Туркияда ўқув ярим йиллигининг битирув маросими ҳақида

Туркияда ўқув ярим йиллигининг битирув маросими ҳақида
40 views
19 January 2019 - 14:31

Кеча 1-синфда ўқийдиган неварам Билолхоннинг ярим йилни битирув маросимига бордим. Турклар буни “Карне тўрани” (Karne torani) дейди.

Қишлоқларда қандайлигини билмадим-у, лекин катта шаҳарларда бирдан тўртгача бошланғич таълим алоҳида мактаблардир. Яъни, бошланғич мактаб (Ana okul) алоҳида, ўрта мактаб (тўртдан саккизинчи синфгача) алоҳида мактабдир.

Toren юксак савияда ўтди! Бутун тадбир давомидаги гап-сўз ва ишлар болаларни илмга, изланишга шавқлантиришга қаратилган эди. Мактаб фонди, синф фонди деган солиқлар, қўшимча дарсларга пул, обунага пул… каби йиғимлар ҳақида умуман гап бўлмади.

Ота-оналар жуда фаол қатнашишди. Оналар деярли саксон фоизчаси рўмолли-ҳижобли!

4-синфлар битирувчи бўлгани учун уларга кўпроқ диққат қилинди.

Энг олдин ярим ўқув йили давомида қўшимча кўп китоб ўқиганлар тақдирланди. Етти-ўн минг бет китоб ўқиган бола биринчи, беш минг бет ўқигани иккинчи, уч минг бет ўқигани учинчи ўринни олди. Совғага ҳам китоблар берилди.

Тақдирланган ҳар бир ўқувчи юқорига синф раҳбари билан бирга чиқарилди. Албатта қучоқлаб, икки юзидан ўпиб қўйилди!

Бир болача китоб ёзибди! Мактаб у китобчани нашр қилдириб берибди. Устозининг хизмати алоҳида таъкидланди. Қайсидир воқеани ярим бетча қилиб ёзиб кўрсатса, устози унга: “Ярим бет ёзган битта китоб ҳам ёза олади!” деб шавқлантирган экан. Китобнинг сарлавҳасини қаранг: “Денгизлар қироли”!

Сўнгра ярим йиллик карне (бизда ўрисчасига “табель” дейишади) топшириш маросими ҳар бир синфда давом этди. Диққатимни тортгани карнени топшираркан, синф раҳбари аълочими ё қолоқми ажратмасдан ҳар бир ўқувчисини алоҳида эркалаб, ширин гаплар айтиб, бетларидан ўпиб қўярди!

Неварам Билолхонга бошқача меҳр кўргазди. Чет эллик бўлгани учунми, ишқилиб руҳини кўтариб юборди!

Мактаб давлатники. Дунёвий. Лекин йўлакда “Оллоҳумма солли ъала саййидина Муҳаммад” номли деворий газетага кўзим тушди. Ҳазрати Алининг (розияллоҳу анҳу) “Болаларингизга сиз яшаётган даврга мос эмас, улар яшайдиган даврга мос илм беринг” деган ҳикматли гаплари ҳам шиор қилиб ёзилибди! Лекин тинчлик, осмон узилиб ерга тушгани йўқ.

Torenдан лавҳаларни сизларга ҳам улашгим келди.

Нуруллоҳ Муҳаммад Рауфхон

facebook.com