Бу масала Ўзбекистоннинг сиёсати масаласига айлантирилиши мақсадга мувофиқдир

Бу масала Ўзбекистоннинг сиёсати масаласига айлантирилиши мақсадга мувофиқдир
76 views
27 January 2019 - 10:00

Ўзим ойлик меҳмондаман, лекин куним бекор ўтмайдиган бўлди – истанбуллик ўзбекларимиздан ўзбек тилидан ва таҳрирдан озгина сабоқ олсак деган таклиф тушди.

Хабарларингиз бор, ёз охирларидамикан, Тошкентда “Ҳикоя мактаби” номида тўгарак очиш ниятимни айтган эдим. Айрим расмиятчиликлар сабаб тўхтаб турган эди. Вақтинча Истанбулдан қўним топган ватандошларимиз таклифи менинг ўша ниятимга уйғун келиб, рози бўлдим. Ҳарҳолда тажриба бўлиб туради. Шояд Тошкентга қайтганимдан кейин анчадан бери орзу қилганим мактабни ҳам расман оча олсам ва бу дарслар уларига уланиб кетса.

Хуллас, қизиққанлар билан бир ҳафтадан бери ўзбек тили ва адабиётидан дарс қиляпмиз. Ораларида турли тиллардан китоблар таржима қилиб юрганлари бор экан, уларга таржима ва таҳрир бўйича тажрибаларим билан ўртоқлашяпман.

Ёзда Амрикадан бир ватандошимиз юртга келганида: “Қани эди бизнинг Чикагога динимизни ҳам, тилимизни ҳам биладиган сиз каби мутахассис борса-да, болаларимизни ўзбек тили ва адабиётидан ўқитиб берса. У ерда ўнйиллаб яшаётган оилалар бор ва, афсус, болалари ўзбекчани деярли билмай ўсяпти!” деб армон билан гапириб қолган эди.

Кеча истанбуллик ватандошлардан ҳам айни шундай таклиф тушди: “Болаларимизни тил-адабиёт ва тарихдан ўқитадиган устозлар бўлса, яхши бўларди”, дейишди.

Бу икки ҳодисадан менда бир фикр туғилди. Ҳозир дунёда ўзбекнинг оёғи етмаган мамлакат қолмади ҳисоб. Қаерда Ўзбекистоннинг элчихонаси бўлса, у элчихоналарда шунақа бир мактабни ташкил қилиш керак деб ўйлайман. Элчихоналаримиз ўзлари ишлаётган ўлкалардаги ватандошларимизга эга чиқишса-да, болаларининг таълим-тарбиясини зиммаларига олишса. Ҳеч бўлмаганда, ўзбек тили ва адабиёти ҳамда тарих фанларидан ўқитувчи жалб этиш керак. Шунда иш, ўқиш ва бошқа турли сабаблар билан олисда яшаётганларнинг болаларини ватанга боғлаб туриш мумкин бўларди. Бошқа фанларни ҳар қаерда ўқиса бўлади, аммо тил-адабиёт ва тарих илмини ўзимиздан олмаса, уларни бой бериб қўйишимиз мумкин.

Бу масала Ўзбекистоннинг сиёсати масаласига айлантирилиши мақсадга мувофиқдир.

Нуруллоҳ Муҳаммад Рауфхон

facebook.com