Ўзбекистон ривожига қанча умид бўлса, шунча шубҳа бор…

Ўзбекистон ривожига қанча умид бўлса, шунча шубҳа бор…
60 views
22 January 2019 - 13:28

Бугун президент Мирзиёев Берлинда. Мен сўнгги 10 йилни ўтказган ва менга Ислом Каримов мустабидлигидан бошпана берган севимли шаҳримда.

Ўзбекистон ҳақидаги муттасил ёмон хабарлардан чарчаган немис сиёсатчилари ўзбекларнинг янги президентини илиқ қарши олишмоқда. Ҳақиқатан ҳам, Каримовнинг собиқ бош вазири, гарчи ҳозирча эҳтиёткорлик билан бўлсин, мамлакат модернизациясини бошлашини ҳеч ким кутмаган эди.

Немис матбуоти Ўзбекистон президенти ташрифи ҳақида анча кам ёзяпти, чунки ғарб оммавий ахборот воситалари учун мамлакат раҳбарларининг ташрифи эрталабдан кечгача телевизорда гапириладиган хабарлар сирасига кирмайди.  Бир нечта мақолада барча хабарлар учун одатий: икки йил бурун диктатор Каримовнинг ўлгани, энди эса Ўзбекистоннинг дунёга очилаётгани ва иқтисодий ислоҳотлар юргизаётгани ҳақида билдирилган.

Чиндан ҳам Ўзбекистон ўзгармоқда. Гарчи ҳануз Ислом Каримов тўғридан тўғри танқид қилинмаётган, ҳатто Тошкентдаги халқаро аэропортга унинг номи берилган бўлса-да, афтидан Каримовнинг кетганидан қувонганлар унинг ўлимига қайғурганлардан кўпроқ бўлса керак.

«Менда қанча умид бўлса, шунча скептицизм бор», деган эди 2017 йилнинг мартида Ўзбекистонга киритилмаган улуғ ўзбек ёзувчиси Ҳамид Исмоил. Ўзбекистоннинг бугунги истиқболини адибнинг айни сўзлари аниқ ифодалаши мумкин.

Умида Ниёзова

Манба: eltuz.com