Ўринли таънага жавобим

Ўринли таънага жавобим
21 views
26 January 2019 - 6:00

Матназар АБДУЛҲАКИМ

ТАНЛАНГАН АСАРЛАР
1 – жилд

“ҚОР ҚЎШИҒИ” КИТОБИДАН

     

    ЎРИНЛИ ТАЪНАГА ЖАВОБИМ

Ўтга-чўққа урсам-да, ўзни,
Дўстим, мен эришган нарса кам.
Маҳкумдирман, лекин барибир
Бир умрлик қутлуғ ларзага.

Кечган йўлда изим йўқ. Бўм-бўш.
Насиб этсин ўзингга бақо.
Яхлит мағлубият ҳаётим,
Гапинг тўғри. Ҳақсан мутлақо.

Таъна қилма бунчалар қаттиқ,
Шафқатли бўл. Юмша. Сал эри.
Афсус, Моцарт бўлолмайсан сен,
Бўлолмайман мен ҳам Сальери.

Азобингдан топмай тасалло,
Яшайдирман ғаразсиз, кексиз.
Такаббур бу дамларингда ҳам.
Сендан менинг умидим чексиз.

Мен чақмайман. Сўзларим холис.
Қўшиқларим доғули эмас.
Ушбу қадаҳ чин юракдан. Ол.
Қалтирама. Оғули эмас.

Биз ўлимдан тубанроқ кетиб
Бир-бировга қилмайлик ҳужум.
Бир ичайлик юраги тоза
Одамларнинг соғлиги учун.