Ислом Каримов даврида аҳолининг ярми “диндор”, Мирзиёев пайтида-чи?

Ислом Каримов даврида аҳолининг ярми “диндор”, Мирзиёев пайтида-чи?
44 views
17 January 2019 - 12:47

Бунга куни-кеча эълон қилинган янги тадқиқот натижалари далолат қилган.

Тадқиқот Эфиопияни дунёнинг “энг диндор”, Хитойни эса, “энг динсиз” давлати, деб топган.

Аксар аҳолиси мусулмон Ўзбекистон дохил ҳеч бир Марказий Осиё давлати “энг диндор”ларнинг ҳатто юқори йигирматалигига ҳам кира олмаган.

Янги харита Буюк Британиянинг анчайин нуфузли “The Telegraph” нашри томонидан эълон қилинган.

Нашр бу харитасини яратишда Америкада жойлашган WIN/Gallup халқаро омма фикрини ўрганиш марказининг сўровларига таянган.

Маълум қилинишича, улар 2008, 2009 ва 2015 йилларда ўтказилган.

Бу сўровларда ҳар бир иштирокчидан, “ўзларини қанчалик диндор, деб ҳисоблашлари” сўралган.

Нашрнинг билдиришича, бундан ташқари, ҳар бир давлатнинг кўрсаткичларига яна имконли бўлган энг сўнгги рақамларни ҳам қўшишган.

Аммо ўзининг бу хусусдаги хабарида уларнинг манбасини очиқламаган.

Айни шу маълумотларга асосланган харита Ўзбекистонда аҳолининг бор-йўғи 51 фоизи ўзини диндор, деб ҳис этишини кўрсатган.

Сўровлар ўтказилган давр эса, Ўзбекистонда ҳозирда марҳум президент Ислом Каримов бошқаруви даврига тўғри келади.

Ислом Каримовнинг Ўзбекистонда чорак асрдан ортиқроқ давом этган тузуми ўзининг дин ва диндорларга нисбатан “репрессив сиёсати”, билан ҳам характерланган. Айни шу жиҳати билан ҳам, йилларки, халқаро миқёсда танқидларга тутиб келинган.

Қиёсан олганда, дейлик, худди ўша пайтда қўшни Қозоғистон аҳолисининг 64, туркманистонликларнинг 80 фоизи ўзларини диндор ҳис этишгани маълум бўлган.

Аммо “The Telegraph”нинг харитаси Ўзбекистонда янги президент қудратга келганига расман икки йил тўлишидан қисқа вақт ўтмай эълон қилинган.

Шавкат Мирзиёев эса, сайланишидан йил ўтмай, айрим Ғарб нашрларида Хитойнинг ислоҳотчи лидери Дэн Сяопинга қиёсланган президент бўлади.

Шундай экан, ҳозир Ўзбекистонда диний эркинликлар билан боғлиқ аҳвол қандай?

Би-би-си Ўзбек Хизмати худди ана шундай савол билан “Хьюман Райтс Вотч” халқаро инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ташкилотининг Европа ва Марказий Осиё бўлими раҳбари Хью Уильямсонга мурожаат қилди.

Хью Уильямсон: Сўзсиз, янги президенти Ўзбекистонни анчайин очди. Бу каби ўзгаришлар, янгиланишлар диний соҳада ҳам кузатилди. Бироқ диний эркинликлар билан боғлиқ аҳвол ҳануз ўта жиддий. Кўплаб чекловлар амалда. Ўтган йил Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг диний эркинликлар бўйича энг нуфузли эксперти Ўзбекистондаги вазият бўйича ўзининг ҳисоботини эълон қилди. Халқаро ташкилот вакили 2017 йилда Ўзбекистонга сафар қилганди. Маълум бўлишича, у Ўзбекистонда диний эркинликларнинг қанчалик чекланиши, диний амаллар ва эътиқодли мусулмонлар устидан мавжуд назорат юзасидан ўзининг чуқур хавотирларини изҳор этган. Демак, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Ўзбекистондаги диний эркинликларга қўйилган чекловлардан жиддий ташвишда. Халқаро ташкилот, ўз навбатида, ўзбекистонлик масъулларни бу соҳадаги муҳим қонунларни қайта кўриб чиқишга ҳам чақирди. Улардан бири эса, 1998 йилги “Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида”ги қонун бўлади. Бу ҳали Ўзбекистоннинг янги президенти ва ҳукумати амалга ошириши керак бўлган муҳим ишлар бўлади. Биз ҳам хавотирдамиз. Чунки ҳали-ҳануз минглаб кишилар диний айбловлар билан қамоқхоналарда ётишибди. Улардан айримлари ўз диний амалларини бажаришда ҳукумат томонидан қатъий белгилаб берилган йўл-йўриқ ва тартиб-қоидаларга амал қилишмагани учун қамалишган. Баъзи бирларига террорчилик билан боғлиқ айбловлар қўйилган. Бу мутлақо қабул қилиб бўлмас ҳолат ва инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро қонунчиликка зид. Шу боис ҳам, Ўзбекистоннинг янги президенти қилиши керак бўлган ишлар ҳали бирталай. Диний эркинлик соҳасидаги ҳар қандай ижобий ўзгаришлар, янгиланишлар ҳам, сўзсиз, жуда хуш қаршиланади, – дейди у.

Би-би-си: Янги харитага мувофиқ, дунёнинг “энг диндор” давлатлари асосан Африка қитъаси ва Яқин Шарқ минтақасида жойлашгани маълум бўлган.

Жанубий-шарқий Осиё ва Лотин Америкаси вакиллари эса, “диндорлик” бобида улардан бирозгина ортда қолишган.

Минтақа давлатлари орасидан “энг диндор давлатлар” юқори ўнталигига биргина Афғонистон киришга муваффақ бўлган.

Аён бўлишича, аксарият жанубий Европа давлатлари учун ҳам бу ҳис муҳим экан.

Дейлик, италияликларнинг деярли тўртдан уч қисми ўзларини “диндор”, деб ҳисоблашларини айтишган.

Аммо, шунда ҳам, Польша Европа, Парагвай эса, Жанубий Америкадаги “энг диндор” давлат бўлиб чиқишган.

Британияликларга келганда, уларнинг ҳар ўнтадан қарийб учтаси бу каби фикрда эканликлари маълум бўлган.

Таъбир жоиз, жаҳоннинг “энг динсиз” давлатлар қаторидан яна Япония, Швеция, Норвегия ва Чех Республикаси ҳам ўрин олишган.

Аммо, барибир, бу борада уларнинг барчасини Хитой ортда қолдириб кетган.

Ўзларини “диндор”, деб ҳисобловчи хитойликларнинг сони ҳатто 10 фоизга ҳам етмаган.

Дунёнинг “энг динсиз” давлатлари йигирматалигида, “энг диндорлари”дан фарқли тарзда, айрим собиқ Шўро мамлакатлари ҳам кўзга ташланишган.

Озарбайжон ва Беларусь рўйхатда кетма-кет 13 ва 14-ўринларни эгаллашган бўлишса, Эстония ҳатто юқори учликка кирган.

“The Telegraph” ўзининг харитасини “Жаҳон Динлар куни” муносабати билан эълон қилган.

Манба: Би-Би-Си Ўзбек