Шермуҳаммадбекнинг Қобулдан йўллаган хати

Шермуҳаммадбекнинг Қобулдан йўллаган хати
33 views
21 January 2019 - 7:00

Севикли афандилар!

Чин кўнгилдан қайнаб чиққан арз ила ихлос-ҳурматларимни қабул этингиз. «Ёш Туркистон» журналида бурунги чекистлардан Оғабековнинг хотираларида меним устимга айтилгон кир бўҳтонни ўқиб, жуда ўкиндим ва бу журналнинг ўз пайтида менга келиб етмаганига кўп қайғурдим.

Тангри ярлақасин, шу кунларда муҳтарам муфти Садриддинхон ҳазратларининг Қобулга келиб чиқишлари журналнинг бу масала ила алоқадор сонини ўқиб чиқишимга сабаб бўлди. Шу пайтдаёқ қўлимга қалам олиб, ўзимнинг миллий муқаддас вазифамни бажаришга, устимга ҳақсиз отилган қора туҳматни итқитиб ташлашга қарор қилдим.

Истакли афандилар! Бизнинг миллий ва эзгу вазифаларимизни онглатиб, чизиб ўтишларингизга чин юракдан миннатдорлик қиламан. Тўғри, Туркистоннинг ҳур тирилиши учун кўкрагини кериб, курашиб ўлган мингларча Туркистон шаҳидларининг муборак қонлари масъулияти устимизда эканлигини биз, мужоҳидлар, сира унутмаймиз.

У муҳтарам шарафлик шаҳид туғонларимизнинг қонлари бизни бундай кир манжус тузоққа илинмаслигимизни амр этади. Оё бу кунларда большевикларнинг мингларча миллат ходимларимизни ноҳақ ўққа тизиб турғон қандай бир виждонсиз хоин уларнинг кўмагига қўл узатади экан?..

Мен Оғабеков ва унинг манжус идораси ГПУ вакиллари билан ҳеч вақт ҳеч қандай ерда кўришмадим. Пул ҳам олмадим, ҳақимдаги сўзларнинг бошдан-оёқ қип-қизил ёлғон эканини очиқ-ойдин эълон қиламан.

Оғабековнинг қўлида мени қоралайтурғон кичкина бир далил бор бўлса, мана, майдон, марҳамат этсин! ГПУ тузоғига илинадиган айғоқ қони менда йўқ. Мен бошқа мужоҳидлар билан бирга шараф билан милпатимнинг қутулиши учун чоришдим. Кўксимни ўққа девор қилиб уришдим. Уша синашда душманимиз бўлган зо лим большевиклар ила бундан кейин ҳам урушишга ҳозирман.

Муҳтарам афандилар!

Меним юқорида ёзғон кичкина раддиямни мендан бўлмағон сабабларга биноан кечикишига қарамай, журналингизга босиб, дунёга тарқатсангиз, бўйимга буюк бир миннат қўйғон бўлур эдингиз.

Тўлиқ ҳурматларимни қабул этингиз.

Шермуҳаммадбек.
Афғонистон. Қобул.
8 ноябрь 1934 йил

facebook.com