Шавкат Мирзиёев номини сотиб, ким ва нега Facebook саҳифаси очган?

Шавкат Мирзиёев номини сотиб, ким ва нега Facebook саҳифаси очган?
65 views
18 January 2019 - 16:26

Facebook тармоғи собиқ Совет давлатларидаги жами 300га яқин саҳифани ўчирди.

Тармоққа кўра, бу саҳифалар мувофиқлаштирилган ҳолда сунъий фаолият олиб борган.

Уларнинг барчаси Россияга бориб тақалади.

Айни саҳифалар ташқаридан қараганда беозор: бирон президент фаолиятига ёки озиқ-овқат ҳақида маълумотларга бағишланади.

Лекин бош мақсад – Спутник хабар агентлиги орқали Кремлнинг манфаатларини акслантирувчи Россия Сегодня материаллари таъсирини кучайтириш ва ёйиш бўлган.

Раҳмон ва Мирзиёев номи қўлланган

Бир саҳифа гўё Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев тарафдорлари томонидан юритилган.

Бошкаси эса Тожикистон президенти Эмомали Раҳмонга бағишланган.

Иккала саҳифа ҳам Россиядан туриб юритилган, лекин Ўзбекистон ва Тожикистон ахборот дунёсига ёриб кириб, ижтимоий тармоқда кучли таъсирга эга бўлган.

2017 йили Спутник онлайн хабар агентлиги ёрдамида Грузия, Арманистон, Латвия, Литва, Эстония, Қирғизистон ва Тожикистон каби давлатларни нишонга олган йирик саҳифалар очилган.

Тармоққа кириб, жойлашиб олган бу саҳифалар ўргимчак тўри каби чегара оша боғланиб кетган.

Дейлик, Беларусдаги модага бағишланган Спутник саҳифаси Ўзбекистондаги Спутник саҳифасини лайк (ёқди) қилади.

Сиёсий саҳифалар

Айрим саҳифалар сиёсий аҳамиятга эга.

Ўзбекистон ва Тожикистон президентлари ёки Душанбе мэри тарафдорлари томонидан тузилганини иддао қилган сиёсий йўналишдаги бу саҳифалар ижобий хабарлар тарқатишган.

Лекин НАТО ёки Болтиқбўйи давлатларидаги этник руслар аҳволига бағишланганлари аксар ҳолларда салбий мазмун касб этган.

Facebook тармоғи хулосасига кўра, бу саҳифалар тизими Россия Сегодня йўналиши ва қарашларини ёйишни мақсад қилган.

Айни дамда, муайян сиёсий масалаларда Россия ҳукумати қарашини кучайтиришга хизмат қилган.

Ўзбек сегментидаги ҳолат

Facebook ўзбек сегментида эса ўн минглаб аккаунт ўчириб юборилди. Улар айнна Спутник троллари, деб кўрилади.

Тошкентдан келаётган хабарларга кўра, тармоқнинг ўзбек сегментидаги гуруҳларда кўп сонли аъзолар бирдан йўқолиб қолган.

Масалан, ўзбекзабон фойдаланувчилар орасида машҳур Халқ Билан Мулоқот гуруҳидан қисқа вақт ичида салкам 63,000 нафар аъзо ғойиб бўлган.

Бундай ҳолат бошқа гуруҳлар билан ҳам содир бўлгани, Ўзбекистонга тааллуқли айрим саҳифаларнинг ўчириб ташлангани тўғрисида бот-бот маълумотлар юзага чиқмоқда.

Ҳозирда Facebook ўзбек сегментидан ўчириб юборилган аккаунт ва саҳифаларнинг иддао қилинган Спутник тролларига қанчалик алоқаси борлиги ёки уларнинг шунчаки тасодифан тармоқдан тозалаб ташлангани маълум эмас.

Facebook тарқатган хабарга кўра, ўчириб юборилган саҳифа ва аккаунтларнинг 790 минг атрофида обуначиси бўлган. Уларда реклама учун $135,000 сарфлангани айтилади.

Спутник агентлиги ҳақиқатан ҳам ўзининг яқин хориж мамлакатларидаги бир қанча саҳифалари ўчириб ташланганини тан олган ва ширкатнинг бу ҳаракатлари остида сиёсий мақсадлар ётганини таъкидлаган.

“Бу қарор, шубҳасиз, сиёсийдир, аниқ цензура – яқин хорижда нашрга тегишли еттита саҳифа блоклаб қўйилди. Спутник нашри янгиликлар тарқатиш билан шуғулланади ва ўз ишини яхши бажаради. Агар блоклаш Facebook сифатли ишлаётган ОАВга нисбатан билдира оладиган ягона муносабати бўлса, у ҳолда бизда ҳеч қандай саволга ўрин йўқ” – деб маълум қилган агентлик матбуот-хизмати.

Янгиликларни 30дан ортиқ тилда узатувчи Спутник хабар агентлиги давлатга қарашли Россия Сегодня медиа гуруҳининг лойиҳаларидан бири ҳисобланади. Спутник ўз ичига сайтлар, аналог ва рақамли радиоузатувлар, мобил иловалар ва ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларни олади.

Facebook бунга қадар ҳам “троллар фабрикаси” номи билан машҳур Санкт-Петербургда жойлашган Интернет Тадқиқотлар Марказига алоқадор бўлиши мумкин, деб кўрилган аккаунт ва саҳифаларни ўчириб ташлаган эди.

Бироқ бу қадар кўп аккаунтнинг ўчириб ташланиш ҳолати тармоқнинг ўзбек сегментида илк бор кузатилмоқда.

Манба: Би-Би-Си Ўзбек