“Тилга эътибор – элга эътибор”

“Тилга эътибор – элга эътибор”
31 views
18 January 2019 - 16:20

“Жаҳон адабиёти” журнали 2018 йил 8-сондан Фёдор Достоевскийнинг “Ака-ука Карамазовлар” романини Иброҳим Ғафуров таржимасида эълон қила бошлади. Афсуски, бу ишга журнал жамоаси ҳам, таржимон ҳам енгил-елпи қарамоқда (ҳозирги замон маъносида фикр билдиришимизнинг боиси – роман таржимаси журналда ҳамон давомли эълон қилинаётир).

Роман таржимаси талабга жавоб бермайди. Таржимон машҳур романни пала-партиш таржима қилгани камдай, журнал жамоаси ўлганнинг устига тепган қилиб, романни таржимон тақдим этган тарзда, ҳатто бирон ҳарф ёки жумлани ҳам таҳрир қилмай, журналхонларга сира ҳам уялмай хом-хатала тақдим қилган ва бу андишасизлик роман тўла босилгунча давом этади, деган хавотирдамиз.

Романдан асил матн ва таржимани солиштирамиз.
* * *
Федор Достоевский

БРАТЬЯ КАРАМАЗОВЫ
Часть первая
Книга первая

История одной семейки
I
Федор Павлович Карамазов
Алексей Федорович Карамазов был третьим сыном помещика нашего уезда Федора Павловича Карамазова, столь известного в свое время (да и теперь еще у нас припоминаемого) по трагической и темной кончине своей, приключившейся ровно тринадцать лет назад и о которой сообщу в своем месте. Теперь же скажу об этом «помещике» (как его у нас называли, хотя он всю жизнь совсем почти не жил в своем поместье) лишь то, что это был странный тип, довольно часто, однако, встречающийся, именно тип человека не только дрянного и развратного, но вместе с тем и бестолкового, – но из таких, однако, бестолковых, которые умеют отлично обделывать свои имущественные делишки, и только, кажется, одни эти. Федор Павлович, например, начал почти что ни с чем, помещик он был самый маленький, бегал обедать по чужим столам, норовил в приживальщики, а между тем в момент кончины его у него оказалось до ста тысяч рублей чистыми деньгами. И в то же время он все-таки всю жизнь свою продолжал быть одним из бестолковейших сумасбродов по всему нашему уезду. Повторю еще: тут не глупость; большинство этих сумасбродов довольно умно и хитро, – а именно бестолковость, да еще какая-то особенная, национальная.

* * *
Иброҳим Ғафуров таржимаси
Федор Достоевский

Бир оила тарихи
I
Федор Павлович Карамазов
Алексей Федорович Карамазов вилоятимиздаги помешчик Федор Павлович Карамазовнинг учинчи ўғли эди, бу зот бундан роса ўн уч йил бурун рўй берган аянчли ва ғалати ўлими туфайли ўз вақтида (дарвоқе, ҳозирда ҳам бизда буни эслаб туришади) овоза бўлиб тилга тушганди, бу ҳақда яна жойи келганда айтиб ўтаман. Ҳозир тирноқ ичидаги бу “помешчик” тўғрисида (бизда уни шундай дейишса ҳам, ҳеч қачон ўз мулкида тузук-қуруқ турмаганди) фақат шуларни маълум қилмоқчиман, у ғалати, бироқ ҳаётда тез-тез учраб турадиган нусхалардан, бузуқ, бемаза ва шу билан бирга бефаросат эди – лекин фаҳм-фаросатсиз бўлишига қарамай, ўзининг турли туман кори бадлари, мол-мулкка дахлдор ишларини кифтини келтириб адо этиб юрар, фақат шуларни дўнтирарди. Мисол учун бошида Федор Павловичнинг ҳеч вақоси йўқ эди, бор-йўғи кичкинагина помешчик эди, холос, бировларнинг дастурхонига шерик бўлар, кимсаларникида сиғинди бўлиб юрарди, буни қарангки, вафот этганда унинг ёнидан соф қоғоз пулга чаққанда росмана юз минг рубл чиқди. Шу билан бирга у барибир бизнинг вилоятимиздаги энг калтафаҳм телба-тескари одамлардан бири бўлиб, ундан ўтадигани йўқ эди. Яна бир карра такрорлайман: бу ерда гап аҳмоқликда эмас; мана шундай телба-тескари одамларнинг кўпчилиги ўзига етгунча ақли бало ва айёр, гап бунда баайни фаҳм-фаросатнинг йўқлигида ва боз устига қандайдир алоҳида миллийлигида.

* * *
ТАҲРИР ВА ТАҲЛИЛ

I. Аввало, роман муаллифининг исми-шарифи ёзилишига эътибор қаратайлик. Рус тилида “е” ҳарфи ҳам “ё” тарзида ўқилаверади. Руслар “Федор”ни “Фёдор” тарзида ҳам ўқийверади. Рус тилининг ўзига хос бу хусусиятини ўзбекчада қўллаб бўлмайди. Бинобарин, русча “Федор”ни ўзбекчага мослаб “Фёдор” тарзида ёзиш керак. Таржимон ҳам, журнал жамоаси ҳам буни эътибордан соқит қилган. “Фёдор””исми журналнинг романдан таржималар эълон қилинаётган барча сонларида, асарнинг барча ўринларида русча “Федор” тарзида босилмоқда.

II.Романни таржимон эркин таржима қилган – Достоевский романини Ғафуров романига айлантиришга беҳуда уринган.
а) Дастлабки гапдаги қуйидаги – “трагической и темной кончине своей” – ибораси “аянчли ва ғалати ўлими туфайли” тарзида нотўғри ўгирилган. Юқоридаги русча ибора ўзбек тилига “фожиали ва сирли ўлими сабабли” тарзида ўгирилиши кераклигини бадиий таржима бобида дастлабки қадамларни қўяётган оддий мутаржим ҳам яхши билади.
б) “столь известного в свое время” – ибораси ҳам “ўз вақтида … овоза бўлиб тилга тушганди” тарзида нўноқлик билан таржима қилинган. Бинобарин, ўзбек тилида ҳеч қачон “овоза бўлиб тилга тушмоқ” дейилмайди.
в) “Ҳозир тирноқ ичидаги бу “помешчик” тўғрисида” – жумласи ҳам қовушмаган. Аниқроғи, “тирноқ ичидаги” эмас, балки “қўштирноқ ичидаги”, десак мақсадга мувофиқ бўлади. Қолаверса, муаллиф “тирноқ ичидаги” бирикмасини ишлатмаган, балки “помешчик” сўзини қўштирноққа олиш билан кифояланган. Таржимон ҳам шундай йўл тутса, осмон узилиб ерга тушмасди. Ниҳоят: “помешчик” сўзини “мулкдор”, “заминдор” тарзида таржима қилинса, мақсадга мувофиқ бўларди. Чунки романда Фёдор Павлович Карамазов муайян майдонга эга ер эгаси, яъни заминдор эканига урғу берилган.
г) “Федор Павлович, например, начал почти что ни с чем…” жумласи ҳам “Мисол учун бошида Федор Павловичнинг ҳеч вақоси йўқ эди” тарзида чучмал таржима қилинган. Мазкур жумла, ҳолбуки: “Фёдор Павловичнинг, очиғи, олдинига ҳеч вақоси йўқ эди…” тарзида таржима қилиниши керак.
д) “помещик он был самый маленький” жумласи таржимаси ҳам кўнгилдагидек чиқмаган. Таржимон “маленкий” сўзини – сўзма-сўз “кичкина” деб ўгириб қўя қолган. Бу ўринда – оддий, содда, ҳамма қатори одам маъносида – “хашаки заминдор” ёки “чакана мулкдор” ибораси қўлланганда, аслиятга яқин таржима бўларди.
е) “норовил в приживальщики” – жумласи – “кимсаларникида сиғинди бўлиб юрарди” тарзида юзаки ўгирилган. Русчада “с норовом” деган ибора бор, ўзбекчага “тутган жойини кесадиган, бўй бермайдиган, қайсар, терс, асов, қашшанг” тарзида ўгирилади. Бинобарин, муаллиф асар қаҳрамонининг шум ва айёр эканига урғу бераётир. Муаллиф ўз қаҳрамони “дуч келган одамнинг уйига устамонлик билан кириб олиб, кун кечирадиган тайёрга айёрлар” жумласидан эканини таъкидламоқчи. Таржимада айни мана шу фикр рўй-рост акс этмаган.
ж) “продолжал быть одним из бестолковейших сумасбродов” – “энг калтафаҳм телба-тескари одамлардан бири”. “бестолковейших” – таърифи “калтафаҳм” тарзида ўгирилганига чидаса бўлар. Бироқ “сумасбродов” – “телба-тескари” тарзида таржима қилиниши мақсадга мувофиқ эмас. Одатда бирон бемаъни ишга нисбатан “телба-тескари иш” ибораси ишлатилади. Одамга нисбатан эса “телбасифат”, “телбанамо”, “жиннисифат”, “жиннисанғи” таърифлари қўлланилади.
з) Келтирилган парчадаги сўнгги гап таржимасини ҳам аслият билан солиштирсангиз, таржима ўзбекона равон чиқмаганига гувоҳ бўласиз.

Таржимадаги бошқа ғализликлар ва мавҳумликлар таржимон ҳамда журнал жамоасининг виждонига ҳавола.

Романнинг бошланғич “Муаллифдан” қисми ҳам жуда ғализ таржима қилинган.

ХУЛОСА

Ўзбекистонда чиқадиган адабий-бадиий, ижтимоий-публицистик журналлар, газеталар замон талабига мутлақо жавоб бермаётир. Жумладан, чиқа бошлаганига йигирма йилдан ошган “Жаҳон адабиёти” журнали зиммасига юкланган вазифа бир томонда қолиб, томомила бошқа ўзанга оғиб кетмоқда.

Дастлабки бош муҳаррир адабиётшунос олим Озод Шарафиддинов даврида журнал публицистика ва маиший бузуқлик мавзуларига зўр берди. Мирпўлат Мирзо даврида бу анъана давом эттирилди. Зўрма-зўраки “драматург” ва юзаки адабиётшунос “олим” Шуҳрат Ризаев бош муҳаррир бўлган йилларда “Жаҳон адабиёти” журнали “Драматургия журнали”, қолаверса “Жуғрофия журнали” ва “Тасвирий санъат” журналига айлантирилди.

На чинакам журналист, на чинакам адабиётшунос ва на адиб ё шоир бўлган Аҳмаджон Мелибоев бош муҳаррирлиги даврида бу шўрпешона журнал қандай нашрга айланишини эса яқин вақт кўрсатади.

Ислом ХОЛБОЙ
18.01.2019

facebook.com