Самодаги изланишлар – ким нимани эплади?

Самодаги изланишлар – ким нимани эплади?
28 views
21 January 2019 - 14:11

2018 фазовий кашфиётлар йили бўлди. NASA Фазовий тадқиқотлар агентлиги Марсга яна бир аппарат юборди. Хитой Ойга луноход қўндирди. Халқаро фазо стансияси 20 ёшини нишонлади. “SpaceX” компанияси кетма-кет ракеталар учирмоқда. Олис астероидда сув топилди.

2018-йилда инсоният юлдузлар томон катта қадам ташлади. Миллиардер тадбиркор, “Tesla” компанияси раҳбари Илон Маскнинг “SpaceX” компанияси тижорий парвозлар сони бўйича рекорд ўрнатди.

“Falcon 9” ракетаси Халқаро фазо стансиясига юк етказиб берди. Бир неча йил ичида инсонни Марсга олиб чиқиш ҳам режаланган.

Falkon-9 ракетаси

Космик парвозлар арзонроқ бўлиши учун “SpaceX” қайта ишлаца бўладиган ракеталар ишлаб чиқармоқда.

Фазога саёҳат арзон бўлмайди – 200 минг доллар. Синовлар давом этяпти, ракеталар ҳали тайёр эмас.

2018-йилда Халқаро фазо стансияси 20 йиллигини нишонлади. Ушбу космик лабораторияни АҚШ, Канада, Япония, Россия ва Ёвропа Иттифоқи биргарликда юритади.

Шумхабарларга келсак, стансиянинг турли жойларидан намуна қилиб олинган юзлаб бактерияларнинг бештаси антибиотикларга чидамли бўлиб чиқди. Бу вируслар астронавтларга юқиши мумкин деган хавотир бор.

Ойда ўсган пахта

Хитой эса янги йилни Ойнинг қоронғи тарафига ракета учириш билан нишонлади. Миссия муваффақиятли кечгани айтилади. Луноход Ойдан Ёрга суратлар жўната бошлаган.

Ойга қўнган воситанинг камералари бор, экспериментлар ўтказилмоқда. Хитой олимлари у ерга юборилган пахта уруғи ўсиб чиққанини кўрсатувчи суратларни эълон қилди.

NASA нинг Осирис-Рекс аппарати Бенну номли баҳайбат астероид олдидан учиб ўтди. Астероидга етиб бориш учун икки йил вақт кетган. Унда сувнинг кимёвий излари борлиги олимларни ҳайратда қолдирди. Бундан ташқари, бу астероиднинг тахминан 150 йилдан сўнг Ёр билан тўқнашиши эҳтимоли ўрганилмоқда. Бунинг эҳтимоли 2700 дан бирга тенг, яъни сайёрамизга урилиши мумкин бўлган жисмлар рўйхатида иккинчи ўринда.

Бенну астероиди

1977-йилда NASA самога Вояжер номли икки аппарат учирган эди. Улардан бири юлдузлараро фазога кирган, яъни энди у қуёшнинг доимий магнит майдонидан ташқарида. Вояжер ҳозир Ёрдан 11 миллиард километр узоқликда. Ундан бизга маълумот етиб келиши учун 16, 5 соат вақт керак.

Олимлар Вояжер-2 яна тўққиз йил хизмат қилишига умид қилмоқда.

Ноябр охирида АҚШ Фазо агентлигининг навбатдаги аппарати қизил сайёрага қўнди. “InSight” номли робот 460 миллион километр масофани босиб ўтиб, олти ой деганда Марсга етиб борган. Сейсмометр билан жиҳозланган аппарат бир жойда ўрнашиб олиб, икки йил давомида сайёрадаги зилзилаларни ва бурғилаш орқали унинг ички тузилишини ўрганади.

Манба: amerikaovozi.com