Миллий гвардия Янгиободдаги турбазани рейдерлик йўли билан босиб олди

Миллий гвардия Янгиободдаги турбазани рейдерлик йўли билан босиб олди
46 views
25 January 2019 - 18:02

25 январь куни «Элтуз» нашри Тошкент вилояти, Ангрен шаҳри яқинидаги тоғли ҳудудда жойлашган «Янгиобод турбазаси»нинг босиб олингани ҳақидаги хабарни олди. Сайёҳлик базаси эгаларига кўра, бу тўсатдан уларга қарши қилинган рейдерлик ҳужумидир.

«Ҳозирги дақиқада, «Миллий гвардия» ҳеч бир огоҳлантиришсиз «Янгиобод Турбазаси»ни босиб олмоқда. Бирор ҳужжат кўрсатмасдан мулкларни хатлашмоқда. Турбазани ноқонуний ёпишди, ҳеч кимни киритишмаяпти ва ҳеч кимни чиқаришмаяпти. Турбазада Миллий гвардиянинг уч нафар вакили ўтирибди, ЎЗИМИЗНИНГ мулкимизни олиб чиқишга руҳсат беришмаяпти. Улар ортиқ бизга тегишли эмаслигини билдиришмоқда. Маҳаллий ҳуқуқ тартибот идораларига мурожаат қилдик, ҳамма қўрқаяпти. Бирор қизиқиш билдиришмаяпти. Ёрдам бера олмасликларини, қўрқишларини очиқ айтишмоқда» дейилади билдиришда.

Телефон орқали «Элтуз»га интервью берган, Янгиободдаги турбаза эгаси Тўхтаев Али Халимовичнинг хотини Анна Тўхтаева, ҳарбийлар уларга бу ҳудуд «Миллий гвардия» ихтиёрига ўтгани, бу ерда эндиликда уларнинг қўшинларига тегишли ҳарбий машқ полигони жойлашишини билдиришганини айтди.

Тўхтаева Аннанинг «Элтуз»га билдиришича, 25 январь куни эрталабдан курортга бостириб кирган «Миллий гвардиячилар» уларни ва дам олувчиларни зонадан ҳайдаб чиқара бошлаган.

«Тўсатдан, ҳеч қандай огоҳлантиришсиз кириб келишди. Ҳатто ўзимизга тегишли шахсий буюмларимизни олиб чиқиб кетишга рухсат беришмади. Шу ерда дам олаётган, бир неча ой аввал пул тўлаб қўйган француз элчихонаси дипломатларининг ҳам гапини тинглашмади», деди Тўхтаева.

Унга кўра, бу йилги чанғи мавсумида февраль ойидан келувчилар учун ҳам барча йўлланмалар сотилган.

У тақдим қилган ҳужжатларга кўра, «Янгиобод турбазаси» Давлат мулк қўмитаси, Ангрен шаҳар Экологик соғломлаштириш объектлари ва қурилиш дирекцияси билан келишув асосида, «Yangiabad Jemchujina Chatkala» Масъулияти чекланган жамияти томонидан 2007 йилнинг 20 февралида ҳарид қилинган ва инвестиция сарфланган.

Тўхтаев Али Халимовичга тегишли бу турбазанинг нима асосда тортиб олинаётганини тасдиқловчи бирорта ҳужжат курсатилмаган. Фақат бу жой миллий гвардия тасарруфига ўтгани билдирилмоқда.

Илгари Анренда яшаган ҳуқуқ фаоли Дмитрий Тихоновнинг билдиришича, «Янгиободдаги Турбаза совет даврида республика аҳамиятига эга мақомда бўлган. У ерда альпинизм бўйича бутуниттифоқ мусобақалари ўтказиб келинган. Кейин ҳаммаси ортга кетиб, турбаза ўтира бошлаган.

«1999 йили, жангарилар пайдо бўлиб, ИИВ ходимларига ҳужум уюштиришган, ўшанда тўғри турбазаган кираверишда уч нафар милиция ходимлари ўлдирилгач ёпилган эди. Кейин у ер ҳаробага айлана бошлади, қувурларини ажратиб олиб ўғирлаб кетишди. Кейин кимдир сармоя сарфлади ва турбазани тиклашди», дейди Тихонов.

Реклама постерларидан бирида, «70 йилларда қурилган «Янгиобод» турбазаси, ўн йиллик турғунликдан сўнг тағин тоғда дам олиш ҳаваскорларига ўз эшикларини очмоқда» дея ёзилади.

Постерда жумладан, бир неча йилдан буён турар жой комплексилари реконструкция қилинаётгани ва бугунги кунда 130 кишига мўлжалланган иккита бино ишлаётгани билдирилган.

Манба: Eltuz.com