Илон

Илон
33 views
30 January 2019 - 6:00

Матназар АБДУЛҲАКИМ

ТАНЛАНГАН АСАРЛАР
1 – жилд

“ҚОР ҚЎШИҒИ” КИТОБИДАН

ИЛОН

            Ўғлим Умарбекка

 Илон қолди бизларда қишлаб,
Бир бор кўрдим бор-йўғи ҳали.
Оқшомлари қўяр вишиллаб,
Шифтдан ўтар сирли сирғалиб.

У билади, ўлдирмаймиз, йўқ,
Жонзотларга меҳримиз баланд.
Шунинг учун бу мунис махлуқ,
Келиб қолган бизларни танлаб.

Журъат қилиб яшайди ҳамон,
Бордир ахир унинг боиси.
Ўғлим уни кўрмайди ёмон,
Қўрқмас ундан ҳатто ойиси.

Ликиллатиб думини гўзал,
Вужудини минг тусда товлар.
Бир айби, бир гуноҳи бор сал,
Калтакесак ва сичқон овлар.

Қилманг ундан, илтимос, гина,
Ёнингиздан ўтиб қолса у.
Қўрқитади фақат озгина,
Фақатгина турқи сал совуқ.

Гоҳ кўтарар қизларим вой-вуй,
Қизларимни опам койийди.
«Тентакларим, илон кирган уй
Бир кун бахтли бўлар, бойийди».

Бойликка ўч эмаслигим бахт,
Жон сақлашга етар ойлигим.
Қирда майса, ўрмонда дарахт,
Уйда илон менинг бойлигим.

Бойлик агар комига тортса
Душман йўқдир ундан ваҳшийроқ.
Бойлик агар меҳнатсиз ортса,
Ундан ҳатто илон яхшироқ.

Яшириниб, ўзини гизлаб
Қилмай таҳдид, қилмасдан ваҳма.
Бор-йўғи бир бошпана излаб
Келибди-ку. Шунга ҳам раҳмат.

Бизга сўзсиз ташаккур айтиб,
Бахт ҳақида тарқатиб эълон,
Уйимизда илон яшайди —
Келинчакдек тортинчоқ илон.

Илон борки, бизга толе ёр,
Энди бахтимизнинг кулгани…
Боғимизда битта кирпи бор,
Шунга инсоф берса бўлгани.