Суиқасд қизғин паллага кирди…

Суиқасд қизғин паллага кирди…
64 views
27 January 2019 - 11:08

Ислом ХОЛБОЙ

Феълим менинг, аъмолим менинг… 

Субҳаноллоҳ, бу не нафси лаим,
Нафсни қўйгил, не азоби алим.
Рўзи учун мунча фусунсозлиқ,
Мансаб учун мунча дағобозлиқ.

Алишер Навоий

Иккинчи боб

Паримомо суяги лаҳатда чириган Ҳуккининг руҳидан мадад сўрагач, ошиқларини сеҳру жоду билан ўради. Унинг ҳийла-найранги беҳад, ичи риёга тўла эди. Касбини собитқадам ўзлаштиргани учун режаси пухта ва пишиқ чиқди. Ошиқлар бир тан-бир жон бўлиб ишга киришдилар. Тонг оқармасдан ниҳояланиши зарур тадбир калхўз жамоаси тақдирини ўзгартирарлик даражада муҳим эди. Оташкесинни бегоналарга билдирмаслик, енг ичида амалга ошириш топширилганди. Бундан жамоа хумкаллаларининг бошлари осмонда эди.

Жодуланган ошиқлар майитни Ҳуккининг кўрпасига ўрадилар. Судраклаб, денгиз кўпиклардек мавжланиб ётган Оқпартовнинг қоқ ўртасига олиб бордилар. Сўнгра сувараклардек уй-уйларига тарқаб кеттилар. Уларга ўзларини ҳеч нимадан хабарсиз кимсалардек тутиш буюрилганди.

Ҳар тонгда Оқпартовдаги “Учлик иттифоқи” секскушхонасига туман марказидан бир дона қирмизи атиргул кўтариб, туман ижроия қўмитаси раисаси Ўғилой Чўвиш келарди. Паримомонинг режаси иш берса, бу ёғига барчасини у давом эттириши лозим эди. Жамоа унинг ноғорасига ўйнаб берса, олам гулистон, маърака қўшиб ёзиш ва сохталаштириш саркитобида битилганидек, поёнига етарди.

…Туман қўмпартияси биринчи котиби қўшни тумандан эди. Ичларидан чиқмаган раҳбарни ёқтирмайдиган маҳаллий халқ шунинг учун ижроия қўмитаси раисасига “ўзимизники”, дея, кўпроқ суянарди. У ҳам ҳар қандай чақириққа “лаббай” деб жавоб берарди. Шу аснода бир муддат олдин иккинчи котиб бўлиб ишлаган Дармон Мадоровичнинг кўнглини овлашга ҳам уринарди. Унинг кўзбойлоғич илон каби аврашларига дош беролмаган раҳбарлар, кези келиб, ўз нафси билан ўзи ўралашганини сезмасдан қолардилар. Дармон Мадорович бошига ҳам бир замонлар шундай кулфат тушганди. Шунинг учун у бугунги кунда раиса маслаҳатисиз қадам ташлай олмасди. Биринчиликка даъвогар кўрилган пайтда тумшуғидан илинганди. Вилоят раҳбари назарида қизиққон ва тадбиркор кўринган Дармон Мадорович Ўғилой Чўвиш учун бурнидан буйда[1]ўтказилган ҳўкиз эди. Ўлжани тўрқовоққа солиб хонакилаштиришда айни чоғда марҳум Қўзи Шишак ҳам ташаббус кўрсатганди. Шохдор Такаев бригадирлик қиладиган ҳудуднинг шинам шийпонида Дармон Мадоровичга тузоқ доналари ташланганда, пахта мавсумининг авж палласи эди. Калхўзга вакил қилинган иккинчи котиб куннинг тенг ярмидан кўпроғини шийпонда ўтказарди. Қорни очқаганда туман марказида жойлашган ижарадаги уйига икки газак[2] бориб, қорнини тўқлаб келарди. Ҳар куни қорни ғамида тўрт бора ўттиз уч чақиримдан, жами бир юз ўттиз икки чақирим йўл босарди. Ўзбекка хос бўлмаган хўрдадонликдан хориждаги бу одат унинг кўнглини овлаш учун мураккабликлар туғдирарди. Фитна уясига айланган дастурхон ўликнинг ҳам димоғини қитиқларди. Таъма билан тузалган ноз-неъматлар остига пистирма қўйиларди. Дармон Мадорович кўк чойдан бошқасига қиё боқмасди. Очликдан силласи қуриганда ҳам уйидан бошқа жойда оғзига туз солмасди. Ўғилой Чўвиш шу боис тишсиз-тирноқсиз арслон ҳолига тушди. Бўлавермагач, у Қўзи Шишакка маслаҳат солди. Улар қатор йиллардан буён дон олишиб юрар, бир-бирларидан яширадиган сирлари йўқ эди. Ҳийла-найрангни дастурхон ҳисобидан амалга оширишдан бошқасига ярамайдиган раис ҳам, тайинли режаси йўқлигини айтиб, узр сўради. Шунда гурунгга гизли қулоқ солиб турган бригада бошлиғи Шохдор Такаев пухта ўйланган режаси борлигини шипшитди. Улар кўкраги остида бир замбилғалтак гўнг ортмоқлаб юрадиган бу ишкамбага қаердан ақл келганига ажаблансалар-да, лом-мим деб ўтирмадилар. Иш бошлаш учун фотиҳа бериб юбордилар.

Шоп мўйловли, қорни кунжара тиқилган қонордек дўппайган Шохдор Такаев айвон пештоқига тақаб кўтарилган ишком тагидаги сояга қўйилган истўлга билакларини чалиштириб ўтирган Дармон Мадоровичга чинни чойнакда чой олиб келди. Сўридан ўттиз қулоч нарида суви зумраддек жимирлаб турадиган ҳовуз бўйида ўн тўрт қулоч чуқурликда қазилган тош қудуқ бор эди. Чашмани тозалаб туриш учун ҳовуз тевараклаб оқтутлар экилганди. Атроф мевали дарахлар билан қуршалганди. Ҳўкиз тилига ўхшаш отизчада[3] анвойи гуллар қийғос очилиб, напармон товланаётган ёрқин ранглар кўзни қувонтирарди. Ўттиз-қирқ қадам наридан кесиб ўтган йўл билан ёнма-ён кетган ариқ рошида саф тортган қоратоллар гуркирарди. Улар қуюқ соя ташлаб, ҳавони намлантирар, намга тўйинган ҳаво ишком остига салқинлик ҳайдарди. Нарида кўз илғамас пахтазор ястанганди. Унда гўнг титаётган қарғалар каби далани босган калхўзчилар ва ҳашарчилар пахта териш билан андармон эдилар. Пахтазор ўртасига қўйилган турнақатор тележкалар устидаги ҳаммоллар тарозидан ўтган пахтани тортиб олиб, тепиб тирбандлаш билан банд эдилар.

Дармон Мадорович ғалвир шиляпасини ўлиб қолса бошидан ечмасди. У чойни пиёлага тангаботар қуйиб қултумлаганди, еган овқати оғзига қайтиб, кекирдагини бармоғи билан эзиб қўйди. Ўзини ўта ҳушёр ва кордон ҳисоблайдиган бу одам бир қултум чойга қўшиб фитна оғусини ичаётганини сезмади. У тумшуғи билан илинганини пайқаганда, йил охирида нақд бўладиган биринчи котиблик билан хайр-маъзурни насия  этиб, бу жойлардан жуфтагини ростлаган бўларди. Наздида порлоқ келажак сари шахдам қадамлаётган бу говкалла оқибати кўнгилсизликлар билан тугаши мумкин кўп вазиятларни хаёлидан соқит этганди. У хотини тайёрлаган таомлардан ташқари оғзига урвоқ ҳам солмасди. Ичадиган сувини ҳайдовчисига опичлатиб юрарди. Шу сувдан қайнаттириб, ўзининг пахта гуллик чинни чойнагидан ўзининг пахта гуллик чинни пиёласига ўз қўллари билан қуйиб ичишни касби мазмунига айлантирганди. Чойни ҳайдовчи дамласа, ишончли бўларди. Аммо унинг кўзини шамғалат этиб, чойнакка бир нима ташласалар, ўзи ўлиб, ҳайдовчиси жавобгар бўлишидан у ҳадиксирарди. Жиноятчининг қутулиб қолиши эҳтимоли унинг кўнглини хижил қиларди. Ўйлашича, қуйи бўғин раҳбарлардан кимнингдир зиммасига бу масъулиятни юклаб, устидан ҳайдовчи назорати ўрнатилса, хавфсизлик даражаси икки ҳисса ошарди. Оқибатидан қўрқадиган маҳаллий раҳбар унинг тақдиридан кўра ўз тақдиридан кўпроқ таҳликада бўларди. У ҳар қандай айб ўз соҳибини муқаррар жазога бошлаб боради, деган ақидани эшитмагани сабаб, жиноятнинг турли хил усуллари борлигини ўйлаб кўрмасди. Биргина еганидан ва ичганидан хавф бўлиши мумкинлигини ўйлагани учун, мулоҳаза этишга фаросати етмасди. Ўзга туманларда шу усул билан ёқмаган раҳбарларни асфаласофилинга жўнатардилар. Бу туманда эса раҳбарни тили қисиқ қилишга уринар, уни жисмонан йўқотишни қўрқоқлик ва пасткашлик аломати деб ўйлардилар. Улар ҳийла ва найранг билан жиловлаган раҳбарларини бадном этишни, эшак қилиб миниб, эл кўзида ўзларини қаҳрамон кўрсатишни ҳаётлари мазмуни сифатида кўрардилар. Буни хаёлига келтирмайдиган Дармон Мадоровичнинг кўз олдида дорга тортилган сиртмоқ гавдаланарди. У сиртмоқ ўрнида Хўжа Насриддиннинг эшагининг думини тасаввур этганида, бойқулободликларнинг феъл-атворини, қош-қовоқлари остига яширинган қувликларини уққан бўларди. Уларнинг ўта соддаликлари очилиб қоларди. Мураккаб қарашлар тақдирини чигаллаштирмасди. Вилоят раҳбари тавсияси билан ҳайдовчиликка олган кимсаси ҳам маҳаллий одамлар орасидан чиққанди. Ўзгачароқ бу юрт одамларининг ўзиникилари ёнида ўзгаларга вафоси йўқлигидан унинг бехабарлиги ақли пишиб-етилмаганидан дарак эди. Аслида унинг ёнида Навоийси йўқлиги манглайининг шўри эди. Жомийси ва Навоийси бўлганда, у Бойқародан кам эмасди. Бойқароси бўлганда, битта элнинг бир-бирига тиш қайрашига ҳожат қолмасди.

 Суиқасд қизғин паллага кирди. Иккинчи котиб ҳайдовчиси Ширбози Тўқлиевнинг ўзи Шохдор Такаевга йўл-йўриқ кўрсатди. Бўлмаса, минг боғ беда, икки юзта сараланган бўрикалла қовун, иккита совлиқ ва битта жондори сур қўчқор эвазига ўртага чиққан бу иш Шохдор Такаевнинг етти ухлаб тушига кирмасди. Ҳийлани ишлаб чиққанда ҳам, ҳайдовчи рўйхушлик бермаса, у қазиган чоҳига ўзи тушиб, қирчиллама қирқ ёшида бемурод кетарди. Ейиш-ичиш ва фоҳишабозликдан бошқасига ярамайдиган Шохдор Такаевнинг бошига бу фикр қаердан келганига Ўғилой Чўвиш ҳайрон эди. “Кесакдан ўт чиқди”, деган раис ҳам чиқмаган жондан умид зайлида иш кўрарди. Шоп мўйловли, бурни паловкадидек келадиган бригадир эса, янги қирраси очилаётганидан ўзини қайга уриб ўлишни билмасди. Қанорқопдек қорнини кўкраги остида дўмира қилиб кўтариб юрадиган бу одам, аслида, сўлоқмоннинг сўқисидай келадиган абзали орқасидан обрў орттирганди…

…Барчаси бир неча йил аввал содир бўлди… Бу ҳақда хуфияларидан эшитган Ўғилой Чўвиш уни кўзи остига олганди. Бўлмаса, ҳар саҳар сўфи кетини ювмасдан, у ўттиз уч чақирим йўл босиб, калхўз раиси Қўзи Шишакнинг ётоқхонасига бостириб келмасди. Устидан кўрпасини тортиб, унга дўқ-пўписа қилмасди. Шундай пайтларда эрига орқасини тўнкариб ётадиган хотин шоғол оғзидан тушган она товуқ сингари ётоқхонасидан чиқиб қочарди. Этигидан бошқасини ечишни билмайдиган эр жонивор юз-бетини чала-чулпа ювиб, Ўғилой Чўвиш билан пахта далаларини айлангани чиқарди. Ўғилой Чўвишнинг довруғи вилоятга кетган Шохдор Такаевни кўзлаб келганини раис яхши англаса-да, унда ўзининг кўнгли борлиги учун Шохдор Такаевга яқинлаштиригиси келмасди. Шаддодликда Фиръавнга, айёрликда Клеўпатрага дарс берадиган Ўғилой Чўвиш бу масалада иккиланмаганида, унга бир чўқиш билан “кишт” берарди. Эскилик сарқити ҳисобланмиш Шохдор Такаевнинг шоп мўйловигина унинг шаҳдини сусайтириб турарди, холос. Шу тўсиқни бригадир бир белкурак ахлат каби бурнини тагидан қиртишлаб олиб, чиқиндихандаққа ирғитганида, ишлар бошқача кечарди. Уни раиснинг ўзига чақиртириб, қорин полвонни икки харсангтошни кўтариб турган ёғлиқ тўши остига босарди-қўярди.

Емаган сомсасига пул тўлайвериб жонига теккан раис ахийри юрак бетлаб, хотинига шу масалада маслаҳат солди. Ич-этини еб, дамини ютиш жонига теккан Нусхагул эрига муаммонинг осон йўлини кўрсатди…

…Эрини умрида илк даъфа ечинтириб, товонидан энсасигача уқалаган Нусхагулнинг қулоғига одатдагидай тонг саҳарда оёқ товушлари чалинди. У тўладан келган қадди-қоматига мос тушмайдиган чаққонлик билан эшикдан сирғалиб чиқиб, қазноққга кириб кетди.

– Молга ўхшаб ҳалиям ётипсанми? Пахта нима бўлди? – дея важоҳат билан ётоқхонага уриб кирган Ўғилой Чўвиш бошини буркаб ётган раиснинг устидан бахмал кўрпани тортиб, бир четга улоқтирди. Унинг қип яланғоч ётганини кўргач: – Юзинг қурсин! – дея икки кафтини юзига босди, ҳушини йўқотиб, яшин урган мисол ўрнида серрайиб қолди.

Фурсатни қўлдан бой бериш битимга хиёнат эканлигини англаган Қўзи Шишак унинг этагидан икки қўллаб ушлаб, тўшагига тортди. Бўри қўйни ортмоқлаган каби бошидан ошириб тагига босди. Юбкасини кўтариб, резинкаси бўшаган ичкисини тиззасигача туширди. Ўғилой Чўвишнинг чарм этик кийган оёқлари ички-пичкиси, чулки-пулкиси билан ҳавога кўтарилди. Қўзи Шишак уларни унинг юзларини яшириб турган кафтларига қўшиб манглайига қапиштирди. Сўнгра… Қозиқда пишқириб ётган айғирнинг ҳам бунчалар тезхон эмаслигидан лол-ҳайрон Ўғилой Чўвиш азбаройи қийқириб юбормаслик учун қўлини тишлади. У эшик тирқишидан “Секс” театрининг “Қовушиш” спектаклини куйикиб томоша қилаётган Нусхагулни пайқамаганди. Пайқаганида, эрининг орқа-бўйнини силаб, занжирдаги итдек хезлаб қўйган мегажиннинг ҳийла-найранги ўзиникидан қолишмаслигини англарди. Роса қирқ дақиқа ўтгач, Қўзи Шишак бўкириб, хуморига чидолмасдан, Ўғилой Чўвишнинг кўйлаги тагига бошини тиқди. У ҳансираб, полизга тушган ўғри каби ҳавога тўймасди. Балчиққа ботган тўнғиздек хирилларкан, унинг димоғига ўлиб қолган каламуш ҳидига ўхшаш қўланса ҳид урилди. У умри бино бўлиб дунёда бунақа бадбўй ҳид борлигини хаёлига келтирмаганди. Кўнгли беҳузур бўлганидан ошқозони келиб бўғизига тиқилди, ўқичиқ тутиб, кучала еган ит каби чиранди. Ўғилой Чўвишнинг икки кўкси орасига қусганида ичак-чавоғи йиртилгудек бўлди. Чидай олмагач, сакраб турдию, илгаги солинган дераза равоғини синдириб, уйнинг орқасига отилиб чиқди. Чиқа-сола ўзини лойхандақдаги сувга ташлади. Руҳиятини ароқхўрнинг ланжлигига менгзаш лоҳаслик эгаллаб, унинг хумори қўзиган банги каби жони ўзига ортиқча туяла бошлаганди.

Шафақнинг оч-қизғиш нурлари ниш ура бошлаган дамлар эди. Қудуққа сувга чиққан укасининг хотини икки билагига икки челакни илдириб, “Омон ёр, ўйнасангчи-ҳей, омон ёр, Куйганни куйласангчи-ҳей, омон ёр” дея хиргойи қилиб келарди. Қундузни ютган илон сингари сувдан бошини чиқариб ўтирган қайнағасига кўзи тушгач, у челакларни отиб юбориб, дод-вой солганча орқасига қарамай қочди. Даранг-дурунгни эшитган Қўзи Шишак, қўққисидан тирилган мурдадек, кўзларини, ялт этиб очди. Ҳар ёнга аланглаб, тўнғич ўғли Қорёғдига кўзи тушди. Ҳожатга чиққан Қорёғди, отасини ўлган деб ўйлаб, турган жойида қотиб қолганди. Отаси қимирлагач, у тиши суғурилган бемордек чинқириб юборди. Ҳушёр тортган Қўзи Шишак тура-сола, икки қўллаб олдини ушлаб, супага қараб отилди. Деразадан боши билан ўмбалоқ ошиб, ётоқхонасига тушди.

 Ўғилой Чўвиш кетгач, эшик тирқишидан пойлаётган Нусхагул ҳам арвоҳга йўлиққан мушук сингари қазноқдан югуриб чиққан, у ҳам қўлансага дош беролмаганди. Жийда гуллик кўйлагининг этаги билан оғзи-бурнини ёпганида ҳам, уни ҳид кўринмас қора илондек бўғарди. У девор ёриғига суқилган ўроқни қўлига олиб, тўғри гулотизга борди. Райҳон гулларни саралаб ўриб, бир қучоқ қилиб ётоқхонага олиб кириб, уй юзига ёйиб ташлади. Ўт ўчирувчилар каби сергак ва довюрак Нусхагул бу билан чегараланмади. Ўчоқда ярим қўлтиқ ғўзапоя ёқиб, белкурак юзидаги лахча чўғга икки даста исириқ солди. У ётоқхонага исириқ тутатиб кирганда, сутга тушган сичқондек қип-яланғоч эри ҳам уриб кирди.

– Ҳаром ўлгур байталнинг ичида тимсоҳ ўлганми, дейман?! Одамнинг юзига боқиб, ичидагини билиб бўлмас экан! – деди у.

– Гапирма! – деди эри ҳам, эсласа, ўзини ташлаб юборадигандай кафтини пешонасига босиб, уф тортаркан.

Нусхагул унинг атрофидан айланиб исириқ тутатди. Эри унга қарама-қарши айланарди. Кўнгли тўлмаган Нусхагул уни тўхтатиб, икки кифтидан босиб, турган жойига бақадек ўтқазди. Белкуракни эрининг тагида беш лаҳза ушлаб турди. Ёввойи чангалзорда адашган тутунлар ўйинқароқ қуёнлардек буралиб-буралиб юқорига кўтариларди. Қўзи Шишак хотинининг фаросатига қойил қоларкан, “Минг офарин!”, деб юборганини билмай қолди.

(Давоми бор)

[1] Буйда – ҳалқа, илмоқ.
[2] Газак – марта.
[3] Отизча – кичикроқ томорқа.

islomxolboy.blogspot.com