Феълим менинг, аъмолим менинг…

Феълим менинг, аъмолим менинг…
92 views
26 January 2019 - 9:00

Ислом ХОЛБОЙ

Феълим менинг, аъмолим менинг… 

Субҳаноллоҳ, бу не нафси лаим,
Нафсни қўйгил, не азоби алим.
Рўзи учун мунча фусунсозлиқ,
Мансаб учун мунча дағобозлиқ.

Алишер Навоий

Биринчи боб

…Паримомони эшигига ўғил ниқоби остида мардикорликка тушгунга қадар эгни битиб, қорни нонга тўймаган Бахилкаримдек бир йигитнинг тўсатдан бойиб кетиши, унинг диди ва фаросатининг ўсишига таъсир қилмаган бўлсаям, юриш-туришини ўзгартириб юборди. Шакл-шамойилига таъсир ўтказди. У миршаблик мундирини ечганда тўртта туки қолган бошига ясамасоч кияр, пўрим ва қимматбаҳо либосларга чиллалик келинчаклардек бурканиб оларди. Йўлда-изда унга кўзи тушган қиз-жувонлар, у кўздан йитгунча ортидан тикилиб қолардилар. У ўз жазманларининг кўнгиллари суст кетиб, суқланишларидан чексиз шавқ туярди.

…Бахилкаримнинг болалик йиллари жуда оғир кечган. Ўн уч боласининг усти-боши тугул қорнини тўйғазишга қурби келмаган ота ўн бир ёшни тўлдирмаган Бахилкаримни Паримомо лақаби билан машҳур Қурёзагул деган бевага ўғилликка беради…

Паримомо чақалоқлигида ота-онаси ўлиб кетганди. Боқиб улғайтирган бобоси болаликдан тепалашиб, берди-олди қилиб ўсган ўртоғи – саксон ёшни қоралаган қишлоқ муллосига уни иложсизликдан  турмушга узатади. Бекназар муллонинг исмини одамлар қисқартиб “Ҳукки” дейишарди. “Ҳукки” дегани букри сўзининг маънодоши бўлиб, унинг икки курагининг ўртасидан бўртган туянинг кўгани[1] каби ҳуккиси “шарофати”дан у саксонни қоралаб ҳам уйланолмаганди.

Ундан баъзи бировлар ичларида, баъзи бировлар очиқчасига жирканарди. Азбаройи шайтонга дарс берадиган хотинлари дастидан юрак қалтироғига йўлиққан айрим эркаклар букри бўлиб туғулмаганликларидан афсус чекардилар. У эшакдан йиқилиб, бўйни синиб ўладию, ҳомила орттиришга улгурмаган ўн гулидан бир гули очилмаган Қурёзагул бўрилар галасидек тишларини қайраб юрган бутун бошли бетовфиқларга қолади. Тушларида муллога ўлим сўраб, унинг ҳажри-фироғида ўртанадиган Зўмлар калхўзининг дўнг пешона раиси Қўзи Шишакнинг тилаги бир мода эшак туфайли ижобат бўлади. Унга айни ширага минган чоғида тул қолган Қурёзагулнинг эшиклари ланг очилади.

Куйдирмажон бева офатижонларнинг офатижони. У кўрганнинг кўзини, ютинганнинг ўпкасини куйдирадиган истараси иссиқ, қадди-қомати садарайҳондек дуркун бир ҳурлиқо. Ҳуккининг боғларидаги булбуллар бижғиган қатиқда ювилган толим-толим қора сочлари ифоридан маст, жамбуллар поясига бош қўйиб, бағригирён бўлиб ухлаб қолардилар. Ҳовуздаги қурбақалар қулоғига сувга чиққан маликанинг оёқ товушлари чалинганда, булбулигўё бўлиб сайраб юборардилар. Ифори билан булбулларни маст қилган, оёқ товушидан қурбақаларни булбул янглиғ сайратган Қурёзагулнинг ўн беш кунлик тўлин ой каби ҳусни-жамоли номдор раисни тўрт йил сурункасига от каби кишнатди. Раислари қулундек пишқириб, от бўлиб кишнаган тунларда Қурёзагулнинг уйининг атрофида қўтир итга айланган бригадирлар қичиқнинг зўридан қашиниб, бўрилар мисоли захкашнинг ёнтоқ босиб, шўр очган дўнгликларига чиқиб, осмондаги ойга қараб, масиққанларидан “ув” солардилар.

Уларнинг орқасидан соя каби пойлаб келган ҳисобчилар бор тан-баданини куйик босганда хандақдаги қорашувоқ ва шилқимшўраларнинг тагидаги тупроқни титиб, шоғоллардек тупроққа ағанардилар. Ғазабларини босолмасдан, бир-бирларига сўйлоқ тишларини тиржайтириб ириллардилар.

Амазонканинг яшил ўрмонларидек ёзин-қишин шовуллаб тургувчи пахтазорлар оралаб ҳисобчилар изидан каламушга айланган калхўзчилар пойлардилар. Уларнинг қулоқларига Қўзи Шишакнинг кишнаган товушлари уриларди. Қурёзагулнинг соф маржонлар мисоли жарангдор оҳ-нолишлари юрак эҳтиросларини қўзитганда, улар шиша синиғига ағанаган эшакдек, ҳанграшдан қўрқиб, бир-бирларининг билагига тиш солардилар. Тандирга ёпилган така гўштидек ҳил-ҳил пишган юраклари бўғизларига келганда, уларнинг мушкул аҳволларини тўшакларида ҳис қилиб ётган дарғазаб келинчаклар сичқончаларга айланиб, эрларининг кетидан тушар, ичларида фариштадек беозор Қурёзагулни қарғар, тишлари қарич-қарич бўлиб, аламларидан сочларини юлардилар.

 Уларнинг қарғиши тегипми, Ҳуккининг уволи урипми, ой тутилган бир тунда Қурёзагул қолиб, Қўзи Шишакнинг жони узилди. У муллонинг беваси устида жон таслим этди. Пахсадек оғир майит остидан зўрға инқиллай-инқиллай чиққан Қурёзагул супадаги тутнинг остига чиқа-сола сочларини ёзиб дод-вой бошлади.

Бу пайтда бригадирлар Амударёнинг Амазонкасидек тўлғониб оқаётган захкаш бўйидаги дўнгликларда “ув” солиб, булутлар орасига кириб кетган ойни қидираёгандилар. Ғам садолари остида етиб келган хушхабардан улар шунчалар суюндиларки, мустақиллик туфайли мустақил қулликка эришган Ўзбекистонни Хитой босгандаям бунчалар қувонмаган бўлардилар.

Бутун қишлоққа тарқалган раиснинг фожеали ўлими хабаридан ҳеч ким таажжубга тушмади. Келинлар Қурёзагулни ер уриб, супра муштлаб қанчалик қарғамасинлар, қайноналар, уларга қарама-қарши равишда, “Муллонинг кўрпасига кирган Қўзи Шишакни бир кун Худо ё кўр, ё шол қилади”, деб кароматгўйликларини қўймасдилар.

“Худо ҳақиқат томонидами, ёки эркаклар юзидаги ибо пардасини беҳаёлиги билан сидирган бузуқи бева томонидами?”, дея келинлар қайноналаридан изоҳ сўрардилар. Қайноналар, “Худо ҳақиқат томонидаям, бузуқи бева томонидаям эмас, у эшонзодалар авлоди бўлмиш Бекназар ҳукки томонида!”, дердилар.

Ҳар не деганда ҳам, қайноналарнинг тилаклари рўёбга чиқди. Ой тутилган бир тунда қўчқордек дўнгпешона раис Ҳуккининг тўшагида от-от ўйнаб, тил тортмасдан ўлди. Унинг ўлими қайноналарнинг келинлари наздидаги ерга урилган мавқейини тиклаганини ҳисобга олмаганда, калхўз ҳудудида кескин ўзгариш ясамади. Бу далил-исботни тез кунларда Москвадан “адолат бургутлари” бўлиб учиб келадиган на Гидлян билан Иванўп, на уларни қучоқ очиб кутиб олган бўлажак президент Чўтирин йўққа чиқара оларди. Аммо лекин қўшиб ёзиш ва сохталаштириш бўйича дунёда тўрт юз йилдан буён пешқадам ўзбекнинг ал-кимёгарлари раис ўлиминиям, муллонинг бевасидаги фавқулодда ақл-заковат туфайли,  бошқача талқин қилишга эришдилар.

Кечани-кеча, кундузни-кундуз демай бир-бирларининг орқаларидан пойлоқчилик қиладиган ошиқлар жамоаси бошларига оғир кун тушиши муносабати билан мушук-сичқон ўйинига нуқта қўйдилар. Бошларига тушган оғир мусибат туфайли улар кина-кудуратни четга суриб, муллонинг ҳовлисида тўпландилар. Уддабуро раисларини ажал ораларидан бир хазон каби юлиб, уларга олам-олам шод-хуррамлик келтирганди. Бегоналар кўзига қувончларини кўрсатишни пасткашлик деб ҳисоблаган жамоадошлар ўзгалар кўзига асл ҳақиқатни тасаввурларидаги сингари олиймақом кўрсатиш учун роса бош қотирдилар.

Шунда ўйнаши доғида патила сочларини ёйиб, кирлаган тирноқлари билан юзини тимдалаб қон йиғлаётган бева ёрдамга келди. Очилсамми, очилмасамми, дея ийманиб турган лаблари пичирлаб бир сўз айтди. Сўзларининг пишиқ-пухталиги барчани анг-танг қолдирди. Сеҳрли сўз қудратидан минг йилда бир марта содир бўладиган ғайри оддий ҳолат рўй берди. Нурдан мосуво – қоронғи ўрмон сингари захчил кўнгиллар тунда чиққан қуёшдан баҳра олган ўлкалардай ёришди. Ошиқлар Қурёзагулнинг ақл-заковатидан жунбушга тушиб, унга таҳсинлар айтгач, ярим соат қарсак чалиб турдилар.

Кузак хазонларидек пайдар-пай олқишлардан руҳланган бахтиқора Қурёзагул, шунда:

– Ортиқ йиғламайман! – дея ошиқларига сўз берди. Оппоқ қор сингари чиройли елкаларидан ёғилиб турган қора сочларини йиғиштириб, кўзларидаги ҳалқа-ҳалқа ёшларини сидирди. Қиёфасидан бутун важоҳати гаримсел шамолларидек уфуриб турган маҳалларда у янаям гўзаллашиб кетарди. Буни кўриб сеҳрланган жамоа Чингизнинг камончиларидек бир чизиққа сафланиб, садоқат нишоналари тўла нигоҳлари билан бевага ҳушёр боқа бошладилар. Ўзини Хоразмшоҳнинг онаси Турконхотиндан паст тутмайдиган Қурёзагул:

– Тақдир ҳамиша фикрлайдиганлар тарафида бўлади! – дея чинқирди.

Ошиқлар чўк тушиб, катта театрларнинг етти иқлимга машҳур актёрларидек қўлларини ҳиққилдоқлари остига майин жуфтлаб, жимжилоқлари учини юракларига босдилар. Содиқликларининг рамзи сифатида ҳамнафасликда жўр бўлиб:

– Жаҳолат – тафаккур душмани! – дея бўкириб, акс-садо қайтардилар.

Шунда чақмоқ чақнаб, гумбирлаган садо пайдо бўлди. Оқ булутлар бағрини йилдиримлар тилиб, чиллада шаррос ёмғир қуйди. Беванинг кароматини кўрган ошиқлар тиззалаб унинг оёқлари тўзини кўзларига сурдилар. Тунги кўйлаги этакларидан ўпиб, уввос торттилар. Ёқаларини йиртиб дод солдилар. Бир-бирларининг бошларига мушт қўйиб, ағанай кетдилар.

Ёғаётган ёмғир тақа-тақ тўхтади. Кўкда пайдо бўлган тўлин ой уч кунлик келинчаклар сингари қимтиниб, сочларини орқасига ошириб ташлаган Қурёзагулга қошларини қоқди. Сўнгра, “Сўйла, сўйла, сенга қурбон бўлойин, Ақлим олди қора кўзларинг сенинг. Сенга келган дардга қалқон бўлойин, Минг қизга бермасман нозларинг сенинг”, дея самода кема каби сузишни бошлади. Ойнинг қичиғидан ўтакалари ёрилай деган ошиқлар тухум ютган бақадек серрайиб қолдилар.

Ой айланиб-айланиб, пастлаб келаверди. У Қурёзагулга томон жон бериб-жон олиб талпинарди. Ҳовли осмонини чорағон этган юлдузлар ойдан кўзларларини узолмасдилар. Алланечук шарсимон олов бева атрофида гирдикапалак бўла бошлаганда, ойнинг кулгусидан ваҳимага тушган ошиқлар “Охирзамон бошланди”, деб ўйлаб, айюҳаннос солдилар. Юз тубан чўзилиб, беванинг пошналари ёрилиб кетган оёқларига юзларини босдилар.

Ошиқларига раҳми келган Қурёзагул:

– Бўталарим! – деди дўриллаган овозда. – Бекназар муллонинг менингдек беваси тирик экан, пирзодадан қолган бу кўҳна кесак барчамизни асрайди. Қўрқманглар, мен ёнларингиздаман!

 Далдадан ошиқлар аста-секинлик билан бошларини кўтара бошладилар. Кичрайиб қолган ой Қурёзагулнинг бурни учига келиб қўнди. Сўнгра қовоқаридек визиллаб, оғзига кириб кетди. Буни кўрган бечораларнинг юраклари товонларига узилиб тушди. Улар кўзларини чирт юмиб, бармоқларини қулоқларига тиқдилар. Шунда ўзларини совуқ лаҳатда ётган мурдадек ҳис қила бошладилар. Қўққисдан пайдо бўлган минглаб ола-чипор илонлар уларнинг қулоқларидан, бурунларидан, орқаларидан кириб, оғизларидан чиқди.

Бечоралар Қурёзагулдан ҳимоя сўраб, жон-жаҳдлари билан чинқирдилар. Ойга қўшиб осмону фалакни ютган Қурёзагулнинг қулоқларига ҳеч нима кирмасди. Беванинг ичида чилла ўтирган ой суякларини шақирлатиб ҳомуза тортаётган Ҳуккидек фаромуш эди. Бу пайт дунё Яратгувчи яратмасидан аввалги ҳолатига қайтган, тўрт тарафда йўқлик ҳукмрон эди. Ер ҳасадгўйнинг юрагидаги қора туйнукка эвирилганди.

Тариқ донаси ичига жой бўладиган чексиз-чегарасиз ҳудудларда маънавиятсизлик бош кўтарганди. Залолатнинг на осмони, на қуёши ва на ой-юлдузлари бор эди. Биров-бировни эшитмас, биров-бировни кўрмасди. Вужудлар жон аччиғида қанчалик инграмасинлар, игнанинг гулидек жойга жо бўлган дунё улардан-да ночор эди.

Одам учун бир лаҳза ҳисобланадиган қирқ минг йиллик муддат ичида чилла ўтирган ой осмону фалакка қўшилиб Қурёзагулнинг оғзидан тимсоҳ тухумидек лоп этиб қайтиб чиқди. Дунё-олам яна шуълаларга кўмилиб, бутун атроф ёришиб кетди.

Минг чақирим ер қаъридан чиққан вулқонлар сингари ғафлатга ботган жирканч вужудлар, жон-жаҳдлари билан Қурёзагулнинг оёқларини қучоқлаб, “Паримомо”, “Париможон” дея жаврашга туштилар. Қурёзагул бу сўзлардан бениҳоят тўлқинланди. Шарафли унвонга сазовор бўлганидан боши осмонга етди. Ота-боболари ёлғиз Тангрига эътиқод этганлар куппа-кундуз кунида адашгандилар.

– Бўталарим! – деди Паримомо. – Фармонимни амалга оширишга чоғланинглар. Мурдани бузилмасдан ерга топширмоқ даркор. Ундан аввал менинг режамни жойба-жой қиласизлар…

(Давоми бор)

[1] Кўган – ўркач.

islomxolboy.blogspot.com