Шоир Рауф Парфи «Нилуфар» – «Лотос» мукофоти билан муносиб тақдирланган

Шоир Рауф Парфи «Нилуфар» – «Лотос» мукофоти билан муносиб тақдирланган
85 views
19 January 2019 - 18:09

Темур Пўлатов, Ўзбекистон ва Тожикистон халқ ёзувчиси,
Россия Федерациясининг “Дружба” ордени лауреати

«НИЛУФАР» – «ЛОТОС» мукофоти билан шоир РАУФ ПАРФИ муносиб тақдирланган.

Осиё ва Африка адибларининг бутун дунёда машҳур “Нилуфар” мукофоти ХХ асрнинг 80-йиллари ўрталарида Осий ва Африка мамлакатларининг “Адабиёт соҳасидаги Нобел мукофоти” деб аталар эди. Бу ўринли қиёслаш бўлиб, Нобел мукофоти сингари “Нилуфар” мукофоти ҳам мазкур мамлакатлар давлат ва ҳукуматлари томонидан эмас, балки Осиё ва Африка мамлакатлари Ёзувчилар ташкилотлари, шунингдек таниқли ва машҳур адиблари мукофот ҳайъатига тақдим этган тавсиялар асосида бериларди.

Мазкур мукофот ҳайъати ўнлаб йиллар давомида Осиё ва Африкадаги турли мамлакатларда йиғилган ва мажлислар ўтказган. Ёзувчилар уюшмаларининг халқаро ҳамжамияти 1993 йилда мазкур мукофотга ўзбек шоири Рауф Парфи номзодини кўрсатганда, ҳайъат Байрут шаҳрида иш олиб бораётган бир пайтда уруш бошланади. Оқибатда ҳайъат ўз ишини тўхтатишга мажбур бўлади, мукофотнинг шоир Рауф Парфига етиб келиши узоқ йилларга чўзилиб кетади. Бизнинг илтимосимиз билан мукофот дипломи ва кўкракка тақиладиган олтин нишони Москвага етказилди.

Мукофотнинг кўкракка тақиладиган нишонини ноябрь ойида Тошкентга борганимда шоирнинг қизи – Муножотнинг қўлига топширдим. Худо хоҳласа, навбатдаги сафар Тошкентга борганимда мукофотнинг дипломи – гувоҳномасини Тошкентдаги Адабиёт музейига топшираман.

Михаил Шолохов, Расул Ҳамзатов, Нозим Ҳикмат, Пабло Неруда каби адиблар ва шоирлар турли йилларда мазкур юксак халқаро мукофотга сазовор бўлган. Эндиликда уларнинг сафидан машҳур ва даҳо шоиримиз Рауф парфи ҳам жой олди. Олий мукофот барчамизга муборак бўлсин!

facebook.com