Амир Темурнинг Буюк Ипак йўлини тиклаш ва ривожлантиришдаги фаолиятига доир айрим мулоҳазалар

Амир Темурнинг Буюк Ипак йўлини тиклаш ва ривожлантиришдаги фаолиятига доир айрим мулоҳазалар
51 views
19 January 2019 - 10:00

Буюк Ипак йўлини тиклаш ва ривожлантириш масаласи Амир Темурга осон бўлмаган. Унинг олдида мўғуллар даврида ўлик шаҳарларга айланган, Буюк Ипак йўлига ҳаёт бахшида қилган шаҳарларни батамом қайта тиклаш вазифаси кўндаланг турган ва у бу ишларни бирин-кетин, режа асосида амалга ошира бошлаган.

Амир Темургача бўлган даврда феодаллар ўртасидаги ўзаро жанжаллар, Мовароуннаҳрга бўлиб турган босқинлар туфайли Олтин Ўрдадан Шарқ мамлакатларига олиб бориладиган карвон йўллари инқирозга учраганди. Бошбошдоқликлар ва турли сиёсий таназзуллар сабаб баъзи қароқчи ва зўравон гуруҳлар бу йўлларни эгаллаб олган, қанчалаб карвонлар таланган, мулкидан айрилган ёки эгалари қатл этилганди.

Амир Темур даврида карвон ва ҳаж йўлларидаги қароқчи-талончилар «авбошлар» деб аталган.

Амир Темур Эгей ва Ўрта ер денгизи соҳилларидан то Хитой чегараларигача, Дашти қипчоқдан Арабистон денгизигача бўлган то Ўрта Ер денгизига қадар чўзилган оралиқдаги улкан салтанат барпо этиб, у аввало Буюк Ипак йўлининг карвон сўқмоқларини ана шу босқинчилар ҳужумидан муҳофаза қилди.

Ғарбий Эрон, Ироқ, Сурия ва Шарқий Анатолияда босқинчилар айниқса кўп эди. Амир Темургача ана шу мамлакатлардан ўтадиган йўллар хавфли бўлгани учун нафақат савдо карвонлари қатнови, балки мусулмонлар учун ҳам фарз ҳисобланган ҳаж амалларини бажариш ҳам амри маҳол бўлиб қолган эди. Амир Темурнинг кўпгина юришлари карвон йўлларидаги қароқчиликни бартараф этиш мақсадида ҳам амалга оширилган.

Амир Темурнинг саркардаларидан бири амир Сайфиддинбек ҳажга оғир қийинчиликлар билан бориб келгандан кейин ўз ҳукмдорига Эрон мамлакатида бўлган подшоҳларнинг аҳволларини билдирган ва арз қилган. Йўлларда қароқчилик ва зўравонликлар кўп бўлиб бу ерлардан ўтиб-кетувчи савдогарлар ва ҳожилар қийинчиликка учрар эдилар. Бу тартибсизликлар албатта ташқи-иқтисодий ва дипломатик алоқаларнинг ривожига салбий таъсир кўрсатар эди. Амир Темур бу аҳволни таҳлил қилиб ўша давр саҳнасини жуда яхши кўра олган ва йўлларнинг тинчлигини, уларнинг ишчанлигини таъминлашни, қуриш ва қайта таъмирлаш, ягона коммуникация тизимларининг хавфсизлигини кучайтиришга киришган. Бу фикрни Шарафиддин Али Яздий ҳам қуйидагича ифода этган: “Ул маҳалда Эрон вилоятида ҳар бир мамлакатда бир жамоат бош чиқариб, подшоҳлик қилур эрдилар. Ҳазрат Соҳибқирон Турон мамлакатини мусаххар қилғондин сўнг муборак хотирига тушдиким, Эрон вилоятини забт қилғай… Малик Иззиддин Лури Кучек (Кичик Лур-Ғарбий Эрон)нинг ҳокими эрди ва мундин бурун Махозға борғон карвонни уруб, молини олиб эрди. Бу сўзларниким, ҳазрат соҳибқирон эшитти, човук хотирида кечтиким, ул бадбахтлардин ҳажжожларнинг (ҳожиларнинг –Ш.Ў.) интиқомини тортқай… Ҳуррамободким, ул ўғриларнинг ўлтирур ери эрди, бузулдилар…туркманлар зулм ва фасод эликларини узатиб, мусулмонларға ташвиш берурлар ва Ҳижоз карвонига (Макка ва Мадинани ўз ичига олган муқаддас ҳудуд) мутаарриз бўлурлар ва ҳеч кишини ул йўлдин ўтгали қўймаслар”., -деган хабар келади.

Ўша даврдаги тарихий манбаларда Амир Темурнинг Буюк Ипак йўлининг хавфсизлигини таъминлаш ва карвонлар, сайёҳлар, элчиларнинг тинчлик-хотиржамлигини кафолатлаш борасида катта ишларни амалга оширганлиги ҳақида Низомиддин Шомий асарларида ҳам кўпгина маълумотлар мавжуд. Низомиддин Шомий кичик Лур волийси Малик Иззиддин Ҳижозга бораётган карвонларни талон-тарож қилганлиги ҳақида ёзиб ўтган. Унинг айтишича, шу пайтгача унинг бу қилмишларини бирор ҳукмдор дафъ эта олмаганди. Амир Темур улар ҳақида бир неча марта эшитади ва шундай хулосага келади: “Уларнинг қилмишлари, мусофирлар, айниқса Байтуллоҳга бораётган ҳожиларга нисбатан қилган номаъқулчиликлари ҳақида эшитганимга ҳам анча вақт бўлди. Раият Тангри таолониннг бизга топширган омонатидир. У биздан тонгла қиёматда сўрайди-ку! Қандай раво бўладики, мамлакат ўртасида шундай бир бузуқ жамоа бўлса ва биз уларни йўқотиш ва илдизидан қўпориб ташлашга қодир бўла туриб, бу бобда бепарволик қилсак! Шундай экан, вақти келганда уларнинг бузуқлигини дафъ қилиш, вилоят ва мамлакатни у бадкирдорлардан тозалаш бизнинг ҳимматимиз зиммасига вожиб ва лозимдир”.

Дунёга мустаҳкамлиги ва ваҳшати, ўткинчи-кеткинчиларга ваҳима солиши билан машҳур бўлган, шу пайтгача бирор номдор подшоҳ забт эта олмаган машҳур Тикрит қальасининг Амир Темур томонидан забт этилишининг сабабларини қуйида келтириб ўтмоқчимиз. Айнан карвон йўлларидаги қароқчилик ва бебошликлари учун қальа аҳли Амир Темурнинг ғазабига дучор бўлган. Амир Темур етти иқлимда тартиб-интизом ўрнатиш, мазлумларни ҳимоя остига олиш, ҳаж ва карвон йўлларининг осойишталигини, ҳар ернинг аҳолисининг мол-мулки ва саломатлигини таъминлаш, бунёдкорлик, халқни бойитиш бўйича кўрсатган саъйи-ҳаракатлари билан бошқаларга ўрнак ва ибрат бўлган. Жазо қаттиқ, аммо адолатли бўлган. Амир Темурнинг юришларини нохолис баҳоловчилар тарихий факт ва даллиларга назар солишлари керак.

Бағдод шаҳри забт этилганда шаҳар аҳли ва мусофирлар Амир Темурга: “Бу йақинда бир қальа турурким, ани Тикрит дерлар, асру берк ер турур. Ва бир жамоат ўғрилар анда йиғилиб, мусалмонларнинг йўлларини боғлаб турурлар ва ҳеч киши андин саломат ўта олмас. Ва доим Миср ва Шомдан келгон ва борғон карвонларға музоҳим бўлурлар ва неча йиллар турурким, алар ул ерни мақом қилиб турурлар ва ҳеч подшоҳ бориб ул қальани олмайдур. Бу жиҳатдин кўб мусулмонлар ташвишда турурлар” деб арз қилиб келадилар.

Амир Темур: “Бизнинг ҳимматимиз ва мақсудимиз бу юрмоқдин бу турурким, бундоқ нималарни мусулмонларнинг бошидан кетарсак” деб айтади ва Тикрит қальасини забт этишга киришади.

Бағдод ва Ироқи Араб Амир Темур давлати таркибига ўтгандан кейин бу вилоятларни Амир Темур Оқ Қўюнли ва Қора Қўюнли туркманларнинг улуғларига бошқариш учун бераркан қуйидагиларни алоҳида таъкидлаган:

“Бу чоққача вилоят эйасиз эрди; ҳар кимнинг кўнгли не тилар эрди, қилур эрдилар. Эмди итоат аёғларини хизмат йўлиға қўймак керак ва мусулмонларға мазоҳим бўлмамак керак; ва карвонларга зарар-заҳмат бермамак керак, то худой бандалари йўлларда фароғат била бориб келгайлар. Бу тариқа била амал қилсангиз, наким хотирингиз тиласа, ўшандоқ бўлғуси турур. Йўқ эрса ҳар не кўрсангиз ўзунгуздан кўрунгуз турур”. Бундоқ насиҳатлар қилиб ҳар бирига бир вилоятқа йибарди.

Буюк Ипак йўлининг ёпилиб қолган карвон сўқмоқлари Амир Темурнинг иқтидори ва шарофати туфайли қайта тикланиши билан Мовароуннаҳрга турли мамлакатлардан беҳисоб сармоя ва мол оқиб кела бошлади. Шунингдек, юртимиздан етишиб чиққан ишбилармон савдогарлар ҳам четга мол-товар ва сармоялар кирита бошлагандилар. Бунда биринчи навбатда, Мовароуннаҳриннг Самарқанд, Бухоро, Ахсикент, Андижон ва бошқа шаҳарларидан чиққан савдогарлар фаол қатнашдилар.

Шоҳистахон Ўлжаева

facebook.com