“Тонг”

“Тонг”
21 views
25 January 2019 - 8:00

“ТОНГ” журнали: “Мия ўзгармагунча бошқа ўзгаришлар негиз тутмас!”. 1920 йил, №1.

Чўлпон

“ТОНГ”
               Севикли “Тонг”ға бағишлаб

“Сайра, – дедим, – қайғу чеккан, эй, булбул,
Кўнглингдаги қайғу-ҳасратларингни.
Булбул деди: “Тонг отсин-да, ерни
Ясантирсин меним маъшуқам – Гул!”

“Эй чўзанак, – дедим, – жонсиз ётма,
Қанотчангни визиллатиб учгил –
Учиб гулзорларга бориб тушгил!”
Деди: “Ғофил, тонг отгунча шошма!”

Дедим: “Ялқов деҳқон, олиб кетаман,
Юр далага қўш ҳўкизни ҳайдаб!”
Ётган ердан деҳқон бошин чайқаб
Деди: “Ҳеч ким бормас, олдин тонгдан!”

“Уйғон, – дедим, – тўлғон, – дедим, – эй Шарқ,
Занжирларни узиш вақти келди.
Эрк олишга вақтлаган боди,
Шунинг учун тўлқинланди кўп халқ.

Бу кун кураш, талашдурким, бундан
Енгиб чиққан бир умрлик эркин.
Енгилганлар бу курашда лекин
Йўқ дунёга сурурлар элдан!”

Шарқ дедиким: “Сен ўргатма бизга,
Биз ўргандик уни кечмишлардан.
Елкадаги оғир занжирлардан:
“Тўлғон!” – деган буйруқ бўлди бизга.

Кўп қўзғолдик, кўп тўлғондик, бироқ
Оғир занжирларни узолмадик.
Қўлимиздан келмай қолди йўртмоқ,
Зўр тўсиқни ошиб ўтолмадик…

Энди бизга кутмоқ керак бўлди
Бахтимизнинг эшик очишин.
Амалимиз бизга шуни деди:
“Кутинг ёруғ тонгнинг отишин!”

Бу ишлардан ўтди бир неча йиллар,
Чиқиб янги эллар, эскилар битди.
Эркларини олди қўлга кўп эллар,
Кўп элларнинг эса давлати кетди.

Денгиз тўлиб, қайнаб тўлқинлар сочди,
Бўкирди қутурган арслонга ўхшаб.
Кўпларга қўйнида қабрлар очди,
Ўкирди неча йил қонсираб, чанқаб…

Кўп тахтлар йиқилиб, синди кўп тожлар,
Тож-тахт эгалари қонларга ботди.
Охири зўр келиб қашшоқлар, очлар,
Қизил тонг устида эрк тонги отди.

Ҳали ҳам ухласа Шарқдаги эллар,
Ҳали ҳам ўзгага қул бўлиб турса,
Нима дер, “Хўп” дерми, айтингиз, эрлар,
Ўроғин кўтариб Азроил келса?

Тошкент. 1920 йил, март.

facebook.com