“Болаларга жавоб берворсанг ўласама?!.”

“Болаларга жавоб берворсанг ўласама?!.”
23 views
22 January 2019 - 9:00

“БОЛАЛАРГА ЖАВОБ БЕРВОРСАНГ ЎЛАСАМА?!.”

1998 йили қиш қаттиқ келди. Январда мактабимизда (Самарқанд вилояти Нуробод туманидаги 15-мактаб) дарс вақти қисқартирилган ҳолда – 30 дақиқадан ўтила бошланди. Қишлоқ шароити шуни тақозо қиларди.

6-синфга она тили дарсини ўтаётгандим. Охирги – олтинчи соат эди адашмасам. Эшик очилиб, синфга галстук таққан, пўрим кийинган икки киши кириб келди – комиссия экан, вилоят халқ таълими бошқармасидан. Бирининг номи аниқ эсимда қолган – Комил Ҳайдаров.

Хуллас, кейин маълум бўлишича, мактабда фақат мен дарс ўтаётган эканман ўша пайти. Қолганлар болаларга жавоб бериб юборишган. Ўқувчилардан диктант олишимни талаб қилишди. Бўшроқ синф эди. Натижалар шунга яраша бўлди.

15-20 дақиқада директор, ўринбосарлари етиб келишди. Директор хонасига дарғазаб ҳолда кириб кетган “комиссия” у ердан хурсанд бўлиб чиқиб кетди.

Уч-тўрт кун ўтгач, директор маош тарқатди. Албатта, “комиссия”га кетган харажатларини биз ўқитувчиларнинг ойлигимиздан ушлаб қолиб чиқариб олди.

Кейин… ҳамма, айниқса аёл ўқитувчилар менга олақараш қилиб юришди: “болаларга жавоб берворсанг ўласама?!.” дегандай…

Шундай кунларни ҳам бошдан ўтказдик!

Ҳусан Карвонли

facebook.com