Анқара жангги конференциясидан олган таассуротларим

Анқара жангги конференциясидан олган таассуротларим
57 views
22 January 2019 - 8:00

2012 йилда Туркиянинг Анқара шаҳрида “1402 йилги Анқара жангги конгресси” бўлиб ўтди. Мен бу конференциядан олган таассуротларимни халигача унута олмайман, ҳаяжонланиб унинг ҳар бир тафсилотини эслайман. Бошида конференциянинг нуфузи шу қадар баланд эканлигини билмаган эканман.
Анқара шаҳридан 27 км узоқликда жойлашган беш юлдузли термал Буюк Анадолу меҳмонхонасига жойлашдик.

У ерда турли конгресслар, симпозиум ва бошқа анжуманлар ўтказилади. Сабаб тинч жой ва шаҳардан ташқарида жойлашган, Катта мажлислар зали билан бирга шўъбалар учун ҳам камида 5-6 та кичик заллари ҳам бор.

Биз ўша катта залга кирдик. Тумонот одам. Очилиш маросимига Туркиянинг вазирлари, парламенти бошлиғи, нуфузли инсонлар тўпланди.

Мажлисда Анқара жангги ҳақида жуда қизиқарли маърузалар бўлди.

Шу мажлисда даставвал Озарбайжон режиссёрлари ва актёрлари томонидан ишланган Анқара жангги, Йилдирим Боязид ва Амир Темур муносабатлари ҳақидадаги ҳақиқатларни юзага чиқарувчи фильмдан 10 дақиқалик парча қўйилди. Бу фильм залдагиларга этни жунжиктирар даражада таъсир қилди. Мен тўғриси анчагача ўзимга кела олмадим.

Мен турк олимлари Амир Темурга қарши гапира кетса керак, деб ҳужумга шайланиб турардим, аммо улар кутилмаганда Соҳибқиронга одил баҳолар бера бошладилар. Чунки ҳар иккисининг илдизи, тили, дини бир бўлган забардаст туркий султонлар эдилар, уларни кўплаб ташқи кучлар бир-бирига қаршилантирган ва алалоқибатда мана шу жанг келиб чиққан.

Мени ҳайратлантирган бир жиҳат: айнан шу меҳмонхонанинг орқасида (балки шу меҳмонхона ўрнида ҳамдир) 5-6 метр ердан бошлаб Анқара жангги бўлган ер экан. Ва мен бу ерда “Анқара жанггининг ташкиллаштирилиши” мавзудаги маърузамни ўқидим. Айнан шу меҳмонхонадаги икки йил аввалги маърузам “Анқара жанггининг келиб чиқиш сабаблари” деб аталган ва ҳар иккисида ҳам мен Анқара жангги ҳақида маъруза қилдим. Тақдирни ишини қаранг. Мен қаерга борган бўлсам ўша ерга Соҳибқироннинг қадами етиб борганлигига эътибор қаратдим ва бундан чексиз ғурурландим. Конференция юқори савияда ташкил этилганди.

Ўзим ҳам бир кун шўъбага раислик қилдим.

У ерда катта нуфузли олимлар билан бирга ёнма-ён ўтириб жанг тарихларини муҳокама қилдик. Ўша меҳмонхонанинг подвал қаватида минерал сувдан бассейнлар бор экан. Бу меҳмонхонада сувлар иситилиб илиқ холатга келтирилади. Мени ҳайратлантирган нарса у ерда эркакларнинг ва аёлларнинг бассейнлари алоҳида қурилган эди. Сал юрсангиз меҳмонхонанинг ўзида жоме масжиди. Мана шу усулдан бизда ҳам фойдаланса нур устига аъло нур бўлур эди.

Мажлис сўнггида якунловчи сўз учун баъзилар қоғозларга ёзиб тайёрланиб туришибди. Мен эътибор бермабман, якунловчи сўзга чиқувчи 3-4 киши орасида мен ҳам бор эканман.

Мен ҳам сўзларимни турк тилида гапирдим ва конференция иштирокчиларига ўз миннатдорчилигимни билдирдим, таклиф ва тавсияларимни айтиб ўтдим.

Ушбу конференцияда Амир Темур, Йилдирим Боязид ва Анқара жанггига тааллуқли кўплаб мавзулар қамраб олинди ва бу жанг тафсилотлари кенг муҳокама қилинди.

Соҳибқирон бобомизнинг руҳлари шод бўлсин, у кишининг улуғ сиймоси биз каби юзлаб темуршуносларга ҳалигача илҳом манбаси ва ҳар тарафлама ўзимизни намоён қилишимиз учун катта имкониятлар яратиб бермоқда. Мен ҳам шу улуғ зот туфайли хорижларни кўриш ва нуфузли анжуманларда маърузалар қилиш бахтига мушарраф бўлдим. Яхши инсонлар юз йиллар ўтса ҳам инсонларга фойдаси тегади, уларнинг тажрибаси, илми, закоси қиёматга қадар жамият. давлат ва ҳар кимни ислоҳ қилишда ибрат ва андоза бўлиб қолади. Амир Темур аслида халқ учун хизмат қилган, давлатни халқ фикри асосида бошқарган, ўз даври учун шарқона демократик тартиботлар қўллай олган асл ҳукмдор эди.

Амир Темур олимларга ҳомийлик қилганлар, уларни қўллаб-қувватлаб ҳамма шароитларни муҳайё қилиб берганлар, уларнинг обрўсини кўтариб мажлислари тўридан жой берганлар. Шунинг учундир қанчалаб олимлар ва халқлар у кишининг нури зиёсидан қувват олиб туради.

Амир Темур ҳазратларининг юртимизда тавааллуд топиши тақдирнинг иньоми бўлган ва улуғ шоҳ, саркарда, иқтисодчи, маърифатпарвар ва маданият ҳомийси бўлган Соҳибқироннинг номи асрлар оша ўчмагай.

Шоҳистахон Ўлжаева

facebook.com