Илмий ўғирликнинг янги хили

Илмий ўғирликнинг янги хили
68 views
18 January 2019 - 10:00

(Суратда: Ваҳоб Раҳмонов дўппи кийиб ўтирибди, Домланинг ёнида Бобур халқаро жамғармаси раиси Зокиржон Машрабов. Бу сурат Ҳиндистонга ижодий сафар пайтида олинган.)

ЭҲТИЁТ БЎЛИНГ
ИЛМИЙ ЎҒИРЛИКНИНГ ЯНГИ ХИЛИ

Минг йиллардан бери ҳаётда юзлаб шеър ўғриси, ҳикоя ўғриси, бадиий таржима ўғриси, илмий асар ўғриси, достон ўғриси аниқланган, саззойи қилинган. Бундайлар дастидан Алишер Навоий ҳам омон қолмаган. Ҳатто ўша юзсиз шеър ўғрилари “Янги шеър ёздим” дея Навоийнинг шеърини унинг ўзига ўқиб беришгача боришган.
Бироқ бизнинг замонимиздаги илмий ўғирликнинг янги нави олдида аввалги маданий ўғирликларни ҳолва дейиш мумкин. Чунки аввалги ўғирликлар якка тартибда – индивидуал бўлган. Янги замондаги ўғирлик эса, уюшган ўғирлик! Уюшганда ҳам уч-тўрт киши эмас, балки бутун бошли илмий-тадқиқот институти жамоаси!
Келинг, гапни бир бошдан бошлайлик: 1987-2003 йилларда Ўзбекистон Фанлар Академияси Алишер Навоий номидаги Тил ва адабиёт институти ва Ҳамид Сулаймонов номидаги Қўлёзмалар институти илмий жамоалари Алишер Навоийнинг 20 жилдлик “Мукаммал асарлар тўплами” томларини пала-партиш, полуфабрикат – ярим тайёр ҳолда нашрга тайёрлаб, устидан бир марта ўқиб чиқмасдан “Фан” нашриётида чоп эттириб юбордилар. Илмий жамоатчилик кўр ва кар эмас: бирин-кетин “Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетасида олим Зуҳриддин Исомиддиновнинг “Алишер Навоий асарларининг бенаво нашри” деган мақоласи ва “Маърифат” газетасида навоийшунос Ваҳоб Раҳмоновнинг “Мумтоз адабиётимизнинг энг муҳташам қасри” (9 февраль 2005 йил) мақолалари эълон қилинди.
З.Исомиддинов ушбу нашр аввалги ўн беш томлик Навоий “Асарлар”и савиясидан ўта пастлигини даъво қилиб, бу нашрнинг бир неча томонлама яроқсизлигини исботлаб берди. В.Раҳмонов эса йигирма жилдликни матншунослик нуқтаи назаридан мутлақо саҳиҳ эмаслигини эълон қилиб, жумладан, китобни ман этиш тақозо этиладиган қуйидагича нуқсонларни фош этди: Мақоладан иқтибослар:
“Агар Навоий тирик бўлганда, йигирма жилдлигини мутолаа қилиб, ҳар бир жилди ўн минг нусхадан эканини билса ва ҳар бир жилдда 500 дан то мингтагача хато кетганини сезса, нашрга тайёрловчи олимга нисбатан қанақа чора кўрган бўлар эди?”
“Агар биз йигирма жилдликдаги матн хатоларига ислоҳлар тузсак, менимча, икки жилдча матнни кўчирган бўлардик”.
“Жаҳоннинг маданий халқлари фани андозасига қарайдиган бўлсак, бир китобда ўнта жиддий хато кетса ё ислоҳнома ёзилади ёки ман этилади. Бизда эса, кейинги эллик йиллик нашр тажрибасидан келиб чиқадиган бўлсак, матншуносликка даъвоси бўлган олимларнинг нашрларида ҳам ҳар бир китобда 500 дан мингтагача матн хатоси содир этилиши одатий ҳол бўлиб қолди. Дунёдаги бирор халқ чаласаводликка нисбатан биздай бағрикенглик қилармикан?”
Ушбу мақолалардаги даъволар ва куюнчаклик нечоғлик тўғри ёки нотўғри эканлигини билиш учун Алишер Навоий “Мукаммал асарлар тўплами” ва “Тўла асарлар тўплами” жилдларидаги нашр савиясини аниқлаш мақсадида илмий экспертлар ишга киришдилар ва юқоридаги мақола муаллифларининг даъволари жуда инсоф ва юмшоқлик билан айтилган, деган хулосага келдилар.
Даҳо Алишер Навоий асарлари йигирма жилдлиги ва ўн жилдлиги матн савияси ўта паст даражада эканлиги маълум бўлди.
Алишер Навоий номидаги Тил ва адабиёт институти ва Қўлёзмалар институтининг Навоий асарлари нашрига жалб этилган илмий ходимлари совет даврида бажарилган пала-партиш ишларини ақалли бир марта ўқиб чиқмасдан шундоққина чоп эттириб юборавердилар. Агар нашрга ишонсак, бу олимларнинг Истиқлол ғоялари ва шахсан Навоийга нисбатан хайрихоҳ эмасликлари, дин тарихидан ғофилликлари, матншунослик илмидан бехабарликлари аниқ-равшан кўринади.
Олимлар Истиқлол ғояларидан шу даражада бехабарларки, миллатимиз ва шонли тарихимизнинг энг буюк фахри Соҳибқирон Амир Темурга манфур истилочилик, истибдод тамғасини босадилар:
“Насимий Темурнинг истилочилик сиёсатига ва истибдодига қарши курашга даъват қилувчи, яъни тариқат – ҳуруфийликни қабул қилган ва уни фаол тарғиб-ташвиқ этган” (Алишер Навоий, “Мукаммал асарлар тўплами”, 15-жилд, Т., 1999, 226-бет).
Бу гапни ёзган олим 1999 йили халқимиз Соҳибқирон Амир Темур таваллудининг 663 йиллигини байрам қилганини ҳам билмаганидек, Насимий ҳақида ҳам ҳуруфизм тўғрисида билимсиз киши эканлигини намойиш этган.
Бу “навоийшунос”нинг кўзи 2011 йилда ҳам инсоф ва илм ҳақиқати учун очилмаган ва А.Навоий “Тўла асарлар тўплами” 10-жилдининг 630-саҳифасида юқоридаги бўҳтонни яна бир карра такрорлаган. У Президентимиз ва давлатимизнинг унга берган юксак мукофотлари ҳурмати учун ҳам (Суйима Ғаниева) бу нашр юзига қайрилиб қарамаган. Совет даври сиёсати ботқоғининг қора лойини Амир Темур сиймосига чаплаган. Бу “хизмат”га 2-нашрда Сайфиддин Рафиддинов ҳам нашрга тайёрловчи, ҳам масъул муҳаррир сифатида камарбаста бўлган.
“Олимлар” шу даражада масъулиятсизлик тубанлигига кетганларки, Алишер Навоийнинг ўзини икки маротаба “ўз золимлиги”ни бўйнига қўйишган:
Навоий, қилмағил бас зулм бирла дурфишонлиғким,
Маоний бикриға зевар ҳадисинг гавҳариндиндур.
(Алишер Навоий, “Мукаммал асарлар тўплами”, 2-жилд, 142-бет).
“Бедод” сўзининг маъноси – “зулм”дир. Қуйидаги байтда Навоий яна золим эканлигини “эътироф” этган:
Ишқ аро рашк айлади бу жисми вайроним фидо,
Ҳажр худ қилди неким бедоду пинҳоним фидо.
(Алишер Навоий, “Мукаммал асарлар тўплами”, 5-жилд, 465-бет).
Бу ерда “пайдоу” сўзи “бедод” деб кўчирилган.
“Навоийшунос” олимларнинг мусулмон эканликларига шубҳа туғилади. Чунки улар матн кўчиришда муаллифга хиёнат қилиб, Навоий эътиқодига болта уриб Оллоҳ таолони жиннилар сафига қўшишган ва Мажнун деб ҳақорат қилишган:
Навоий, аҳли жунун зумрасиға кирди илоҳи,
Чу айладинг ани Мажнун, ўзунгни қил анга Лайло.
(Алишер Навоий, “Мукаммал асарлар тўплами”, 2-жилд, 10-бет).
Нашрга тайёрловчи олимларнинг бу ишларини тасодифга йўймоқчи бўлсак, улар бунинг олдини олишган ва яна такрорлаганлар: Йигирма жилдликнинг 4-жилди 8-саҳифасида яна ўша байт ва ўша қатъий бўҳтон фикр ёзилган!
Китобда икки карра босилган ўша байтнинг мазмуни қуйидагичадир:
Эй Навоий, Оллоҳ жиннилар сафига кирди,
Оллоҳни сен Мажнун қилдинг, энди ўзинг унга Лайло бўл.
Навоийшунос олимларнинг исломдан ғофилликлари, ҳатто пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в)нинг ҳаётини билмасликлари, бунинг устига христианликка мойилликлари даҳо байтини тубандагича кўчиришларида яққол намоёндир. Худди христианлар Исони Худонинг ўғли деганларидек, улар Муҳаммад алайҳиссалом Оллоҳнинг ўғли (баний уллоҳ) деб ёзганлар. Яна бу гапларни Алишер Навоий байти деб даъво қилганлар:
Қайси тил бирла, ё баний уллоҳ,
Сени таъриф этай мене гумроҳ.
(Алишер Навоий, “Мукаммал асарлар тўплами”, 14-жилд, 235-бет).
Ҳа, бу нашрга тайёрловчи илмда чинакам гумроҳлик қилиб: “Эй Оллоҳнинг ўғли, мен гумроҳ сени қайси тил билан мақтай?” деб ёзган.
Ҳолбуки асл нусхада “баний уллоҳ” эмас, аксинча, “набийуллоҳ” (Оллоҳнинг пайғамбари) деб ёзилган эди.
Олимларимизнинг саводлари ҳам худди эътиқодлари сингари шубҳалидир. Қуйидаги байтни кўчираётган “навоийшунос” ношир Сулаймонни малак (фаришта) деб ўйлар экан: Бу деву пари узра султон малак,
Не султонки, алҳақ, Сулаймон малак. (14-жилд, 243-бет).
Мазмуни: Фаришта бу деву пари устидан султондир,
Нафақат султон, ҳақиқатан ҳам Сулаймон фариштадир.
Алишер Навоийнинг асл байти эса қуйидагича эди:
Бу деву пари узра султони мулк,
Не султонки, алҳақ Сулаймони мулк.
Савод даражасини қарангки, ношир (навоийшунос) араб ёзувидаги “мулк” (мамлакат) сўзини “малак” (фаришта) деб ўқиган…
Нашрда Муҳаммад алайҳиссаломнинг меърожи – Аллоҳ ҳузурига бориб келиши сохталаштирилган. “Уруж” (кўкка кўтарилиш) сўзи “уруш” тарзида кўчирилиб, пайғамбаримиз Аллоҳ олдидан эмас, балки урушдан қайтган бўлиб чиққан:
Чун шоми уруш қайттинг бот,
Субҳ этти ёқани ғуссадин чок.
(“Мукаммал асарлар тўплами”, 3-жилд, 262-бет).
Луғат билмаслик ва матн мазмунини идрок этолмаслик нашрга тайёрловчи учун фожиадир. Қуйидаги байтда “каъбатайн” (нард ўйинидаги иккита холдор суякча) Каъбатайн (икки Каъба)га айланган. Натижада байт мазмунида Аллоҳ ой ва қуёшни икки Каъба қилиб яратди, деган фикр чиқиб, илоҳпарастликка зид равишда ойпарастлик ва қуёшпарастлик эътиқоди олға сурилган:
Солмоқ учун тоси сипеҳр ичра шайн,
Ою қуёшдин қилибон Каъбатайн.
(“Мукаммал асарлар тўплами”, 7-жилд, 15-бет).
Ҳолбуки шоир “Аллоҳ ою қуёшдан иккита суякчани ясаган” демоқчи эди.
Мактаб кўрмай, ғайб илми туфайли донишманд бўлган Муҳаммад (с.а.в.)нинг қўлларига ношир қалам тутқазиб, унинг таржимаи ҳолини сохталаштирган:
Тутмоғининг андин эди хомани,
Ким ул этибдур қаро кўп номани.
(“Мукаммал асарлар тўплами”, 7-жилд, “Ҳайрат ул-аброр”, 39-бет).
Мазмуни: Кўп варақларни қора қилгани учун у қаламни тутган эди.
Ҳолбуки, ушбу байт мансуб бўлган боб сарлавҳасида пайғамбаримизнинг қалам тутмаганини шу нашрга тайёрловчининг “ўзи” ёзган:
“Ул нубувват қуёшининг… беш бармоғига қалам тутмай ақолими сабъани якқалама қилғони”…
“Ўзи” сўзини қўштирноққа олганимиз бежиз эмас. Чунки ушбу байт олинган “Ҳайрат ул-аброр” достонини Иброҳим Ҳаққулов ва раҳматлик Абдуқодир Ҳайитметовлар 1960 йилги Порсо Шамсиев тайёрлаган “Хамса”дан шундоққина кўчириб олишгану, ёлғонни дўндириб, китобда “Порсо Шамсиев илмий-танқидий тексти асосида достонни изоҳлар билан нашрга тайёрловчилар: А.Ҳайитметов, И.Ҳаққулов” деб ёзишган.
Экспертлар бу нашрнинг илмий-танқидий матнга мос эмаслигини юзлаб байтлар асосида исботлаб бердилар. Чунончи, юқоридаги байт илмий-танқидий матнда қуйидагича эди: Тутмоғонинг андин эди хомани,
Ким ул этибдур қаро кўп номани.
(Илмий-танқидий матн, 21-бет).
Мазмуни: Кўп варақларни қора қилган учун сен қаламни ушламагансан.
7-жилднинг 39-бетидаги юқорида келтирилган байт “Хамса”нинг 1960 йилги нашрининг 26-саҳифасидаги матн билан бир хилдир. Демак, достон матни илмий-танқидий матндан эмас, балки “Хамса”нинг 1960 йилги яроқсиз нашридан шундоққина кўчирилган.
Энг қизиғи шундаки, экспертлар “Хамса” (1960)нинг биринчи достонидаги қўпол матн хатоларининг ҳаммасини 7-жилддан топдилар.
Нашрга тайёрловчи олима Суйима Ғаниева Муҳаммад алайҳиссаломнинг ҳадиси шарифларини Навоий сўзлари билан рад этганига нима дейсиз? Пайғамбаримизнинг “қотил ўлдирилсин” (уқтул ул-муъзиёт) деган сўзларини йигирма жилдликнинг 14-томидан ўқисак, Навоий “ўлтурмас авлодур” (ўлдирмаган яхшироқ) деб ҳадисни рад этади:
Булардин гар аъло гар адно дурур
Ким, андин халойиққа изо дурур.
Шаҳ ўлтурмас авлодур ул элни бот –
Ки, дебдур набий “иқтилсо ул-муъзият”.
(“Мукаммал асарлар тўплами”, 14-жилд, 16-бет).
Асл нусхада “ўлтурмак авлодур” эди.
Навоий гўё кўнгилни Худодан бўш тутиш кераклигини “айтган” эмиш:
Кўнгул билан ҳақ ёдидин холий бўлмоқдир. (14-жилд, 60-бет).
Худобехабарлик ва худобезорликни “навоийшунослар” бу тахлит тарғиб қилсалар қандоқ бўларкин?
Алишер Навоий “Мукаммал асарлар тўплами” йигирма жилдлиги матншунослик нуқтаи назаридан ўрганилганда барча жилдлар яроқсиз деб топилди. Асослар:
а) ҳар бир жилдда 500 дан икки мингтагача матн хатолари содир этилган;
б) 2000 дан ортиқ тилимизда йўқ сўзлар (сўзларни бузиб ўқиш туфайли) китобларга киритилган;
в) 3000 дан ортиқ сўзлар 2,3,4,5,6,7,8 шаклда ёзилган. Ҳолбуки, имло талабида бир сўз шакли битта бўлади. Ушбу ҳолат илмий-тадқиқот институти ўз вазифасини тескари бажармоқда, деганидир. Бу институт имло маданиятини назорат этиш ўрнига, яратилган кунидан бери мумтоз адабиёт нашрларида имло қоидаларини ҳамиша бузиб келади.
Ҳар қандай нашр имло луғати ва қоидасини бузмаслиги шарт. Бунга кўра ҳар бир сўзнинг битта шакли бўлади. Истисноли ҳолатлардагина икки шаклга рухсат бор, холос.
Алишер Навоий “Тўла асарлар тўплами” (2011) ўн жилдлиги юзлаб сўзларнинг 2,3,4,5,… саккиз шаклда ёзилгани чаласаводликми ёки Академия олимларининг ютуқлари ҳисобланадими? Қуйидаги байтларда “Тўби” (жаннат дарахти) сўзининг саккиз шаклини кузатамиз:
тўби:
Қайси ҳабиб улки, фалак – хокидур,
Сидрау тўби – хасу хошокидур. (6-жилд, 181-бет).
тубо:
Не ҳуреким, юруб қилғоч такаллум,
Уётдин тубою Кавсар бўлуб гум. (6-жилд, 558-бет).
Тубо:
“Баъзиға дебдурларки, Тубо дарахти соясида жавоб бергумиздур”.
(10-жилд., 419-бет).
туби:
Ҳури анинг руҳи мусаввар киби,
Қадду лаби туби-ю кавсар киби. (6-жилд, 91-бет).
тўбий:
Қайси тўбий жилваси сарви хиромонингча бор?
Қайси кавсарнинг зулоли оби ҳайвонингча бор? (2-жилд, 150-бет).
Тўби:
Ул қади Тўбидин ортуқ, юзи ризвондин жамил,
Ким берур жон лаъли ҳар ким бўлса кўзидин қатил. (3-жилд, 659-бет).
Туби:
Нозанин қаддинг тириклик гулшанининг нахлидур,
Сарву Туби сендек ўлмоқнинг не имкон қомати? (3-жилд, 645-бет).
тубий:
Анингким қадин тубий этти Худой,
Биҳишт этти гулзори рухсорини. (3-жилд, 639-бет).

Демак: Тубо, тубо, тўби, Тўби, туби, Туби, тўбий, тубий.
Йигирма жилдликнинг 2, 14, 17-жилдларини матншуносликдаги полуфабрикат – ярим тайёр маҳсулот сифатида баҳолаш мумкин. 2-жилднинг 10-11 бетларининг ўзида 20 дан ортиқ матн хатолари бор. Чунончи:
Зиҳи буроқинг изи ҳажру сайр барқ осо,
Бу барқ сайри била пўяси фалак фарсо. (11-бет).
Аслиятда эса бу байт қуйидагича эди:
Зиҳи, буроқинг изи меҳру сайри барқосо,
Бу барқсайри била пўяси фалакфарсо.
Шу биргина байтнинг нашрдаги ифодасида олтита ҳар хил нуқсонлар содир этилган.
Қоронғудурур олам оҳим сайлидин,
Қуёш янглиғ оч ораз олам аро. (10-бет).
Бу матннинг қўлёзмадаги ифодаси:
Қоронғудурур олам оҳим тутунидин,
Қуёш янглиғ оч орази оламоро.
“Мукаммал асарлар тўплами”нинг 6-жилдидан олинган қуйидаги байтдаги сўзлар имлоси, мазмуни устида мушоҳада юритайлик:
Илм афлокида бир жис маҳал,
Барча ашкол ўлум олида ҳал. (483-бет).
(Мазмуни: Илм осмонида бир жис пайт, Барча шакллар ўлим олдида ҳал бўлади.)
Хўш, бундан нима тушуниш мумкин?
Аслият эса қуйидагича:
Илм афлокида Биржис маҳал,
Барча ишколи улум оллида ҳал
ва мазмуни мана бундай эди:
(У) илм осмонида замон Биржиси бўлиб, барча илм муаммоларини ҳал қилар эди.
Мана энди соғлом мазмун юзага келди.
Ана шу байтлар ва мазмун орасидаги тафовут муаллиф Алишер Навоий ҳамда олим – “навоийшунослар” орасидаги ердан осмонгача бўлган фарқни кўрсатиб туради.
Алишер Навоий биттагина қўлёзмада нуқсонлар содир этган котиб, яъни кўчириб ёзувчи киши ҳақида қуйидаги қитъани ёзган эди:
Фалон котиб ар хатни мундоқ ёзар,
Бу мансабдин ани қўпормоқ керак.
Юзин номасидек қора айлабон,
Қаламдек бошин дағи ёрмоқ керак.
Қорадин қорага берибон улоқ,
Қаламравдин ани чиқормоқ керак.
Мазмуни: Фалон котиб агар хатни бундай бузиб ёзадиган бўлса, уни бу мансабдан бўшатмоқ керак. Юзини у ёзган саҳифадек қорайтириб, бошини қаламдек ёрмоқ керак. Кўпкарида улоқни у ёқдан бу ёққа судрашганидек қийнаб, мамлакатдан уни бадарға қилмоқ керак.
Минглаб нусхани ўша котибдан ҳам бузиброқ кўчирган “навоийшунос” нашрга тайёрловчилар ҳақида Навоий нима деган бўлар ва уларни қандай жазо кутар эди?
Агар китобхон “Мукаммал асарлар тўплами”даги ҳар бир мисрани, “буни Навоий ёзган” деб қабул қилса, у чоқ буни тасдиқлаган олим йигирма жилддаги хатоларни тасниф қилиб, даҳо бўйнига қуйидаги айбларни қўйган бўларди:
1) Навоий – золим;
2) Навоий – соғлом фикр юритолмайдиган, мазмун хароблигини ҳисобга олмайдиган вайсақи;
3) Навоий – дин ва ва илм тарихи ҳамда арбобларидан бехабар одам;
4) Навоий – мантиққа риоя қилмайдиган анойи;
5) Навоий – қофия ва радиф илмидан яхши хабардор бўлмаган ҳаваскор;
6) Навоий – бадиият илмидан бебаҳра “шоир”;
7) Навоий – аруз вазнини ҳар бир шеърида бузаверадиган “шоир”;
8) Навоий Аллоҳга ширк келтирган;
9) Навоий Муҳаммад (с.а.в.) ва унинг ҳадислари ҳақида бўҳтонлар ёзган;
10) Навоий Амир Темурга истилочи, истибдодчи тамғасини босган одам.
Таассуфки, бу айбларнинг бирортасини Алишер Навоий шахси ва ижодига ёпиштириш мумкин эмас, бундай қилсак, гуноҳи азимга йўл қўйган бўламиз. Бу айбловларнинг барчаси даҳо шоир асарларини нашрга тайёрлаган “олимлар” виждонига ҳавола қилинади.
Савол туғилади: Ўзбекистон Фанлар академияси Алишер Навоий номидаги Тил ва адабиёт институти олимлари “Ўзбекистон адабиёти ва санъати” ҳамда “Маърифат” газеталаридаги танқидий чиқишларни ўз жамоаларида муҳокама қилдиларми, улардан тегишли хулосалар чиқардиларми? Афсуслар бўлсинки, бу ишни қилмадилар. Ҳатто “Маърифат” газетасидаги мақоласи учун муаллифни таъқиб қилишга ва жазолашга эришдилар.
2010 йилда Ғафур Ғулом номидаги нашриёт-матбаа ижодий уйи жамоаси Алишер Навоий номидаги Тил ва адабиёт институти навоийшуносларига ва Ваҳоб Раҳмоновга Алишер Навоийнинг йигирма жилдлик куллиётини ўн жилдда янги номда чиқариш таклифи билан мурожаат қилди. Нашриёт ходимлари Навоий “Тўла асарлар тўплами” ўн жилдлигининг режасини туздилар.
Ваҳоб Раҳмонов уч ой давомида “Хазойин ул-маоний”нинг тўрт девони, “Хамса”нинг беш достони ва “Лисон ут-тайр”ни вёрсткага тайёрлади.
Алишер Навоий номидаги Тил ва адабиёт институти ходимлари уч ой давомида нашриётда сояларини ҳам кўрсатишмади. Уларнинг вакили нашриётга келиб, аҳвол билан танишган ва эртасига нашриёт директори қўлига институт илмий кенгаши қарорини топширган ва қўшиб қўйган: “Агар нашриёт илмий кенгаш қарорини бажармаса, академия нашриётни судга беради!”
Шу билан Лазиз Тангриев икки ўт орасида қолади ва Ваҳоб Раҳмоновни ўз ҳузурига чорлаб, институт илмий кенгаши қарорини кўрсатади.
Илмий кенгаш қарорида В.Раҳмоновнинг “Мукаммал асарлар тўплами” йигирма жилдлигини тайёрлашда қатнашмагани ва унинг янги “Тўла асарлар тўплами”ни нашрга тайёрлашга ҳаққи йўқлиги таъкидланган. Қарорга институт директори Низомиддин Маҳмудов имзо қўйган ва илмий котиб Раҳматулла Баракаев тасдиқлаган эди.
Нашриёт директори Л.Тангриев В.Раҳмоновга: “Домла, нима дейсиз? Мен судбозлик қилайми?” дейди. В.Раҳмонов директорга: “Йўқ, мен сафдан чиқаман. Улар ўз нусхаларини келтиришсин. Улар – бутун бир жамоа. Мен биттагина одамман. Улар ишни янгидан бошлаб ниҳоясига етказишсин” деб жавоб беради.
Директорнинг В.Раҳмоновдан хижолатли узр сўрашдан бошқа иложи қолмайди.
Эртаси куни В.Раҳмонов Алишер Навоий номидаги Тил ва адабиёт институтига бориб, навоийшунос Иброҳим Ҳаққуловга юзланади:
– Муҳтарам Иброҳим Чориевич, мен Сизнинг олдингизга бир таклиф билан келдим. Ўртамизда Алишер Навоий шахси ва асарларининг ҳурмат-эътибори турипти. Келинг, азбаройи Ҳазратнинг руҳи ҳурмати биргаликда, баҳамжиҳатликда унинг бу куллиётини сифатли қилиб нашрга тайёрлайлик…
Институтнинг бош навоийшуноси И.Ҳаққулов иддао билан мана бундай раддия беради: – Ваҳоб ака! Билиб қўйинг: Ваҳоб Раҳмоновнинг Навоийси бошқа! Иброҳим Ҳаққуловнинг Навоийси бошқа! Сиз ўз версиянгизни қайси нашриётда чиқарсангиз чиқараверинг. Бу академия моли, буни биз чиқарамиз!
Натижа И.Ҳаққулов айтганидай бўлиб чиқди. В.Раҳмоновни сафдан чиқардилар-у… Чиққанда ҳам нашрдаги Навоий ижодий сиймоси “Иброҳим Ҳаққулнинг Навоийси” бўлиб чиқди.
Институт олимлари Алишер Навоий номидаги Тил ва адабиёт институти жамоаси “Тўла асарлар тўплами”ига кирган юқоридаги ўнта асарга ўз нусхаларини келтирмадилар. “Ваҳоб Раҳмонов хато қилмайди” деган хаёлда у вёрсткага тайёрлаган нусхалар: “Хазойин ул-маоний”ни ўзлаштирдилар, “Хамса” ва “Лисон ут-тайр”нинг В.Раҳмонов нашрини лотиндан кириллга ўтказиб, олақолдилар. Ўнта китобга ана шу йўсинда нашрга тайёрловчи бўлиб олишди. Ишнинг иси чиқмасин учун Илмий кенгаш қарори билан В.Раҳмоновни орадан кўтардилар… Мана буни ҳақиқий илмий ўғирликнинг уюшган жиноятчилар томонидан амалга оширилиши деса бўлади.
Илмий экспертлар В.Раҳмонов тайёрлаган нусха устидан Сайфиддин Рафиддинов қилган “таҳрир”ларни ўрганиб, ҳайратга тушдилар. Чунки унинг энг кўп “таҳрир”лари даҳшатли сув оқимини ифодаловчи “сел” сўзини “сайл” қилиб “тузатиш”да кузатилган.
“Сайл” сўзини ўзбек халқи (авому олими) сайр-гашт маъносидагина тушунади. Шоир “сел” деб ёзган экан, демак уни даҳшатли оқимни ифодаловчи – “сел” тарзида кўчирмоқ керак.
Экспертлар “Хамса” достонлари ва “Лисон ут-тайр” матнлари қайси манбалардан олинганини аниқлаш учун, аввало, В.Раҳмоновнинг икки маротаба нашр эттирган китобларида йўл қўйган хатоларини топишга мажбур бўлдилар. Бу иш бажарилгач, экспертлар у китобларнинг ҳар биридан топилган 5-10 тадан нуқсонли байтларни Алишер Навоий “Тўла асарлар тўплами”дан топиб, қиёсладилар. Ушбу нуқсонли байтларнинг барчаси ўша хатолиги ҳолида ўн жилдликда мавжуд эди. Ҳолбуки, институт олимлари кўчиришлари керак бўлган асосий манбаъ: Навоий “Мукаммал асарлар тўплами”да ушбу байтлар нуқсонсиз эди. Масалан, А.Навоийнинг қуйидаги машҳур байти:
Олим агар жоҳ учун ўлса залил,
Илми анинг жаҳлиға бўлғай далил.
(“Мукаммал асарлар тўплами”, 7-жилд, 220-бет).
В.Раҳмонов нашрида (2006, 2009):
Олим агар жон учун ўлса залил,
Илмни анинг жаҳлиға бўлғай далил
тарзида бузиб берилган эди. Биз икки жиддий нуқсони бўлган байтни “Тўла асарлар тўплами” 6-жилдининг 192-бетида айнан ушбу нуқсонлар сақланган ҳолида кўрдик. Ваҳоланки, йигирма томликнинг 7-жилдида (220-бет) бу байт нуқсонсиз эди. Нега энди “Тўла асарлар тўплами”да В.Раҳмонов нашрга тайёрлаган китоблардаги хатоларнинг барчаси сақланган? Адабий криминалистиканинг бу хулосаси шуни кўрсатадики:
а) 2011 йилги “Хамса” ва “Лисон ут-тайр” матни 20 жилдликдаги китоблардан кўчирилмаган;
б) 2011 йилги ўша олти китоб В.Раҳмонов тайёрлаб, шу нашриётда икки марта чоп эттирган (2006, 2009) нусхаларнинг лотиндан кириллга ўгириб олинган ҳолатидир;
в) демак, институт жамоаси “Хамса” достонлари ва “Лисон ут-тайр”нинг ўзлари тайёрлаган нусхаларини нашриётга беришмаган. Тўғрироғи – улар нусха тайёрлашмаган;
г) бунда нашриётнинг ҳам айби борки, улардан ушбу асарларнинг институт олимлари тайёрлаган нусхаларини талаб қилмаган ва компьютердаги В.Раҳмонов нусхасидан фойдаланишга рухсат берган. Афтидан нашриёт мумтоз матнлар нашри ҳар хил савияда эканлигини билмаган.
Натижада муаллифлик ҳуқуқи бузилиб, плагиаторлик – кўчирмакашлик содир этилган.
Энди “Хазойин ул-маоний”нинг тўрт девони хусусида тўхталсак: 2011 йилги “Тўла асарлар тўплами”да чоп этилган матнлар “Мукаммал асарлар тўплами”даги тўрт китобга мисрама-мисра, сатрма-сатр солиштириб чиқилганда мос келмади.
Гап шундаки, Тил ва адабиёт институти олимлари “Хазойин ул-маоний” девонларининг ўзлари тайёрлаган нусхасини нашриётга бермаганлар. Экспертлар бунинг ҳақиқатини узоқ изладилар ва буни ҳам топдилар. В.Раҳмоновнинг шахсий кутубхонасидаги ўша китобларнинг (йигирма жилдлик) таҳрирли нусхасига 2011 йилги нашр айнан мос келди.
В.Раҳмонов йигирма йил давомида Алишер Навоий номидаги Адабиёт музейига қатнаб, китобларни Туркия, Афғонистон ва Москвада босилган Навоий асарларига қиёслаб, нуқсонларини битталаб тузатиб чиққан нусхаларни институт олимлари ўзлаштириб олганлар.
Энди йигирма ва ўн жилдликларнинг матн савиясини қиёсласак, ўн жилдликда олдинги нашрдаги нуқсонлар деярли ярмига қисқарганки, бу тузатишларнинг асосий қисми В.Раҳмонов хизмати туфайлидир.
Бироқ ҳозирги ҳолатида ҳам бу “шоҳона” дизайндаги китобнинг ҳар бирида хатолар 300-1000 орасида “тебранади”.
Илмий экспертлар Алишер Навоий ўн жилдлик “Тўла асарлар тўплами”да йўл қўйилган сиёсий, диний-маърифий, мантиқий, поэтик, имловий хатоларнинг кўплигини қайд этганлар.
Сиёсий нуқтаи назардан қаралса, Амир Темурнинг истилочилик сиёсати ҳақидаги йигирма томликдаги бўҳтон такрорланган (“Тўла асарлар тўплами”, 10-жилд, 630-бет).
Диний-маърифий соҳадаги хатолар йигирма жилдликдагиларни такрорлаш ва янги нуқсонлар қўшилиши билан кўпайган. Чунончи, исломнинг асосий илми – фиқҳ илми “жин илми” дея ҳақорат қилинган ва бу қўланса байтли китоб уч минг нусхада олам юзини кўрган. “Лайли ва Мажнун” достонида йўл қўйилган ана шу нуқсонли байтни кўрайлик:
Олам аро илм илми диндур.
Жин илми фиқҳ эрур яқиндур.
(“Тўла асарлар тўплами”, 7-жилд, 36-бет).
Мазмуни: Оламда илмларнинг сараси дин илмидир. Фиқҳ илми жин илми эканлиги аниқдир.
Бу матннинг нашрга тайёрловчиси деб Иброҳим Ҳаққулов кўрсатилган. Жилднинг масъул муҳаррири эса, институт илмий ходими ва диний маҳкама вакили Сайфиддин Рафиддиновдир. Бу байт аслиятда қуйидагича эди:
Олам аро илм илми диндур,
Дин илми фиқҳ эрур яқиндур.
Мазмуни: Оламдаги илмларнинг сараси дин илмидур. Дин илми фиқҳ эканлиги аниқдур.
Матн хатоларининг энг қўполи: муаллиф фикрини тескари талқин қилишда кўринади. “Сирож ул-муслимин” китобидан (“Тўла асарлар тўплами”, 10-жилд, 608-бет):
Етурмагил ангаким, мустаҳиқдур,
Бу ишга мустаҳиқ бўлгай муҳиқдур.
Гап закот устида бормоқда. Биринчи мисра мазмуни: закотни у лойиқ бўлган кишига етказма (берма). Бу Навоий фикрига мутлақо зиддир. Муаллиф ёзган эди:
Етурмаклик ангаким, мустаҳиқдур.
Мазмуни: (Закотни) у лойиқ бўлган кишига еткизмоқ лозим. Қўлёзмада “бўлгай” эмас, балки “бўлган” эди…
Кумуш ва ҳар хил пуллардан закот бериш айтилгандан сўнг қўлёзмада:
Ки ҳар турлук яна бўлса жиҳотинг (608-бет)
(Яна ҳар хил нарсаларинг бўлса) деган мисра келади. Китобда бу мисра қуйидагича босилган:
Гуҳар турлук яна бўлса жиҳотинг.
Китобнинг 609-бетидаги:
Чу рўза бўлди йилда бир ой
мисрасидан қўлёзмдаги “фарз” сўзи тушиб қолган. Аслият бундай эди:
Чу рўза фарз бўлди йилда бир ой.
Янада қўпол хато ана шу 609-саҳифада ҳам содир бўлган. Бунга ишонсак, Навоий фиқҳдан рўза фарзи шартларини ҳам билмас экан, деймиз:
Тузу сирка тоторға аҳли идрок,
Тегурса тил учун эрмас анга пок. (609-бет).
Байт мазмунига кўра рўза пайти овқатни тил учида татиб кўриш мумкин эмас экан. Ҳолбуки, аёл киши бунга мажбурдир. Навоий аслиятида байт бундай эди:
Тузу сирка тоторға аҳли идрок,
Тегурса тил учин, эрмас анга бок.
Иккинчи мисра мазмуни: Тил учин тегиза, ҳеч қиси йўқ, яъни рўза бузилмайди.
Хуллас, 608-609-бетларда ўн учта жиддий хатога йўл қўйилган.
“Насойим ул-муҳаббат” асаридаги нуқсонлар мингга етиб қолади. (Нашрга тайёрловчилар: Суйима Ғаниева ва Сайфиддин Рафиддинов). Нарса билан одамнинг фарқига бормаслик намунаси: “Оти Аҳмад б. Муҳаммад б. Абдулкаримдур. Олим ва Табаристоннинг муқтадоси эрди” (10-жилд, 258-бет).
Бу маълумотлар Шайх Абулаббос Омулий ҳақидадир. Илмий матннинг 153-бетидан кўчирамиз: “Омул ва Табаристоннинг муқтадоси эди”. Омул – вилоят номи нашрда Олимга айланган…
362-бетдаги гапда “шеър кўнглак” иборасини кўриб китобхоннинг боши қотади. Шеър қаерда-ю кўйлак қаерда?! Илмий матнда “шеър” эмас, “бир” эди (253-бет).
Чанқоқлик маъносидаги “аташ” сўзи 432-бетда “оташ” (олов) тарзида кетган: “Оташ бизга ғалаба қилди”.
“Расм-русум” билан “разм” (жанг)нинг фарқига борилмаган: “…Шоҳ Халажий бир мизр ёрмоқ ва жавоҳир тўла назр разми била Шайх хидматиға юборди” (386-бет).
Асл матнда “разми” ўрнида “расми” деб аниқ ёзилган. (Илмий матн, 274-бет).
Китоб номи билан оддий тушунчаларни фарқ этолмаслик ҳолати:
“Ва ҳаётлари муддатида “Фаройиз” адосидин сўнгра “Тафсир” била “Ҳадиёқа” машғул бўлурлар эрди” (452-бет). Энди ушбу гапни илмий матннинг 341-саҳифасидаги ҳолатига қиёслайлик: “Ва ҳаётлари муддатида фаройиз адосидин сўнгра тафсир била ҳадисқа машғул бўлурлар эрди”.
Кўраяпмизки, асл нусхада китоблар номлари мавжуд эмас…
Экспертлар 452-453-бетлардаги матнларни китобнинг илмий матнига қиёслаб чиқиб, 30 га яқин гап, сўз тушириб қолдириш ва бошқа матний хатоларни аниқлаганлар.
Нашрга тайёрловчилар матн мазмунини тушунолмай, аввалги нашрга тайёрловчиларнинг хатоларини такрорлаб, ўзларини ҳам, ўзгаларни ҳам хижолатга қўйганлар. Йўқса эшак ҳам бошига тож киядими? Ш.Эшонхўжаев ва В.Раҳмоновлар содир этган бу хатони ушбу куллиётда кўриш бизга ёқмади:
Бир эшакдек бошинга афсар уруб,
Нафсни ўз орқанг узра миндуруб (147-бет).
Бу байтни “Тўла асарлар тўплами”нинг 9-жилдидан кўчирдик. Гап шундаки, В.Раҳмонов ўрнига нашрга тайёрловчи сифатида ўзини кўрсатган Иброҳим Ҳаққулов ўзи ўқиса бу байт хатосини ислоҳ қилишига имонимиз комил эди. Чунки бу йирик навоийшунос афсар (тож) билан афсор (нўхта, тизгин)нинг фарқига борарди. Матнни атиги бир марта ўқиб чиқмагани учун эшакка тож кийгизиб қўйган… Ҳой олим, эшакка нўхта (афсор) уриш керак эди!
Мантиқий ва илмий хатоларга келсак, нашрга тайёрловчилар изоҳлаб китобхонга ёрдам беришни кўзлайдилар-у, тез-тез “қовун тушираверадилар”. Чунончи, қуйидаги мантиқсиз воқеада эркак Сиёвуш оловнинг ичига кириб туққан: “Бу байтда шоир Фарҳоднинг поклиги, дард элининг шоҳи эканлигини таъкидлаш учун гўё уни Сиёвушнинг ўт ичида сайр қилиб юрганида туғган фарзандидек деб таърифлайди” (“Тўла асарлар тўплами”, 6-жилд, 768-бет).
Қуйидаги мантиқсиз байтда ел бошидан (шамолнинг бошини ким кўрган?) жом ясалган: Ел бошининг косасидин жом анга,
Май ерида қон бўлуб ошом анга.
Тубандаги байтда гап боши бўлган елнинг энди юраги борлиги хусусида боради:
Ел юрагин тиғи шикоф айласа,
Хасм бошин гурзи ғилоф айласа.
(“Тўла асарлар тўплами”, 6-жилд, 238-бет).
“Ел боши”, “Ел юраги” бирикмаларидаги “ел” асли “эл” эди. Лотиндан кириллга ўгирганда сўз бузилган, нашрга тайёрловчилар матнни ўқимаганлари боис мантиқсизлик юзага келган. Бу байтларда Навоийни сохталаштириш масхаралаш даражасига етган.
Энди бир жуфт илмий хатони айтиш билан чекланамиз. Бу факт институт олимларининг илми нечоғлик “теран”лигини кўрсатади:
Биринчиси: Улар Платон ва Аристотельни бир одам деб билишар экан: “Афлотун-Платон-асл исми Аристотель”. (“Тўла асарлар тўплами”, 6-жилд, 772-бет).
Иккинчиси: Олимлар Фирдавсий билан Заҳир Форёбийни бир шоир деб билишар экан: Фирдавсий, Заҳир Форёбий – XI асрда яшаган форсийзабон шоир (“Тўла асарлар тўплами”, 1-жилд, 754-бет).
Алишер Навоий асарларини аёвсиз сохталаштиришда кейинги юз йилликда ушбу ўн жилдликнинг олтинчи жилдидаги “Ҳайрат ул-аброр” достони матни биринчиликни олди. Чунки бунда йўл қўйилган хатоли байтлар йиғилганда жами 20 бет бўлди!
Ушбу достон қуйидагидек байтлар билан тўлиб-тошиб ётипти:
Қолмади чун ўзга менга чопае,
Қалъа ясардек торибон хопае. (6-жилд, 55-бет).
Бир байтдаги учта сўз Навоий аслиятида йўқ. Булар “чопае”, “торибон”, “хопае” бўлиб, дунёнинг бирор тилида бундай сўзлар йўқ. Бу тахлит янги ёки йўқ сўзлардан юзга яқинини И.Ҳаққулов достонга киритган. Негаки В.Раҳмоновнинг лотин ёзувидаги нусхасини ўзлаштиргач, ҳеч ким билмасин қабилида ана шунақа янги сўзларни киритган бўлса, бу сўзлар маъносини Ўзбекистондаги бирорта тилчи ёки адабиёт академиги ҳам билмайди. Ҳарқалай И.Ҳаққуловнинг ўзи бу сўзлар луғатини билса эҳтимол. Бироқ шунда ҳам бу иш аслият ва Навоийга нисбатан хиёнатдир. Ўша янги сўзлардан бир сиқими:
Фушат, ашоб, таронча, шапорат, раррон, тормиш, ёрқон, торқуча, речон, развана, роя, рахта, супай, рашша, дилрисанд, торшурди, қўруб, речу, ранд, раҳлавон, сирос, ешик, ермас, шаҳрари, сурургу, калларўш, ески…
Экспертлар бу энг кучли муаммони ҳам ҳал қилдилар ва ўз хулосаларидан қониқдилар. 2011 йилги нашрда “Ҳайрат ул-аброр”ни В.Раҳмонов нашр этган (2006, 2009) китобнинг электрон вариантини И.Ҳаққулов олган-да, лотин ёзувидан кириллга ўтказиб олақолган. Лекин ўғирликнинг бир чатоғи чиқади-да: шунга ҳам ўзи сабабчи бўлган. Олишга олибди, ўз имзоси остига олар экан, матнни ақалли бир мартагина ўқиб чиқмагани ўша кишига панд берган. Алишер Навоийга нисбатан одам шу даражада бефарқ, нописанд бўладими!
Ўғирлик ишига кўмаклашган шўринг қурғур компьютер ҳам бир чатоқ иш қилган: кирилл ва лотинда ҳарфлар ҳар хил шаклда бўлади-ку… Компьютер айби билан “п”лар “р” га, “р” лар “п”га айланган, лотин ёзувидаги “sh” ҳарфлар бирикмаси кириллда “сҳ” (ashob, fushat – асҳоб, фусҳат) тарзида ўқилиши керак, бироқ у “ш” шаклини олган ва мантиқсиз бир ҳолат юзага келган… Мана энди “чопае”ларнинг калити топилди. Юқоридаги сирли байт В.Раҳмонов вариантида қуйидагича эди:
Қолмади чун ўзга менга чорае,
Қалъа ясардек топибон хорае.
Аслини олганда, Алишер Навоий куллиётларининг ҳар икки нашри ўзбек илми, айниқса, Тил ва адабиёт институти учун улкан доғлардир. Чунки бу китобларда институт ўз вазифасини бажармаган.
Бу институт Ўзбекистонга имло луғатини яратиб берадиган, матбуот, фан ва маданиятнинг барча жабҳаларида имло амалиётини назорат қилувчи ташкилотдир.
Минг таассуфки, ҳар иккала кўпжилдлик нашрларида минглаб сўзлар 2,3,4,5,6,7,8 шаклларда ёзилган. Демак, институт Ўзбекистон халқлари имловий маданиятига зарба бермоқда, холос. Институт илмий кенгаши қарори ҳам хато: ўша мажлисга В.Раҳмонов таклиф этилмаган ва орқаваротдан ҳукм чиқаришга илмий кенгашнинг ҳам, директорнинг ҳам ҳаққи йўқ эди. Илмий кенгаш ҳам, директор ҳам ўз ҳуқуқларини суиистеъмол қилишган. Қарор ёлғон: чунки В.Раҳмонов йигирма жилдликнинг олтинчи томида тақризчи сифатида иштирок этган ва бу факт китобга ёзилган.
Биз бу ҳақда мулоҳаза юритар эканмиз, беихтиёр даҳо шоирнинг қуйидаги байти хаёлимизда кезади:
Қайси жоҳилға надомат бўлғай ул олимчаким,
Ҳар не билди – қилмади, ҳар неки қилди – билмади.

Ваҳоб РАҲМОНОВ,
филология фанлари номзоди, матншунос.

Суратда: Ваҳоб Раҳмонов дўппи кийиб ўтирибди, Домланинг ёнида Бобур халқаро жамғармаси раиси Зокиржон Машрабов. Бу сурат Ҳиндистонга ижодий сафар пайтида олинган.

facebook.com