Хитой империясини тиз чўктириб император бўлган буюк аждодимиз

Хитой империясини тиз чўктириб император бўлган буюк аждодимиз
82 views
27 January 2019 - 9:00

Тарихнинг ўқилмаган зарварақлари

ХИТОЙ ИМПЕРИЯСИНИ ТИЗ ЧЎКТИРИБ ИМПЕРАТОР БЎЛГАН БУЮК АЖДОДИМИЗ
(ёҳуд бўрилар асраган чақалоқнинг ўлкан аждарнинг кушандаси бўлганлиги ҳақида лавҳа)

Қуйида сўз юритилаётган шахс – саркарда Ан Лушан ўзбек тарихшунослиги учун умуман номаълум ва ўрганилмаган номдир. Мен 2007-2009 йиллар орасида илмий изланишлар олиб бориш мақсадида Хитой давлатида бўлдим. Шунда тарихий-адабий журналларда асли келиб чиқиши Самарқанд тарафлардан бўлган генерал Ан Лушаннинг саркардалик фаолияти билан боғлиқ маълумотларни ўқиб қолдим. Табиики менда тарихимизда сўз юритилмаган аждодимиз ҳақда кенгроқ маълумот тўплаш нияти туғилди ва оқибатда қўлингиздаги мазкур мақола юзага келди…

Хитойнинг энг буюк салтанати деб саналган Тан (асли Танг) империясини ҳарбий маҳорати билан амалда бир ўзи енгиб ҳокимиятни эгаллаган аждодимиз фаолиятидан юртдошларимизни хабардор қилиш вақти келди. Хитойча Ан Лушан (қадимги ўзбекча Алп Арслон, 703 – 29.01.757 ), деб аталган гладиатор – императорнинг қилган ишларига “яхши” ёки “ёмон” деган баҳони беришдан йироқмиз. Бунда биз тарихимизда номаълум бўлган бир сиймонинг асли ким бўлган ва тарихда қандай из қолдирганлигига бироз ойдинлик киритмоқчимиз.

Тарихий жараёнлар туфайли VII асрда 16 мингга (!) яқин оила юртимиздан Хитой бошкенти Чанъанга кўчиб бориб муқим қолишади.

Чин қўшинида туркий жангчиларининг бўлиши эса армия қудратини оширар эди. Хитойшунос Бичуриннинг келтиришича, VIII асрдаги хитойликларни уруш олиб боришни билмасликда ёки қўрқоқ бўлганликда айблаш ярамайди. Маҳаллий хитой-ханларнинг туркийларга ўхшаб арғумоқда югура туриб ёйдан ўқ узиши, ёки арқонни боши ўзра айлантириб ўлжани қўлга киритишидан кўра, ҳунар ва тадбиркорлик билан шуғулланиш кўпроқ қизиқтирган.
Хитой манбаларида Ху (қадимги туркий эллар) авлоди жангчиликдан хитойнинг амалдаги императори қадар юксакликка эришган юртимиздан чиққан биринчи генерал, Ан Лушан хитойга шу эврилишлари оқибатида бориб қолади.

Ан Лушан нисбасидаги хитойча “Ан” ( тўлиқ “Анго”) Бухорони англатади. Ан Лушан бирламчи битикларда КАН ЯЛОШАН деб ҳам аталган. Агар” КАН” хитойча Симизакан ёки КАН аталишини инобатга олсак. бўлажак императорнинг асли туғилган юрти Самарқанд бўлиб, у кейинчалик Бухорога аскарлик хизматига ўтган кўринади. Лушан ва Ялошан исмларида ўзбекча алп маъноси бор. Ан Лушаннинг асли исми Алпэр, ёки Алпарслон.

Хитой манбаларига кўра онаси Тангрилик бахшиси бўлган. Алпэр дунёга келганда турли илоҳий кучлар уни ўз ҳимоясига олишган экан. Янги туғилган чақалоқ ётган жой туман каби турланувчи кўкимтир тусга кириб, ялтираб товлана бошлабди, қаердандир даҳшатли қашқирлар келиб чақалоқни қўриқлагандек атрофида доира қуриб, ён верга қараб увуллаб-увиллаб сўнг ортига қайтиб кетишибди…
Алпэр тарбиячи бўлиб ёлланган, зардуштий устоз, кекса сўғд ўқитувчиси ўтмишда катта савдогар бўлиб, карвонлари билан Чинга қатнаганлиги сабабли хитой тилини яхши билган. Ёш Алпэр дипломатия ва психологиядан ташқари устозидан тўрт оҳангда тўлқинли айтиладиган хитой тилини ота-онаси истагига кўра савдо учун ўрганади, бироқ Ғарбий Турк ҳоқонлиги (603 — 704) емирилгач, у бошқа йигитлар қатори ёлланма жангчи сифатида ўз бахтини Чин ўлкасидан истайди. Хитой қўшинида ёлланма аскар, ясовул, атаманбўлган кезларидаёқ жасурлиги ва шиддатли жанг олиб бориши билан тезда Хитой императори Сюаньцзун (8.09. 685 — 3.05. 762) назарига тушади. Жасурлиги туфайли Алпер аввал Кан Ялошан, кейин эса Ан Лушан номини олиб бош қўшин генерали этиб тайинлади. Бош қўмондон бўлган Ан Лушан хитой армиясидаги 32 генерални ўз лавозимидан озод этиб, уларнинг ўрнига ўзининг юртдошларидан бўлган туркий жангчиларни қўмондон қилиб кўтаради ва амалда армиянинг ягона ҳукмронига айланади.

Император иккисининг яқинлиги ота-ўғил ўртасидаги каби эди. Ан Лушан саройда бўладиган барча байрам ва қабулларда доимо қатнашди. У шунчалик ўзига ишонган ва эркин эдики, императорнинг истагига қарамасдан унинг ёнига ўтирар, Сюаньцзун келганда ҳатто жойидан қимирлаб ҳам қуймас эди. Фақат бир кишига алоҳида ҳурмат кўрсатар, ўрнидан туриб қарши олар эди. Бундай шарафга қария императорнинг ёшгина, гўзалликда танҳо бўлган канизаги Ян Гуйфэй сазовор бўлди. Ань Лушаннинг қўрқмаслиги ва жасорати Хитой канизагини ўзига ром этади. Айрим манбаларда келтирилишича, Ан Лушан ва Ян Гуйфэйни нозик ишқий ришталар ҳам боғлаб турган.
Бир куни император янги генерал Ан Лушандан ранжиган бўлди: “Ҳой, Ху эли ўғлони, нега сен мени эмас, менинг канизагимни улуғлайсан?”деб сўради. “Бизнинг, Ху элида, эркаклардан кўпроқ аёлларни улуғлашади”, жавоб берди Алп. Императорга бу жавоб ёқди. Шундан кейин у икки ёш ўртасидаги яқинликка қайтиб аралашмади.

Ан Лушаннинг саройдаги обрўйидан маҳаллий амалдорлар хавотирга тушишар, чўрткесар ва танти генералдан ҳайиқишар, оддий эл эса унинг жасурлигини олқишлар, шоирлар унга бағишаб мадҳиялар ёзишар эди. Хитой шеъриятининг буюк дарғаси Ду Фу бир шеърида уни афсонавий хитой қаҳрамонига, бошқасида эса овга ташланишга шай турган шунқорга ўхшатади:

Ёвқур ёввойидек ҳар ёнга боқиб,
Чангалини ёйди, қўш овламоққа;
Ўлжани овла деб чорлагинг келар,
Жангчи руҳ юксалиб жангга отланар.
Қўшлар галаси тез кунда овланар,
Қон ва патлар билан чўл ҳам қопланар.

Шоирнинг “бургутни жангга чорлаши” да асос бор эди. Ғарбда кидан ва уйғурлар қўшма қўшини Тан империясига ҳавф сола бошлади. 736 йили ўртада уруш келиб чиқди. Император жангчи қавмларга қарши маҳаллий хитой-ханлар қўшинининг бас келолмаслигини яхши тушуниб, жангни ёвқур қўшинли генерал Ан Лушанга, яъни Алперга топширади…
Хитойлик сарой аъёнлари, ҳарбийлар ва министрларнинг кўпчилиги келгинди генерал Ан Лушанни кўролмасликлари сабаб император билан унинг орасига турли иғво гап ва фитналарни сола бошлайдилар. Унинг амалини суистеъмот қилаётганлиги устидан жиноий иш қўзғашга ҳаракат қилишади. Манбаларда Ан Лушан туркийларга хос шижоатини чинликларнинг айёрлиги билан ўзида мужассам эттиролган уддабурон шахс сифатида бежиз таърифланмаган. У душманлар уни енгишидан олдин, ўзи уларини таг туги билан йўқ қилишга киришади. Ан Лушан барча масалаларга нуқта қуйиш учун силлиқ тарзда ҳокимиятни ўз қўлига олишни режалаштиради.
Ан Лушан қўшинини туркистон ўлкасидан бориб қолган кўманчилар, сара киданлар ва маҳаллий кўк турклар билан кучайтиради. Генералнинг кўрсатмасига кўра юртдошлари сўғдий савдогарлар хитойнинг турли ерларида унинг қудрати ҳақида овозалар тарқатиб, сиёсий вазият ҳақида резведка маълумотларини юртдошларига етказиб туришади. Саройдаги вазият ҳокимиятни қўлга олишга жуда ўнғай келганда генерал Ан Лушан режа бўйича ҳаракатга келади.

755 йили халқнинг ҳукуматдан норозилигидан фойдаланиб генерал Ан Лушан исён кўтаради. Бу исёндан аввалроқ Ан Лушан Ян Гуйфэйни огоҳлантирган эди. Унга императорни тахтдан ағдариб, ўрнига ўзи келгач, Ян Гуйфэйни канизак эмас, балки Империя маликаси қилиш ваъдасини бериб тинчлантирган эди. Ян Гуйфэй Ан Лушандан фақат битта нарсани илтимос қилган: яқин маслаҳатчиси Жуанга (Чжуан) сирни бой бермаслик ва ишонмаслик, Император Сюаньцзунни тирик қолдириш…

Генерал Ан Лушаннинг 150 минглик қўшини император саройи томон юриш бошлайди. Исёнига жавобан император саройда қўноқ бўлиб турган Ан Лушаннинг ўғлини қатл эттиради ва бири 60 минг, иккинчиси 110 минг жангчидан иборат ҳукумат қўшинини исённи бостиришга юборади.
Генерал Ан Лушан икки армияни ҳам тор-мор қилиб биринчи шарқий пойтахт – Лоянни эгаллайди, сўнг сарой жойлашган пойтахт Чанъанга ғолиб сифатида кириб боради. Император канизаги Ян Гуйфэй ва аъёнлари билан пойтахтни ташлаб қочишга ўлгуриб, қочқинликда жон сақлайди.

АНЬ ЛУШАН ИМПЕРАТОР деб эълон қилинади! Унинг имперяси ЯН ИМПЕРИЯСИ номи билан тарихга кирди. Ўша вақтдаги хитой шоирлари хитойни “варвар”лар эгаллаб, киши тушунмас тилда қўшиқлар айтиб, байрам қилганликларини ёзиб қолдиришган.
Янги император Ан Лушан қўшини билан хитой ҳукумат армияси Ланбао шаҳри ёнида яна қайта тўқнашади. Бу жанг принципиал аҳамият касб этиб, хитойларнинг Тан империясини қувватловчи барча куч шу ерда тўпланади.

Тарих гувоҳлик беришича, хитой-ханларнинг фақат ўз армияси жангга киришса улар деярли ҳар доим туркийларга енгилишган. Буни хитойшунос Бичурин Иакинф ўтмиш хитойликларнинг жангчи эмаслигини шундай изоҳлайди: “…қолаверса, Будда ва Лаоцзи (Дао-Э.М.) таълимоти кишини жангчи ва кучли эмас, балки одамни одамга меҳрибон ва ожиз қилади.” Уни Лев Гумилёв ҳам қувватлайди: “Хитойликлар қалъаларда туриб ҳимояланиш маҳоратини йўқотишмаган эди, бироқ очиқдаги манёврли, шиддатли жанг уларнинг характерига тўғри келмас эди. Хитой салтанати ўз қудратини “юмшоқкўнгил” хитой армиясига ишониб топшириб қўймас эди.”Ўз вақтида буни англаб етган Таннинг энг қудратли хитой императори Тайцзун (23.01.599 — 10.07.649) ҳам кинояли тарда: “Агар биз уларни енголмас эканмиз, бизга никоҳ сиёсатидан бошқа ҳеч бир йўл қолмайди” деган эди истеҳзо билан.
Чэньтао кўли ёнида икки қўшин шиддатли жангга киришди. Туркийлар оғиркарвон хитой қўшинини жуда тез ва енгил суратда янчиб, тўласинча тор-мор қилади. Буни эшитган Шэнси кентига борувчи тоғ дарасидаги йўлни қўриқлаб турган хитой гарнизони исёнчилар келгунига қадар ўз жойини ташлаб, тумтарақай қочишади.

Шоир Ду Фуга олдин қаҳрамонлар сўнгра исёнчиларга айланган Ан Лушан қўшин хитой ҳукумат қўшинини аянчли тарзда тор-мор қилганлигидан қаттиқ таъсирланиб ушбу мисраларни битган:

ЧЭНЬТАО ЁНИДАГИ МАҒЛУБИЯТГА
МОТАМ ТУТДИМ

Қировли қишда паҳлавонларимиз отланди
Қаҳрамонлик кўрсатишга, афсус бефойда.
Қонларидан кўл сув ўрнига тўлди,
Чэньтао кўли қирмиз рангга кирди…
Хитойнинг қирқ минг жангчиси афсус,
Шу ерда жон берди қурбон бўлишди.
“Варвар”лар кетишди ўз йўлларига,
Ялтироқ қорда ўқ-ёйни тозалаб,
Тебраниб мастликдан, зўровонликдан
“Варвар”ча қўшиқлар бақириб айтиб…

10.07.756 йилда Ан Лушан қўшини Хитойнинг учинчи йирик шаҳри Шэнсини эгаллайди.
Ўтмишдан хитой империяси рақибларига қарши кўпинча бошқаларнинг, ёвлари каби ёвқур қабилаларнинг қули билан курашиш сиёсатини олиб борган. Айёр, пухта сиёсат кўк турклар, киданлар, уйғур ва туроннинг ёлланма жангчилари қисматида афсуски аянчли акс этди. Бу эллар гарчи жанговарликда тенгсиз бўлса-да, содда ва ишонувчанликлари билан фитна қурбонларига айланишар эдилар. Улар бирлашиб енгилмас куч бўлиш ўрнига кўпинча хитой империяси манфаатлари йўлида ўзаро курашиб тарих яратишди. Ан Лушан юриши билан Хитой империяси тақдирига нуқта қуйилаётган тарихий моментда, уларнинг жонига уйғур ва тибетликлар оро киришди.

Исён туфайли тахтдан воз кечган Тан императори Сюаньцзун Сичуан қўрғонида жон сақлайди. Унинг ўғли ва вориси Суцзун (21.02.711-16.05.762, 12.08.756 йил тахтга чиққан) рақиб қўшнилари билан тезда алоқага киришади. Уйғур қоғони Элетмиш Билгақаған (Моюнчурхон 747 – 759 йй.) Суцзунга ёрдам бериши учун бир қанча шартларни, жумладан келажакда икки давлат тенг даражада бўлиши, ўртада тинчлик сақланиши ва бу алоқалар қондошлик иплари билан мустаҳкамланиши лозимигини тушунтиради. Хитой шаҳзодаси бунга тезда кунади ва ёш уйғур хонзодасига уйланиб, уни “билка” яъни “доно малика” даражасига кўтаради. Элетмиш Билгақаған хитой армияси қўмондони генерал Го Цзиига уйғурларнинг бўри боши сурати тушурилган байроғига таъзим қилиб, ўпишни буюради. Бу расмиятчилик амалга ошгач, уйғур-хитой келишуви амалга ошади.

756 йилнинг октябрида Билгақаған Ан Лушанга қарши юришни бошлайди. У дастлаб исёнчилар тарафида курашган ўғуз (тонғра) эли қўшини билан жангга киради. Ўғузлар енгилади. Бир қисм ўғузлар Чанъан тарафга йўл оладилар. Содда уйғурлар хитой сиёсатига, катта ваъдаларига гўллик билан ишониб, Тан сулоласини сақлаб қолиш учун жиддий кураш олиб боришди. Бунинг учун улар бошқа туркий эллар билан курашиб бўлса ҳам, ўз мақсадлари сари интилишади.

Бу вақтга келиб император Ан Лушан суюклиси Ян Гуйфейнинг Тан империясига ҳиёнат қилганлигида айбланиб шойи ип билан буғиб ўлдирилгани ҳақидаги хабар етиб келади. Ан Лушан жуда қаттиқ қайғурди. Ўзини қуярга жой тополмайдиган даражада асаб қилади, атрофдагилари қаҳридан қўрқишиб, ҳеч ким унинг ёнига йўлолмай қолади. Қаттиқ асаб туфайли кўриш қобилияти кескин ёмонлашади. Бироқ унинг улкан режалари бор! Бу режалар нафақат хитой балки ота юрти Турон билан ҳам боғлиқ эди! У охиригача ғалаба қозонишига, бу йўлда уни ҳечким, на табғачлар (Тан сулоласи), на ҳиёнат йўлини тутиб хитой тарафга ўтган Билгақаған қўшини тўхтата олмаслигига заррача шубҳа қилмас эди.

Ан Лушан жуда кучли стратег эди. У хитой империясининг барча ожиз томонларини ипидан игнасигача ўқий олган. Урушишни билмас “фалсафасевар” хитой қўшини қудратига нафақат у, балки хитойликларнинг ўзлари ҳам ишонмасликларини у жуда яхши тасаввур қилар эди. Хитой қўшини уйғурлар ёки тибетликлар билан бирлашган тақдирда ҳам уларни енгиш муаммо туғдирмас эди. Бу бирлашма ўт билан сувдек эди, зўр келса уларни бир-бирлари билан уруштириш катта муаммо тўғдирмас эди. Билгақаған қўшини жангга бойлик учун киришган бўлиб, улар Тан армияси учун жонларини жабборга бериб ҳеч қачон курашмаслигини кундай тушунарли эди. Қолаверса, уйғурлар билан келишиш мумкинлиги ҳеч қачон катта муаммо туғдирмаган. Бу император Ан Лушан фикри эди.

Лекин фитна юз берди. Ан Лушан суюклиси гўзал Ян Гуйфэйнинг маслаҳатчи Ян Жуандан эҳтиёт булишлиги ҳақидаги ҳавотири афсуски ўзини оқлади. 757 йил 30 январ тунида Ан Лушан маслаҳатчиси Ян Жуан ва тансоқчиси Ли Жуэр томонидан ҳиёнаткорона ўлдирилади. Хитой империясини тиз чўктирган генерал, янги салтанат тузган император Ан Лушан мана шандай оддий тарзда ўз яқинлари томонидан сотқинлик қурбони бўлади! Унинг ўрнига ўғлини тахтга ўтқизишиб, ҳокимиятни амалда Ян Жуан бошқаришга ўтди.

757 йили сентябр ойида уйғур-хитой қўшма армияси Фэншуй дарёси бўйида Ан Лушан бошқарувисиз қолган қўшин билан тўқнаш келади. Исёнчилар пистирмага яширган кучларга ишониб, хитой қўшинини тузоққа туширишни режалаштиришади. Бироқ бу усулни яхши билган уйғурлар, орқадан айланиб ўтиб, рақиб армияси режасини йўққа чиқаради. Исёнчилар биринчи марта мағлуб бўладилар.
Чанъан бой берилгач, исёнчилар қўшини тоғларга чекинишга мажбур бўлади, уларнинг изидан тушган уйғурлар тоғлар оралаб юрганда, исёнчилар армияси уйғурларни айланиб ўтиб, шаҳарда қолган хитой генерали Го Цзии армиясидан кўпини қириб юборишади. Ортига, ёрдамга қайтган уйғур қўшини хитой армиясини тўлиқ ҳалокатдан сақлаб қолади. Пойтах Чанъан исёнчилардан қайтариб олингач уйғур-хитой қўшма қўшини навбатдаги пойтахт Лоянга ҳужум уюштиради, исёнчилар секин-аста бу шаҳарни ҳам ташлаб чиқишади. Уйғур қўшини шаҳарни 3 кун талайди. Шаҳар оқсоқоллари уйғурларга 10 минг парча шойи совға қилгач, талончилик тўхтатилади. Император ғалаба шарафига Билгақағанни қариндош, яъни “амакивачча” деб, атайди. Билгақаған сўғдлар ва хитойларга Селенга ёнида Бойбалиқ кентини қўришни ва битик тошини уйиб тарихни ёзиб қолдиришни буюради.
Ан Лушан вафотидан кейин унинг ишини қўролдош ўртоғи юртдоши Шисимин (703-18.04.761), давом эттиради. Хитой генерали Го Цзии бошчилигида саккиз генерал қўшма қўшини 759 йилнинг баҳорида Ечен шаҳрида қўним топган Ан Лушан ўғлини қамалга олишади. Шисимин қўшини билан вақтида ёрдамга етиб келиб, хитой армиясининг ортидан қақшатқич зарба берди. Хитой армияси қамалдан қайрилиб Шисимин қўшини билан жангга киришиб кетади.

Кутилмаганда табиий офат-кучли бўрон бошланиб, дарахтларни томири билан юла ола бошлади. Икки қўшин аскарлари икки томонга, исёнчилар шимолга, хитойлар жануб томонга қоча бошлашди. Бироқ Шисимин армияси тезда қайта саф тортиб жангга киришди. Хитой аскарлари эса жангга киришиш ўрнига атрофдаги қишлоқларда босқинчилик ва талончилик қила бошлашди. Аскарини тўплай олмаган Го Цзии шармандаларча пойтахт Лоянни Шисиминга топшириб, ғарб томон йўл олади. Ан Лушан издоши Шисиминнинг бош кўтараётганидан қўрқиб кетган император яна уйғурлардан ёрдам сўрайди, 757 йили Билгақаған хитой императори қизи ёш Нингони ўзига хотин қилиб олгач, уйғурлар қўшинини хитой императорига ёрдамга юборади. Чанъанни исёнчилардан қайтариб олган император Суцзун 758 йили қария отаси Сюаньцзунни яна пойтахтга олиб келиб тахтга ўтқизиб қўяди. Хитой Тан империясининг тикланишига жуда катта ёрдами теккан Билгақаған 759 йили касалликдан вафот этади. Унинг иккинчи ўғли Эдигон отаси ўрнига уйғурлар тахтини эгаллайди.

759 йили Шисимин ўзини ўртоғи Ан Лушан империясининг янги императори деб эълон қилади ва стратегик аҳамиятга эга бўлган яна икки шаҳар, Хэян ва Хуайжоуни хитойлар қўлидан олиб ўз империясига қўшади.
761 йил апрел ойида Шисимин устози Ан Лушан каби яқинлари томонидан ҳиёнатларча ўлдирилади, ҳокимиятни унинг ўғли Шичаои эгаллайди.
Ўйғур қоғони ва Тан империясининг янги императори Дайцзун биргаликда исёнчиларнинг қолган қутган вакилларини ҳам йўқ қилишади. 20 ноябрда биринчи пойтахт Лоян ҳам Шисмин ўғли Шичаои қўлидан тортиб олинади. Ан Лушан тузган Ян империясининг сўнгги императори Шисмин ўғли Шичаоининг мурдаси ўрмонда осилган ҳолда топилади.

Ян империяси тугатилганидан бироз вақт ўтиб хитойнинг шимолий ўлкаларидаги туркий эллар, Хэбэй чегара вилояти халқи Ан Лушан ва Ши Симинни мамлакатни ўз паноҳида сақловчи буюк фаришталар деб илоҳийлаштирадилар. Уларга атаб қаҳрамонлик достонлари, мадҳиялар, марсия қўшиқлари ижод қилишади.

Ан Лушан империяси

Ян ёки Буюк Ян давлати 5.03.756 йили генерал Ан Лушаннинг Тан империясига қарши 755 йили кўтарган исёни туфайли ташкил топади. Хитой Тан императори исённи бостиришга ожиз қолиб, қочқинликда жон сақлайди. Ан Лушан Тан империясининг икки пойтахти – Лоян ва Чанъанни ўз ҳукмига ўтказади. Ян давлати 763 йилгача мавжуд бўлиб, у тўрт император бошқарувига (Ан Лушан ва ўғли, Ши Симин ва ўғли) эга бўлди ва доимий равишда хитой-уйғур қўшма қўшинига қарши кураш олиб борди. Пойтахти Лоян бўлган. Айрим ҳолда пойтахт Фанъян (Пекин) га кўчган. Ян империяси 7 йиллик ҳукмронликдан сўнг тугатилган.

ОМОН БЎЛИНГ!
Мусурманов Эркин.

facebook.com