HRW: Ўзбекистонда ҳуқуқ бобида прогресс, лекин тузум ҳамон авторитар

HRW: Ўзбекистонда ҳуқуқ бобида прогресс, лекин тузум ҳамон авторитар
23 views
17 January 2019 - 20:36

Ню-Йоркда асосланган халқаро ташкилот Ўзбекистондаги бугунги ҳолатга қандай баҳо бермоқда? Ислоҳотлар, HRW назарида, бугунгача нима самара берди? Республикадаги вазиятни яқиндан ўргана бошлаган органнинг йиллик таҳлилномасига назар ташлаймиз.

Президент Шавкат Мирзиёев Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари билан боғлиқ аҳволни тузатишга бел боғлаб қатор ижобий қарорлар қабул қилди, дея хулосалайди “Human Rights Watch” халқаро ташкилоти ўзининг йиллик ҳисоботида. Лекин тузум ҳамон яккаҳокимликка асосланган ва ислоҳотлар суст, дея эслатмоқда ҳуқуқ тарғиботчиси.

Ўзбекистонда ахборот оқими ва жамоатчилик орасидаги мулоқот фаоллашди. Туб муаммолар муҳокамада, сўз эркинлиги ва мажбурий меҳнат сингари масалалар ечими устида ошкора баҳс-мунозара бошланди. Ҳукумат халққа хизмат қилади деган шиор амалда бироқ жавобгарликни таъминлаш борасида реал қадамлар оз, дейилади ташкилотнинг шу ҳафта чиққан таҳлилномасида.

“Америка Овози” ислоҳотлар реал ҳаётда қанчалик акс этмоқда дея сўраганида, одатда Ўзбекистонда бунинг учун ирода бор, ҳаракат бошланган, лекин чора-тадбирлар ҳали вазиятни тузатди дейиш қийин, деган жавоблар олади.

Хавфсизлик органлари ҳали ҳам чексиз ваколатларга эга, дея қайд этади HRW. Унинг нима қила олиши ва қилмаслиги хусусидаги қонун бу ташкилот назарида мавҳум. Қонун чиқарувчилар ҳужжатни қайта кўриб чиқиши, расмийларни саволга тутиб аниқлик киритиши зарур, дейди бу халқаро орган экспертлари.

Ўзбекистонда сайловлар энди қанчалик эркин ўтади? Сиёсий мухолифатга йўл бериладими? Сиёсий сабаблар билан қамоқда ўтирган минглаб фуқароларнинг иши қайта кўриб чиқиладими? HRW ўз таҳлилномасида шу саволларни ўртага ташламоқда.

Ўзбекистон Жиноят Кодексидаги 159, 216, 244-1 ва 244-2 моддалар ва бандлар қайта кўрилсин ва мамлакатнинг халқаро мажбуриятларига мос равишда янгилансин, дея ундамоқда ташкилот. Бу қисмлар экстремизм ва давлатга қарши ҳаракатлар билан боғлиқ. Тузумни танқид қилиб танилган одамлар ё мутаассибликда ёки конституцион системага нисбатан жиноятларда айбланиб қамалган ҳоллар Ўзбекистонда кўп учраган. Маҳбусларнинг жазо муддатини қамоқдаги ички тартибни бузди, дея узайтириш одатига ҳам чек қўйиш керак, дейди халқаро мутахассислар.

Экстремизмда айбланиб қамалган минглаб диндорлар озод этилгани рост, лекин уларнинг рўйхати ҳали тақдим этилмаган. HRW сингари ташкилотлар ҳукумат бераётган сон ва мустақил манбалардан олинган маълумотларни қиёслаб кўришни хоҳлайди.

Ҳукуматга кўра, Давлат Хавфсизлик Хизмати, Ички ишлар вазирлиги ва Мудофаа вазирлиги буткул ислоҳ қилинмоқда ва тизимда улкан ўзгаришлар бўлмоқда. Натижани сарҳисоб қилиш учун вақт керак, дейди расмийлар. HRW назарида эса ўтган икки йилга қараб, ўзгаришлар анча суст дейишга асос бор.

Собиқ сиёсий маҳбуслар оқланишни истайди. Улар ўзларини айбсиз равишда узоқ пайт қамоқда сақланган, хўрланган фуқаролар деб билади. Уларнинг мурожаатларига диққат қаратиб, ҳукумат бугун Ўзбекистон ҳақиқатдан ҳам адолат томон қадам ташлаётганини исботлаши зарур, дейди HRWнинг Марказий Осиё, хусусан Ўзбекистон бўйича бош эксперти Стив Свердлов.

Ҳозирда панжара ортида ўтирган ва айнан сиёсий сабаблар билан қамалганлар бор, жумладан: зиёлилар Андрей Кубатин, Акром Маликов, Рустам Абдуманнопов, Жамолиддин Абдураҳмонов ва Мирсобир Ҳамидкариев, шунингдек, тадбиркор Арамаис Авакян, тақводорлар Руҳиддин Фахриддинов ва Жаҳонгир Кулижанов ҳамда Равшан Қосимов, Виктор Шин ва Алишер Ачилдиев сингари ҳарбийлар? Америкадан депортация қилинган Нодирбек Юсупов ва “Озодлик” радиоси журналисти Фаррух Юсуповнинг укаси Азиз Юсупов.

Бу борада сўралганда, мутасаддилар масала тегишли органлар томонидан кўриб чиқилаётгани, айрим ҳолларда хулосалар аллақачон тақдим этилиб, мурожаатларга жавоб берилганини айтади. Олдингидек тамоман сукут сақланмаяпти, дейди расмийлар.

Адлия ва ҳуқуқ-тартибот тизими жамоатчиликнинг кучли босими остида, дейди Омбудсман Улуғбек Муҳаммадиев “Америка Овози” билан суҳбатда. Адолацизликдан шикоят қилганлар кўп ва ҳукумат огоҳ, дея қўшади у. Парламентнинг бу масалалар бўйича махсус вакили сифатида у ўз ваколатлари кенгайгани ва ҳозирда, масалан, Ўзбекистон қамоқхона ва ҳибсхоналарига истаган пайтида кириб, вазиятни текшираётганини айтади.

Сўз ва матбуот эркинлиги бобида ҳам силжишлар бор, дея кузатади HRW. Лекин интернет блокда. Танқидий маълумотлари билан танилган хорижий манбалар, шунингдек, Фаcебоок ва ЙоуТубе сингари глобал ижтимоий тармоқлар қулфланган. Фақат ВПН билан кириш мумкин. “Америка Овози”га мамлакатдан ахборот узатишга рухсат берилди, лекин ББC ва “Озодлик” ҳали бундай имкониятга эга эмас.

Ноҳукумат ташкилотларни рўйхатга олиш борасида ҳам ислоҳотларга қўл урилди, лекин янги ташкилотлар жуда оз ва фаолиятини эркинлаштириш борасида ҳам қарорлар мавҳумлигича қолмоқда, дея таҳлил қилади HRW.

АҚшда асосланган АCCЕЛС, таълим ва маданий соҳада ишлайдиган халқаро ташкилот Ўзбекистонда ишини қайта бошламоқда. HRWнинг ўзи изланишлар олиб боряпти, бироқ ваколатхонасини очиш учун Олий Суднинг 2011-йилда чиқарган ҳукми бекор қилиниши керак.

Мажбурий меҳнатни бартараф этиш йўлида Ўзбекистонда ўтган икки йил ичида кўп ишлар қилинди ва вазият сезиларли даражада яхшиланган, дея кузатмоқда HRW. Лекин 2018-йилда ҳам кўплаб фуқаролар мажбуран пахта далаларига олиб чиқилди. Қишлоқ хўжалигида одамларнинг ҳуқуқларини бузиш ҳоллари кузатилди. Юқори лавозимдаги расмийларнинг қўллари остидаги инсонларга зулм ўтказаётганини кўрсатувчи видеолар чиқди. Ҳукумат чора кўрди, лекин адолат таъминланмади, дейди HRW вакили Свердлов.

Ўзбекистон ҳозирда Халқаро Меҳнат Ташкилоти ва БМТнинг бошқа агентликлари билан ҳамкорликни йўлга қўйиб, яқиндан ишламоқда. Эркинлик, адлия, хавфсизлик ва тараққиёт борасида ташқи дунё билан мулоқот кенгайган. Тошкентдан хорижий расмийларнинг қадами аримайди. Ҳукумат зиммасида янгидан-янги мажбуриятлар ва ваъдалар, шу билан бирга давлат ҳозирда кўпроқ халқаро шерикларга эга. Республикани ислоҳотлар жараёнида қўллашга ва унга бу мураккаб йўлда мадад кўрсатишга тайёр давлатлар ва ташкилотлар кўпайган. Хусусан АҚШ ва Ёвропа Иттифоқи кўмакка шай.

Вашингтон Ўзбекистонда 2018-йилда диний эркинлик ва меҳнат ҳуқуқлари юзасидан қора рўйхатлардан чиқарди. Трамп маъмурияти бу билан Тошкентни тўғри йўлда эканини тан олди, дейди Америка расмийлари, ва унда давом этинг, дея ундамоқда. Ислоҳотлар жадаллашиши зарур, дейди вазиятдан кўз узмаётган АҚШ дипломатлари.

HRW назарида ҳозирги энг долзарб вазифа тузум эркинлик ва масъулиятли бошқарув томон йўналишини таъминлаш, яъни ташқи дунё, хусусан Ғарб шу борада ёрдамни ошириши лозим. Президент Мирзиёев ва унинг маъмуриятига ўз халқи ва халқаро ҳамжамият олдидаги мажбуриятларини эслатиб туриш жоиз, дея эслатмоқда HRW.

Манба: amerikaovozi.com