (ҳозир ҳам лағмон жони дилим!).

Хулласи эрталабдаг эзилиб ўтирибман. 50 ёшдан ўтиб, Россияда 15 йилдан ошиқ яшаб ўзлигимни йўқотиб қўйдимми? Атрофимда рус, белорус, армани ва бошқа миллат одамлари. Ўзбек йўқ. Балки шунгадир? Нима бўлди менга?!, деган савол қийнаяпти!!! Балки юрт соғинчидир? Балки болалик хотиралар азоби?

Кейинги пайтлари болалик хотираларимга кўпроқ берилаяпман. Бу нарса мени руҳан эзиб кўйяпти. Вақт қадрини билмаслик инсоннинг энг катта хатоси экан. Хулласи шунақа, тушкун кайфиятдаман! Ростдан чордона куриб ўтиролмаяпман, оёқдаги оғриқлар қўймаяпти. Ҳатто намозни ҳам стулда ўқишга мажбур бўлиб қолаяпман. Шунақа гаплар.

Ағзам Абдуллаев

facebook.com