Фарғонанинг этноойконимлари

Фарғонанинг этноойконимлари
55 views
24 January 2019 - 7:00

Фарғона водийсида 10 дан ортиқ аҳоли маскани юз этнонимидан ном олган. Дарҳақиқат, юзлар ўтмишда 92 бовли ўзбек уруғ ва қабилалари орасида энг катта қабилалардан ҳисобланган. Профессор Х.Дониёровнинг ёзишича, юз қабиласи аввало учта катта бўлакка бўлинган: марқа боласи, қиропчи, ражаб боласи. Марқа ўз навбатида иккига ажралган: уяс солин ва хитой юзи. Уяс олтига, солин ҳам шунча гуруҳга, хитой юзи эса 12 отага бўлинган. Юзнинг қаропчи, ражаб боласи бўлаклари ҳам бир неча тармоқларга бўлиниб кетган.

“Ўзбек энциклопедияси”да уқтирилишича, 1920, 1923 ва 1970 йилларда ўтказилган аҳоли рўйхатига кўра, ҳозирги Ўзбекистон ва Тожикистон ҳудудларида юзлардан қарийб 60 мингга яқин киши яшаган. Юзларнинг бир қисми Фарғона водийси, жумладан вилоятимиз ҳудудида ҳам истиқомат қилганлар. Юзлар (Қува, Шаҳрихон, Олтинкўл туманлари), Юзия (Шаҳрихон, Қува туманлари), Юзмаҳалла (Қува тумани), Қаропчиюз (Шаҳрихон тумани), Марқаюз, Қаропчи, Ғанчиюз (Асака тумани), Чўжаюзия (Шаҳрихон тумани), Улюз (Марҳамат тумани) ойконимлари юз этноними ва унинг тармоқлари, узвлари номлари билан аталгандир.

Бундан ташқари, ўтган асрнинг бошларида тузилган аҳоли пунктларининг рўйхатида кўрсатилишича, собиқ Қўқон уезидининг Қипчоқ волостига қарашли Сарой қишлоқ жамоасида (бу ҳудуд хозирда Данғара туманига қарайди) Юзлар қишлоғи мавжуд бўлган. Шунингдек, Қўқон шаҳри маҳаллаларидан бири XX асрнинг 30-йилларигача Юзлар деб аталган. Шаҳар топонимия комиссияси қарори билан бу тарихий этноойконим тикланиб, қайта истеъмолга киритилди.

Вилоятимизнинг Данғара туманидаги Топтиқсарой, Капасарой, Бағдод туманидаги Чексарой, Ўзбекистон туманидаги Дўнгсарой қишлоқларининг номи сарой этноними билан алоқадордир. Манбаларда баён қилинишича, сарой этник бирлашма сифатида XIV-XV асрлар давомида Дашти Қипчоқда шаклланган бўлиб, XVI асрда бошқа ўзбек қабилалари билан бирга ҳозирги Ўзбекистон ҳудудидига келиб жойлашган. 1924-1926 йилларда ўтказилган аҳоли рўйхатига кўра ўлкамизда яшовчи саройларнинг умумий сони 50 мингдан ортиқ бўлган. С.Қораевнинг ёзишича, сарой қабиласи Бухоро, Кармана, Ғиждувон, Каттақўргон, Самарқанд ва Жиззах атрофларида, қисман Фарғона водийсида яшаган. Юқорида мисол қилиб келтирилган этноойконимлар Фарғона вилоятининг баъзи жойларида сарой қабиласига мансуб кишилар яшаганлигидан далолат беради.

Урганжи этноойконими Фарғона водийсида 10 га яқин жойда учрайди. Вилоятимизнинг Данғара, Бувайда, Учкўприк туманларида шу ном билан юритилувчи қишлоқлар бор. Шунингдек, Қўқон шаҳрида яна Урганжибоғ маҳалласи мавжуд. Мазкур топонимлар урганжи этноними замирида юзага келгандир. Этноним Урганч шаҳри номига тожикча-и қўшимчасини қўшиш орқали ясалган, маъноси “урганчлик” демакдир. С.Қораевнинг тарихий манбаларга суяниб ёзишига қараганда, урганжилар XVIII аср охирида Урганч шаҳридан чиқиб, бошқа ерларга ўрнашган ўзбеклардир. Дарҳақиқат, Фарғона вилоятидаги урганжилар шу даврларда бу ерларга келиб ўрнашган бўлишлари мумкин. XIX аср Қўқон хонлиги тарихига оид манбаларда ҳам мазкур ҳудудларда урганжи қавмига мансуб кишилар истиқомат қилганлиги ва улар ўз уруғларининг номини унутмаганликлари баён этилган.

Қотағон ҳам ўзбек халқи таркибига кирган йирик уруғлардан ҳисобланади. Манбаларда қайд қилинишича, қотағонлар ўтмишда жуда кенг доирада, хусусан Фарғона водийсининг Наманган билан Қўқон ўртасидаги жойларда, Хўжанд шаҳри яқинида яшаган. Даврлар ўтиши билан қотағонларнинг катта қисми ўз уруғларининг номларини унутиб юборганлар. Шу этник ном улар истиқомат қилган ҳудудларда ойконимлар шаклида учрайди. Ўзбекистон, Бешариқ, Бағдод туманларидаги Қотағон деб аталувчи қишлоқлар номини бунга мисол қилиб келтириш мумкин.

Кенагас–йирик ўзбек қабилаларидан бири. Фарғона вилоятида кенагас этноними асосида шаклланган аҳоли масканларининг мавжудлиги қайд этилди. Ўзбекистон, Бағдод туманларидаги Кенагас ҳамда Учкўприк туманидаги Катта Кенагас ва Кичик Кенагас қишлоқлари шундай ойконимлар жумласидандир.

Вилоятимизнинг Қува туманида Қалмоқ, Охунбобоев тумани ҳудудида эса Қалмоқлар қишлоғи бор. Булар қалмоқ этнонимига алоқадор ҳолда вужудга келган ойконимлардир. Қалмоқ қабиласи 92 бовли ўзбек қавмларининг деярли ҳамма рўйхатларида тилга олиб ўтилган. Тарихий манбаларда кўрсатилишича, Фарғона ҳудудида қалмоқлар XVIII асрнинг ўрталаридан яшаб келганлар. Қалмоқларнинг водийда туриб қолиши шу ҳудуднинг жой номларида ўз “изи”ни қолдирган.

Фарғона вилоятининг Учкўприк туманидаги Қирқ, Данғара туманидаги Қирқлар ойконимларининг номланиши 92 бовли ўзбек уруғларидан бири – қирқ этноними билан бевосита боғлиқдир. Ўтган асрнинг 30-йилларига қадар Қўқон шаҳридаги маҳаллалардан иккитаси Қирқлар деб юритилган. Мазкур маҳаллаларда қирқ уруғи вакиллари яшаганлар. Шу туфайли уруғ номи маҳаллага атама бўлиб кўчган. Этноним ойконим сифатида қўлланила бошлаган.

Булардан ташқари, Фарғона вилоятида Ғозиёғлиқ (Қўқон шаҳри), Олчин (Бағдод тумани), Қаракўрпа (Данғара тумани), Чимбой (Бешариқ, Қува туманлари) Унгут (Бешариқ тумани), Чуваланчи (Бағдод тумани), Қияли, Қиёт (Бешариқ тумани), Телов (Бешариқ, Ўзбекистон туманлари), Қушчи (Фурқат тумани), Қорақушчи (Охунбобоев тумани), Туячи (Риштон тумани), Болғали (Ўзбекистон, Бағдод туманлари), Уймовуд, Уйрот (Риштон тумани), Бешэчки (Фурқат тумани), Қўчқорчи (Қувасой шаҳри), Келарчи (Олтиариқ тумани), Калтатой, Турғоқ (Учкўприк тумани), Тома (Данғара тумани), Жов (Бувайда тумани), Тўқибой, Қорақунос, Қорақозон, Ромадон (Тошлоқ тумани), Овчи (Ўзбекистон тумани), Бешқовоқ (Данғара тумани), Қорасоқол (Ёзёвон тумани) ойконимлари мавжуд бўлиб, буларнинг асосида ҳам этнонимлар ётади.

Фарғона вилоятида тарқалган этноойконимлар орасида бошқа миллат, халқ вакиллари тарқалганлигини, яшаганлигини билдирувчи жой номлари ҳам мавжуд. Учкўприк, Қува, Данғара туманларидаги Қирғизқишлоқ, Бувайда туманидаги Қирғизқўрғонча, Охунбобоев туманидаги Қирғизлар, Қирғизобод, Фарғона туманидаги Қирғизшўра, Қува, Учкўприк туманларидаги Қирғизмаҳалла ойконимлари шу ҳудудларда яшаган қирғиз халқи номи билан аталган.

Ўзбеклар билан тожиклар қадим замонлардан бери ёнма-ён яшаб, ўзаро иқтисодий, сиёсий, маданий алоқада бўлиб келганлар. Бундай муносабатлар икки халқ тарқалган ҳудуднинг жуғрофий номлари тизимида ҳам ўз аксини топган. Тожиклар билан ўзбеклар аралаш яшаган жойларнинг кўпчилик қисмида тожик этноними жой номи шаклида учрайди. Бундай ойконимлар жумласига Қува, Тошлоқ, Учкўприк, Охунбобоев туманларидаги Тожикқишлоқларни ҳамда бир неча аҳоли масканлари таркибида учровчи Тожикмаҳаллаларни мисол қилиб келтириш мумкин.

facebook.com