КЕЛИНБОЛАНИНГ ҲИММАТИ
Ёш муҳаррир йигит уйланмоқчи бўлиб, қўшни шаҳарда турадиган қизлардан бирининг уйига совчи юборибди. Қиз томондагилар “Ёшлар бир-бирларини кўришсин, ана ундан кейин гаплашамиз”, дейишибди.
Таомилга кўра, яқин қариндошлар ёрдамида улар Анҳор бўйида учрашишибди.
Учрашув чўзилиб кетибди. Ёшларни узоқдан кузатиб турган амма ва опа: “Майли, гаплари қовушди, шекилли”, дея сабр-тоқат билан кутишибди.
Бир маҳал қиз бўшашибгина орқасига қайтибди.
– Йигит сенга маъқул бўлдими? – деб сўрабди қизнинг опаси.
– Ёмон йигитга ўхшамайди, – дебди қиз.
– Унда нега кайфиятинг йўқ?
– Вилоят газетасининг муҳаррири экан, обунаси чатоқмиш. Нуқул шуни гапирди. Бечорага раҳмим келиб кетди, – дебди қиз ички бир хўрсиниқ билан.
– Сен нима дединг?
– Нима дердим, ҳозирча уч ойга обуна бўлишга ваъда бердим…