Амир Темур даврида халқ ўйинлари ва томоша ҳақида бир шингил

Амир Темур даврида халқ ўйинлари ва томоша ҳақида бир шингил
28 views
23 January 2019 - 7:00

Амир Темур даврида майдон томошалари орасида от билан бажариладиган пойга, улоқ чопиш (кўпкари), отдан ағдариш, чавгон, қабоқ ўйин кабилар, ҳаққоний куч синови ҳисобланмиш кураш, қилич, найза, гурзи ва бошқа жанговар қурол ва аслаҳалар билан ўтадиган беллашувлар, шунингдек, қўчқор, хўроз уриштириш каби қадимий ўйин ва мусобақалар етакчилик қилган.

Томошабинлар ўта фаол бўлишган: ҳар гуруҳ, жамоа ёки уруғ майдонда куч ёки бўлмаса моҳирлигини, маҳоратлилигини синаётган вакилини (ёки ўргатилган оти, хўроз ёҳуд қўчқорини) қувватлаб, тарафини олиб, руҳлантириб турган. Бутун ўйин ёки томоша жараёнини у билан бирга кечирган, ютуғидан қувонган, мағлубиятидан ачинган. Иштирокчи ва томошабинлар жуда танти бўлишган, ғолибларни тан олиб, тетик руҳ, янги йиғинларга умид бағишлашган ва шу тариқа майдонни тарк этишган.

Ибн Арабшоҳ ушбу тантаналар халқ байрамига айланиб кетгани ҳақида муфассал маълумотларни келтириб ўтган. “Ҳар бир ҳунарманд ўз ҳунарига боғлиқ нарсада жидду жаҳд кўрсатди, ҳар бир санъат аҳли ўз санъатига мансуб нарсада имконидан ҳам ошириб ҳунарини кўрсатдики, ҳатто бир буйрачи (қамишдан) мукаммал қурол-яроқли бир отлиқни ясаб чиқарди ва унинг суратини камолига етказиб, ҳатто тирноқларию киприкларини, ёй, қилич ва бошқа таалуқли нарсаларнинг (ҳаммасини) дақиқ усулида камолига етказиб ясади… Пахта титувчилар пахтадан тиклиги ярашган, баланд, пишиқ ишланган, гўзал суратли нафис ва чиройли мезана ясадилар… Шунингдек, заргарлар, темирчилар, этикдўзлар, ёй ясовчилар ва бошқа тоифалар хунармандлари, мусиқа, ҳазил-мутойиба ва латифалар соҳиблари ҳам ўз ҳунару санъатларини намоён қилдилар…

Ҳалқ ушбу оммавий байрам ва тантаналарда (гўё) бекиниб ётган кийиклар эдию (энди) улар бемалол уяларида керилиб ётган шерларга айланди. Улар ўйин-кулги жаннатига тушдилар. (Улардаги) мавжуд ғализлик ва дағаллик латофат ва зарофат билан алмашди.

Агар шу ерда бўлсанг эди, фақат чалинаётган уд созини…, сузилиб узатилаётган қадаҳни, куйлаётган ашулачини, соқийлик қилаётган жорияни, юриб шароб тутаётган соқияни, хушбўй гул юзлини, гул юзли маъшуқани…, киши ғанимат биладиган маишат фурсатларини ёки холи ҳақида нашида этиб, тараннум қилаётган лисонни кўрардинг”, -дея таъриф берганди Ибн Арабшоҳ.

Конигилда бошқа тадбирларда бўлгани каби театр томошалари ҳам қўйилган.

Қассоблар билан мўйнадўзлар тайёрлаган мезаналарда ниқобдорлар театрининг бутун бир томошалари намойиш қилинган. Али Яздий бу тўғрида ўзининг “Зафарнома” китобида шундай ҳикоя қилади:

Сўнгра қассоблар касбига мос
Кўрсатдилар кўп камёб томошалар.
Одам қўйга айланган, қаранг,
Пўстакни ёпиниб санъаткорона.
Олтин шохли, сўзловчи эчкилар
Бир-бирининг изидан борар.
Тошидан эчкидай, лекин пўстин ичида
Киши қалбин, ақлин ўртовчи паризодлардир.
Парилар баъзида сеҳр-жоду ила
Ташқи қиёфасин ўзгартириб турар.
Мана яна гоҳ филларга, гоҳ қўйларга айланиб,
Янги суратларга кирмиш паризодлар.

Бу ўринда сўз қассоблар касабасининг ғилоф ва ниқоблардан фойдаланиб, уй ҳайвонларидан қўй ва эчкилар, қўлга ўргатилган филлар қиёфаларига киргани, шу қиёфаларда муайян томоша кўрсатгани ҳақида боради. Бунда одат тусида бўлган тарихий бир афсона акс эттирилган. Тахминимизча, бу Рустам тимсолига айланган қуёш маъбуди Митра билан боғлиқ афсонадир. Фил, қўй, айниқса, олтин шохли эчкиларнинг тимсоллари шунга ишора. Шубҳасиз, бунда қассоблар касабаси номидан малакали ўйинчилар қатнашган. Али Яздийнинг ижрочиларни киши қалби ва ақлини ўғирловчи париларга ўхшатиши шундан гувоҳлик беради.

Мўйнадўзлар ҳам шунга яқин томоша кўрсатишган: Худди шундай моҳир мўйнадўзлар, бирлари қоплонга, бирлари арслонга айланди, яшириниб ҳар хил ҳайвонларнинг териларига, нақ танага жон бўлиб. Ҳам шаклан, ҳам ранги-рўйидан ўзларин тулкига, сиртлонга, қоплонга, силовсинга айлантирарди. Ташқидан йиртқичу, аслида пари. Бунда ҳам малакали ижрочилар қатнашган, улар ёввойи ва йирткич ҳайвонлар қиёфаларида томоша кўрсатишган. Томошада афсонавий воқеа акс эттирилган.

facebook.com